Бош саҳифа / Вилоят ҳокимлиги / Вилоят ҳокимининг маърузалари / Самарқанд вилояти ҳокими З.Т.Мирзаевнинг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма уч йиллиги муносабати билан ўтказилган асосий байрам тадбиридаги ТАБРИК СЎЗИ
  Чоп этиш версияси  

Самарқанд вилояти ҳокими З.Т.Мирзаевнинг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма уч йиллиги муносабати билан ўтказилган асосий байрам тадбиридаги ТАБРИК СЎЗИ

Самарқанд шаҳри, “Мўъжиза” амфитеатри, 2014 йил 31 август

Ассалому алайкум, қадрли дўстлар!

Азиз юртдошлар!

Жонажон юртимизда нишонланадиган байрам ва қутлуғ саналар жуда кўп. Лекин Мустақиллик айёми ўзининг ўрни ва аҳамияти билан бошқаларидан алоҳида ажралиб туради ва юксак қадрга эга.

Барчамиз учун қадрли бўлган мазкур санани жонажон Ўзбекистонимиз номини мустақил мамлакат сифатида дунёга танитган, халқимизга эркинлик олиб келган, эзгу қадрият ва ўлмас анъаналаримизни тиклашга замин яратиб берган энг улуғ, энг азиз байрам сифатида юксак кўтаринкилик билан ўтказиш анъанага айланган.

Мустақиллигимизнинг ўтган 23 йили тарихан қисқа вақт бўлишига қарамасдан, мамлакатимизда асрларга татигулик янгиланиш ва ўзгаришлар амалга оширилгани айни ҳақиқат.

Истиқлолнинг дастлабки йилларида ёш республика аҳолисининг қандай қийинчиликларга дуч келгани, қандай ташвишларни бошидан ўтказганини кекса авлод вакиллари жуда яхши эслашади.

Собиқ иттифоқдан мерос бўлиб қолган ижтимоий муаммолар, оғир шароитда турмуш кечираётган халқни эртанги ёруғ кунларга ишонтириш, юксак марралар сари бошлаш йўлидаги тинимсиз изланишлар самарасида Муҳтарам Юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳбарликларида ишлаб чиқилган ривожланишнинг “ўзбек модели” бугунги кунда нақадар тўғри танланган йўл эканлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.

Ислоҳотлар самарасида мамлакатимиз пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олган, қолоқ аграр республикадан саноати тез суръатлар билан ўсиб, иқтисодий қудрати юксалиб бораётган давлатга айланди.

Мамлакатимиз ҳаётида рўй бераётган ўзгаришлар, янгиланиш ва эришилаётган муваффақиятларни кўрган ҳар бир инсоннинг кўнглидан “Ким эдигу, ким бўлдик?” деган ҳаётий савол ўтиши табиий.

Узоққа бормайлик, яқин ўтмишда кўпчиликка ушалмас орзудек бўлиб кўринган уй-жой, енгил автомашина, маиший техника буюмлари ёки ўзининг хусусий корхонасига эга бўлиш бугун оддий ҳолга айланган.

Сўзимнинг исботи сифатида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулотнинг 71,2 фоизи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан яратилаётганлигини таъкидлашнинг ўзи етарли, назаримда.

Қадрли тадбир иштирокчилари!

Бу йил байрам тантаналарига “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” деган эзгу ғоя остида кенг кўламда тайёргарлик ишлари олиб борилди.

Бугун шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасининг кундан-кун чирой очиб бораётгани, қишлоқ аҳолиси учун муносиб турмуш шароитини яратиш истагида намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилаётган шинам уй-жойлар, инфратузилма тармоқлари, маданий-маиший хизмат кўрсатиш бинолари замирида Ўзбекистонда инсон манфаатлари барча нарсадан устун эканлигидан далолат беради.

Дарҳақиқат, инсон ҳаёти ва унинг қадр-қиммати юксак эъзоз топган юртимизда фуқароларимизни, айниқса, ёшларимизни Ватанга муҳаббат, шу заминда яшаган аждодларимиз маънавий меросининг содиқ давомчилари сифатида камол топтириш борасида олиб борилган ҳаракатлар бугун ўзининг дастлабки меваларини бермоқда.

Жорий йилнинг май ойида Самарқанд заминида Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан ўтказилган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро конференцияда мамлакатимиз раҳбари шуни алоҳида таъкидлаган эдилар: “Ўрта асрлар Шарқ тарихи шундан далолат берадики, маданият ва таълим-тарбия, тиббиёт, адабиёт, санъат ва архитектура соҳаларидаги беқиёс юксалиш биринчи навбатда иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқнинг юксак даражада ривожланиши ва нисбий барқарорликни таъминланиши билан бевосита боғланган” - “Агар тинчлик ва барқарорлик бўлмаса, илм-фан соҳасида ҳеч қандай ўсиш, тараққиёт бўлиши мумкин эмас. Қаерда тинчлик ва барқарорлик бўлсагина, илм-фан марказлари, академиялар, олий таълим муассасалари пайдо бўлиши, энг асосийси таълим-тарбия равнақ топиб, унга қизиқиш ва эътибор кучаяди”.

