Чоп этиш версияси  

Муқаддас бурч шарафи

Ватан – ҳар бир қарич ери азиз, қадрдон ва жонажон маскан! Юртнинг асл ўғлонлари – Ватан ҳимоячиларининг ўз оромларидан кечиб, ана шу қутлуғ маскан сарҳадларини сергаклик билан ҳимоя қилаётганликлари туфайли бугун ҳаётимиз тинч, осмонимиз мусаффо, кўнгиллар хотиржам. Шу боисдан ҳам 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунини мамлакатимизда ҳар йили байрам сифатида катта тантана билан нишонлаш ўзига хос анъанага айланган.

Айни кунларда юртимизда Ўзбекистон Қуролли Кучларининг йигирма беш йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланмоқда. Вилоятимизда ҳам мазкур санага бағишланган байрам тадбирлари кўтаринки руҳда ўтказилмоқда.

Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган тадбирлар Амир Темур мақбарасида Қуръон тиловати ва Соҳибқирон ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиш билан бошланди. Шундан сўнг вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари, Самарқанд гарнизони ҳарбий хизматчилари, Қуролли Кучлар фахрийлари Ҳазрати Хизр мажмуасига ташриф буюриб, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Байрамнинг асосий тадбири Самарқанд концерт залида бўлиб ўтди. Вилоят ҳокими Х.Оқбўтаев ҳарбий хизматчилар ва байрам қатнашчиларини Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг йигирма беш йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан табриклади. Миллий армиямизни мустаҳкамлаш, жанговар шайлигини ошириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларга тўхталди.

Таъкидланганидек, мустақиллик йилларида Қуролли Кучларимиз босқичма-босқич тизимли равишда шакллантирилди. Юрт хавфсизлигига қарши қаратилган таҳдид ва хатарлар, айниқса, халқаро терроризм, экстремизм ва оммавий қуролларнинг тарқалиш хавфи каби омиллар ҳисобга олинди. Пировардида, миллий армиямиз моддий техник базаси тубдан янгиланиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Миллий армиямиз давлатимиз суверенитети, халқимиз тинчлиги ва осойишталигининг ишончли кафолатига айланди, ўз нуфузи ва ўрнига эга бўлди. Ватан олдидаги йигитлик бурчини ўташ фуқароларимизнинг конституциявий бурчигина эмас, шарафли ишига айланди. Халқ ва армия якдиллиги янада кучайди. Ҳар бир фуқаро қалбида ўз озод ва обод Ватанидан, халқимизнинг тинч, фаровон ҳаётидан, яратувчанлик меҳнатидан фахрланиш ҳиси қарор топди.


Шунингдек, ҳарбийларимизнинг ижтимоий муҳофазаси ва улар учун қулай шароит яратишга катта эътибор қаратилмоқда. Вилоятимизда ҳам ҳар йили ҳарбий хизматчилар учун янги маҳалла марказлари, янги уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда. Ўтган 2016 йилда Ургут ва Тайлоқ туманларида замонавий маҳалла марказлари, ҳарбийлар учун янги уй-жойлар барпо этилди.

Ватан ҳимоячиларининг доимо давлатимиз эътиборида эканлиги уларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ва рағбатларда ҳам яққол намоён бўлмоқда. Бугунга қадар юртимизда «Мустақиллик», «Амир Темур», «Жалолиддин Мангуберди» орденлари, «Жасорат», «Содиқ хизматлари учун» каби медаллар таъсис этилган.

Қуролли Кучларимизнинг 25 йиллиги муносабати билан Президентимиз фармонига кўра, «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил» эсдалик нишони таъсис этилиши ҳам бу эзгу ишларнинг узвий давоми бўлди.

Байрам тадбирида давлатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва миллий армиямизни барпо этишга салмоқли ҳисса қўшган ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар фахрийлари ва хизматчиларининг бир гуруҳига ана шу эсдалик нишони тантанали равишда топширилди. Шунингдек, хизматда фидойилик кўрсатган ҳарбийлар вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

– Бу мукофот ҳар бир Ватан ҳимоячисини ғурурлантириш билан бирга зиммасига янада катта масъулият юклайди, – дейди майор Б.Ортиқов. – Келгусида ҳам ана шу масъулиятни ҳис этиб, халқ ишончини оқлаб, юртим тинчлиги йўлида сидқилдан хизмат қиламан.

Тантанали маросим катта байрам концерти билан якунланди.

Ғолиб АБДУСАЛОМОВ,

«Зарафшон» мухбири


Киритилган вақти: 14/01/2017 17:54 Кўрилганлиги: 155
 
Қидириш
Жами мурожаатлар: 1393 (100%)
Кўриб чиқилган: 1169 (84%)
Кўриб чиқилмоқда: 224 (16%)
 
Вилоят ҳокимлигининг умумий бўлими
 
 
 
mail@samarkand.uz
 
 
Электрон давлат хизматлари

Электрон давлат хизматлари
Очиқ маълумотлар
Онлайн тизимлар




 
 
 

    Сайтга баҳо беринг

Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 2
Мехмонлар: 5
 
Яндекс.Метрика
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг