Бош саҳифа / Вилоят ҳокимлиги / Пресс-релизлар / “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказиладиган маданий-маърифий тадбир
  Чоп этиш версияси  

“Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказиладиган маданий-маърифий тадбир

П Р Е С С – Р Е Л И З

Самарқанд вилояти, 2016 йил 23 июль

23 июль куни Самарқандда оммавий ахборот воситалари ходимлари, ноширлар, ёзувчи ва шоирлар, мусаввирлар, рассомлар, ҳайкалтарош ва ҳунармандлар иштирокида “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида маданий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбир вилоятнинг Нуробод туманида жойлашган Ҳазрати Довуд зиёратгоҳига саёҳат билан бошланди. Иштирокчиларга зиёратгоҳда кейинги йилларда амалга оширилган кенг кўламдаги қурилиш-бунёдкорлик, ободончилик ишлари тўғрисида ҳикоя қилиб берилди. Тадбир иштирокчилари, айниқса, Тошкентда яшаб, ижод қилаётган 30 нафар самарқандликлар ярим йил ичида кўркам қиёфа касб этган ушбу масканни зиёрат қилиб, бунёдкорлик ташаббускорларига таҳсинлар айтдилар.

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари Самарқанд шаҳридаги Кўксарой майдонида ташкил қилинган китоб ва газеталар кўргазмасини томоша қилиб, рассом ва ҳунармандларнинг ижод маҳсулидан баҳраманд бўлдилар. Шеърият ихлосмандлари шеърхонликдан баҳраманд бўлдилар.

Самарқандлик ижодкорлар – Комилхон Каттаев, Жумагул Сувонова, Исомиддин Пўлатовнинг яқинда нашрдан чиққан китоблари тақдимоти тадбир иштирокчилари томонидан қизғин кутиб олинди.

Шунингдек, соҳалар бўйича фаол меҳнат қилаётган, амалга оширилаётган ислоҳотларни фаол ёритаётган бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари ходимлари рағбатлантирилди.

Яқинда ишга туширилиб, бугунги кунда минглаб китобсеварларнинг севимли масканига айланган “Самарқанд китоб олами” мажмуасида ўтказилган тадбирлар ҳам иштирокчиларнинг эътиборини тортди, Президентимиз раҳнамолигида юксак маънавиятли ва интеллектуал салоҳиятли авлодни камолга етказиш, ёшларда Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини янада кучайтиришга қаратилаётган доимий эътиборнинг юксак самаралари эътироф этилди.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги маданий-маърифий тадбир иштирокчилари учун шаҳарда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан таништириш мақсадида пресс-тур ташкил этди. Самарқанд шаҳар ҳокими Акбар Шукуров Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги байрами арафасида шаҳардаги 25 кўчада қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани, йил охиригача эса 33 та кўча таъмирланиши ва бошқа ободонлаштириш ишлари ҳақида батафсил ҳикоя қилиб берди.

Тадбир доирасида буюк муҳаддис Имом Бухорий мажмуасига зиёрат уюштирилди.

Жомбой тумани Бешбола мажмуасида бўлиб ўтган учрашувда вилоят ҳокими З.Мирзаев вилоятда амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллигини муносиб кутиб олиш борасидаги бажарилаётган юмушлар, бунда ижодий жамоаларнинг ҳиссаси ҳақида батафсил тўхталди. Бу борада фаоллик кўрсатаётган бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари ходимлари, Бадиий академия ва Ёзувчилар уюшмаси аъзолари вилоят ҳокимининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.

Вилоятда 2 та телевидение, 1 та радио фаолият кўрсатмоқда. 3 та вилоят газетаси 3 тилда чоп этилмоқда. 16 та шаҳар-туман ҳокимликлари нашрлари,  10 та тармоқ ва идоравий, 21 та хусусий газета, 6 та журнал бор.

1991 йилда 19 та оммавий ахборот воситаси - 16 та газета, 2 та журнал, 1 та телевидение фаолият кўрсатган. Бугун уларнинг сони 56 тага етган. Соҳада 300 нафарга яқин журналист бўлган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 500 нафардан кўпроқни ташкил этмоқда. “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари таҳририяти қошида 10 йилдан буён “Журналистик маҳорат мактаби” фаолият кўрсатмоқда.