Конференцияда иштирок этган элликдан зиёд мамлакатларнинг етакчи олимлари мазкур фикрни таҳлил қилишиб, юртимизда таълим ва фан соҳасига кўрсатилаётган эътиборни юксак баҳолади ва бунга гувоҳ бўлдилар.

Яратиб берилаётган шароитдан фойдаланиб, чет тили ёки бошқа фанларни мукаммал ўзлаштирган, спортни ўзига дўст қилиб олган ёшларимиз сафи кундан-кунга кенгайиб бормоқда.

Бунинг исботи сифатида вилоятимиз ёшлари орасида 62 нафар номдор стипендиатлар, 25 нафар жаҳон чемпионлари, 60 нафардан ортиқ Осиё чемпионлари, 25 нафар Халқаро ва республика фан олимпиадалари ғолиблари, 200 нафардан ортиқ турли кўрик-танловлар совриндорлари борлигини таъкидлаш ўринли, деб ўйлаймиз.

Яқинда Кореянинг Тэджон шаҳрида математика фани бўйича ўтказилган Халқаро олимпиадада иштирок этган Булунғур туманидаги 15-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси, 14 ёшли Сардор Саидқулов дунёнинг қирққа яқин мамлакатидан қатнашган 70 нафар тенгдошлари ўртасида кумуш медални қўлга киритган бўлса, 14-28 август кунлари Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилган II ўсмирлар Олимпиадасида қатнашган Оқдарё туманидаги 1-сон болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчиси, 17 ёшли Илҳом Баҳромов спортнинг юнон-рум кураши бўйича 50 килограммгача вазн тоифасида олтин медални қўлга киритди ва Олимпиада чемпиони, деган юксак номга сазовор бўлди.

Сизларнинг иштирокингизда уларни яна бир марта табриклаймиз, ота-оналари, устоз ва мураббийларига ана шундай билимли ва забардаст фарзандларни тарбиялаб, вояга етказганликлари учун самимий миннатдорчилик билдирамиз.

Қадрли самарқандликлар, азиз меҳмонлар!

Қурилиш ва бунёдкорлик соҳасида вилоятимизда фаолият юритаётган 1300 дан ортиқ қурилиш ва йўл қурилиши корхоналари фаолияти самарасида биргина шу йилнинг ўтган даврида 1 триллион 400 миллиард сўмлик капитал маблағлар ўзлаштирилиб, 66 та таълим, 12 та тиббиёт, 17 та болалар спорти объектлари, 121 та бошқа соҳаларга тегишли объектлар янгитдан қурилди, капитал ва жорий таъмирланди.

Энг асосийси, байрам арафасида ижтимоий соҳа объектлари билан биргаликда 1127 та намунавий қишлоқ уйлари қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Қишлоқ хўжалигида фермерлик ҳаракати соҳани ҳал қилувчи кучига айланиб, улар томонидан ғалланинг 87 фоизи, мева ва сабзавотнинг 64 фоизи, бошқа озиқ-овқат маҳсулотларининг 71,2 фоизи етиштирилмоқда.

Давлатга дастлаб пилла ва яқинда эса ғалла сотиш бўйича зиммаларидаги шартномани ортиғи билан бажарган деҳқон ва миришкорларимизнинг фидокорона меҳнатлари Муҳтарам Юртбошимиз томонидан юқори баҳоланди ва Ўзбекистон ғаллакорларига йўлланган табрикда вилоятимиз, Иштихон, Пастдарғом ва Нарпай туманлари ва 2 нафар илғор фермерларимизнинг номи алоҳида қайд этилгани барчамизнинг қалбимизда ғурур ва ифтихор уйғотиши билан бирга, бунданда юксак марраларни забт этишга чорлайди.

Яқин кунларда ўзларининг машаққатли меҳнатлари эвазига етиштирилган пахта ҳосилини йиғиб-териб олишга тайёргарлик кўраётган деҳқон ва фермерларимизга, дала заҳматкашларига олдиларида турган юксак хирмонни бунёд этишда куч-қувват ва хирмонларига барака тилаймиз.

Қадрли юртдошлар!

Вилоятимиз миқёсида эришилаётган ютуқларга баб-баравар ҳисса қўшиб келаётган, энг асосийси, юртимиз тинчлиги, чегараларимиз дахлсизлиги, эл-юрт осойишталиги ва фуқароларимиз ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган барча ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамда ҳарбийлар меҳнатини юксак қадрлаймиз.

Уларнинг бугунги кундаги мардонавор хизматлари, она-Ватанни ардоқлаш, унинг ҳар қарич ерини қадрлашдек муқаддас бурчни сидқидилдан адо этаётганликлари натижасида бугун ёшларимиз ўртасида Ватанни ҳимоя қилиш муқаддас бурчга, армия сафида хизмат қилиш эса ҳар бир йигитнинг