Шаҳар-туман газеталарининг деярли барчаси А2, яъни катта форматда, рангли чоп этилмоқда. 

Яқин ўн йилларда битта газетани чоп этиш учун камида 50 киши техник ишларни бажарган бўлса, бугунги кунда бу ишни 6-8 киши уддалаяпти. Битта газетанинг матнини териш, саҳифалаш, қўрғошин қолипга олиш ва чоп этиш учун камида 8 соат вақт керак бўлган. Ҳозир бу юмушларни кўпи билан уч соатда бажириш имконияти мавжуд.

Босма нашрларнинг бир марталик адади ўртача 7500-8000 нусхани ташкил этади. Нафақат адад, балки нашрларнинг сифати ва мазмуни ҳам яхшиланиб бормоқда.

Шаҳар-туман газеталари муҳаррирларининг 10 нафари маҳаллий кенгашларга депутат.

1990 йилда вилоятда нашриёт бўлмаган. Бугун 2 та давлат нашриёти ишлаб турипди.

1991 йилда битта босмахона фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунда матбаа корхоналари сони салкам 90 тага етди. 3 та йирик босмахона замонавий полиграфия ускуналаридан фойдаланган ҳолда фаолият кўрсатмоқда. Бошқа вилоятларнинг 22 та газетаси Самарқандда чоп этилади.

Самарқандлик бир гуруҳ ижодкорлар томонидан 1989 йилда илк бор кўрсатувлар тайёрлашга уринишлар бўлди. Ўша даврда вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий ҳаётига оид кўрсатувлар Чўпонота радиоэшиттириш ва телекўрсатувларни эфирга узатиш марказидан оддий видеомагнитофонлар орқали телетомошабинлар ҳукмига ҳавола этилган.

1991 йилда монтаж ва эфир учун узатиш аппаратлари келтирилди. Ўша йили 6 июндан бошлаб вилоят телевидениесида ҳафтанинг душанба, чоршанба ва жума кунлари 3 соатлик кўрсатувлар тайёрланиб, эфирга узатилган.

Вилоят Телерадиокомпанияси қарийб бир йилдан буён барча шарт-шароитга эга бўлган янги бинода фаолият кўрсатмоқда. Теле ва радиостудиялар, кенг ва иссиқ иш кабинетлари, замонавий техник жиҳозлар теле ва радио ижодкорларнинг эфир вақтини суткада 18 соатга етказишга замин яратди.

СТВ телеканалининг кўрсатувлари ҳам томошабинлар қалбидан чуқур жой олиб, аудиторияси кенгайиб бораётгани эътиборга молик.

Республика газета-журналлари, радио ва телевидение каналларининг 60 нафарга яқин вакиллари вилоятда эришилаётган ютуқларини кенг ёритишда жонбозлик кўрсатмоқда.

Самарқандлик журналистларнинг 7 нафари “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонига сазовор бўлган. Ҳар йили икки-уч нафар ижодкор давлат мукофотлари билан тақдирланмоқда.

Самарқандлик ижодкорлар “Олтин қалам” Миллий мукофотининг турли номинациялари бўйича 10 марта мукофотланган.

2016 йилда анъанавий тарзда ўтказиладиган “МТРК соврини” кўрик-танловининг “Энг яхши теледастур” номинациясида вилоят телерадиокомпаниясининг “Тамаддун бешиги” кўрсатуви бош совринни қўлга киритди.

Самарқандда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 22 нафар аъзоси ижодий фаолият билан шуғулланмоқда. Уларнинг 3 нафари Давлат мукофоти билан тақдирланган.

Ҳар йили самарқандлик ижодкорларнинг 30 га яқин китоблари чоп этилмоқда. Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан кейинги йилларда Ватанимиз мустақиллиги байрами арафасида самарқандлик ижодкорларнинг тўпламларини нашр этиш анъанага айланди.

Вилоятда Республика Бадиий ижодкорлар уюшмасининг 82 нафар аъзолари фаолият кўрсатмоқда. Вилоятида 43 нафар ранг-тасвир ва график рассомлар, 15 нафар ганчкор ва 11 нафар кулолчилик усталари фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 2 нафари Ўзбекистон Бадиий академиясининг ҳақиқий аъзоси -  академик ҳисобланади. 10 нафар ижодкорлар Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан таъсис эътилган олтин ва кумуш медалларга сазовор бўлган. “Чорсу” галереясида ҳар йили 15 дан ортиқ кўргазмалар ташкил этилаяпти.

Вилоят рассомларига йил давомида 190 га яқин буюртма келиб тушган бўлса, шу кеча-кундузда буюртма асосида вилоят ташкилотлари учун 60 тадан кўпроқ ранг-тасвир ва бадиий асарлари яратилди.

***

Самарқанд шаҳрида 50 та, узунлиги 66,3 км кўчани байрамга тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Шаҳарда 857 та кўча мавжуд бўлиб, 539 км масофани ташкил этади. Шундан 130 км қисми ёки 38 таси шаҳарнинг марказий кўчалари ҳисобланади. Ушбу кўчаларда 3250 та турар, 1527 та нотурар жой бинолари мавжуд. 1742 та (59 фоиз) турар, 854 та (58 фоиз) нотурар жой бинолари ва улар атрофида замонавий архитектура талабларидан келиб чиқиб, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Кўчаларнинг икки томонида жойлашган 285 минг 840 м2 биноларнинг фасад қисми таъмирланаяпти, ҳозиргача 154 минг 452 м2 ишлар якунланди.

Кўчаларда таъмирлаш ишларини олиб бориш билан бир қаторда табиий газ, ичимлик сув қувурларини ҳамда электр симёғочларни ҳам алмаштириш ёки янгидан ўрнатиш режага киритилган.

Ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилаётган кўчаларда 1100 дона манзарали дарахт кўчатлари экиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунгача 450 донаси ўтказилди. Кўчалар атрофидаги 61 та ноқонуний қурилишлардан 38 таси бузиб ташланди.

***

Ҳазрати Довуд зиёратгоҳида 2015 йил сентябрдан бошлаб вилоят ҳокимлигининг ташаббуси билан катта ҳажмдаги қурилиш-бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Самарқанд-Қарши магистрал йўлидан Ҳазрати Довуд олиб борувчи 6 километр йўл текисланиб, асфальтланмоқда. Айни пайтгача зиёратгоҳ ҳудудидаги ички йўлнинг 650 метрига асфальт ётқизилиб, йўл четида 600 метрлик перила ўрнатилди. Оқсой қишлоғидан зиёратгоҳгача бўлган йўлнинг 2 километр қисми асфальтланди.

Зиёратгоҳдан тоғ тепасидаги ғорга кўтариладиган 1300 дан ортиқ зиналар 3 метрга кенгайтирилиб, замонавий ва қулай тарзда қурилди, перилалар ўрнатилди. Ҳар 100 та зинадан кейин ён томонларда зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида ўриндиқлар ўрнатилди, чиройли дўкончалар қад кўтарди.

Зиёратгоҳ ҳудудида дам олиб, ҳордиқ чиқариш учун  тадбиркорлар томонидан  25 та айвон, 1 та нонвойхона,  8 та дўкон, 2 та маиший хизмат кўрсатиш нуқтаси, салқин ичимликлар ва ширинликлар, рўзғор буюмлари, совғалар сотиладиган 14 та дўконлар қурилди. 50 ўринли меҳмонхона бунёд этилмоқда. 2 та ҳожатхона ва таҳоратхона ишга туширилди. 125 дона ёғоч  кароватлар ўрнатилди.

Ҳудуднинг тоза-озодалигини сақлаш, орасталигини таъминлаш мақсадида 600 метрли зинали йўлак ва 600 метрли доимо мусаффо, тоза булоқ суви оқиб турадиган бетон канал қурилди. Савдо-маиший хизмат кўрсатувчи нуқталар, аҳоли дам оладиган манзилларга 1,5 километр юқоридаги тоғдаги булоқлардан тоза ичимлик суви тортиб келинди. 700 метрлик масофага канализация қувурлари ётқизилиб, 200 метр куб ҳажмга эга бўлган чиқинди тўпланадиган иншоот қурилди.

Тоғ тепасидаги ғорга олиб чиқувчи зиналар бошланадиган манзилга катта шийпон ва дўкон бунёд этилиб, унинг қаршисидаги бинонинг 48 квадрат-метрли деворига Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, мусаввир Нуриддин Калонов  мўйқаламига мансуб бўлган “Ҳазрати Довуд зиёратгоҳи” деб номланган  маҳобатли ранг-тасвирли  композицияси манзараси туширилди.

Зиёратгоҳ ҳудудига 600 тупдан ортиқ турли хилдаги  арча, каштан,қайрағоч, тут, гилос, ўрик ва бошқа турдаги  мевали ҳамда манзарали  дарахт кўчатлари экилди.

Ҳудудга экилган 10.000 тупдан ортиқ турли турфа рангдаги анвойи гул ва райҳонлар унинг чиройига янада чирой бахш этган.

***

“Самарқанд китоб олами” мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Президенти асарлари жамланган “Президент асарлари билимдони” бўлими, “Сиёсий-ҳуқуқий китоблар” бўлими, қироатхона, вертуал китоблар маркази, “Хорижий нашрлар зали”, “Болалар зали”, асосий зал ҳамда замонавий услубда “Book cafe” ташкил қилинган.

2500 минг номдаги 50 000 мингдан зиёд китоб жой олган. 30 та нашриёт билан ҳамкорлик ўрнатилган, 42 нафар муаллиф билан ҳамкорлик шартномаси тузилган.

Мажмуада ёш оилалар, ота-оналар учун ҳам қулайликлар яратилган. Турли ўйинчоғу қўғирчоқлар билан тўлдирилган махсус бурчак болажонлар ихтиёрида.

Бўлим пештахталарида ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этилган эртаклар, бўяш китоблари, энциклопедиялар, ўйинли нашрларни топиш мумкин. Бу ерда кўзи ожиз болалар учун брайл ёзувидаги эртак ва бадиий китоблар ҳам бор. Ушбу шинам, кенг ва ёруғ хонада болажонларнинг китоблар билан танишиши, мутолаа қилиши учун қулай шароит яратилган.

Ушбу мажмуа майдони 780 кв.м бўлган, шу пайтгача самарасиз фойдаланиб келинаётган савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ўрнида ташкил этилди.

Мажмуада қурилиш ва таъмирлаш ишларини олиб бориш мақсадида тадбиркор томонидан 650 млн. сўм маблағ сарфланди. 150 млн сўмлик жиҳозлар олиб келиб ўрнатилди.

Мажмуага жами 22 нафар ходимлар ишга қабул қилинди. Ишчиларнинг асосий қисми ёшларни ташкил этади, 3 нафари 5 та хорижий тилларда эркин гаплашади.

“Самарқанд китоб олами” мажмуаси шаҳарнинг энг марказий ҳудудида жойлашган. Шахсий транспорт воситасида ташриф буюрувчилар учун барча шароит яратилган, ҳудуддаги кўчалардан йигирмадан ортиқ жамоат транспорти маршрутлари ўтган.

Мажмуа жойлашган ҳудуддан 2 километр радиусда Самарқанд шаҳридаги 6 та олий ўқув юртлари, 3 та академик лицей, 3 та касб-ҳунар коллежи, уларнинг қарийб 2500 ўринли 8 та ётоқхоналари, 4 та мактаб, 50 дан ортиқ корхона-ташкилотлар ҳамда 420 та хонадондан иборат 10 та кўпқаватли уйлар жойлашган.

Қўшимча маълумот олиш учун:
Телефон: (366) 235-63-80
E-mail:sampressa@inbox.uz


Киритилган вақти: 25/07/2016 17:02 Кўрилганлиги: 331
 
Қидириш
Жами мурожаатлар: 1416 (100%)
Кўриб чиқилган: 1169 (83%)
Кўриб чиқилмоқда: 247 (17%)
 
Вилоят ҳокимлигининг умумий бўлими
 
 
 
mail@samarkand.uz
 
 
Электрон давлат хизматлари

Электрон давлат хизматлари
Очиқ маълумотлар
Онлайн тизимлар




 
 
 

    Сайтга баҳо беринг

Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 2
Мехмонлар: 8
 
Яндекс.Метрика
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг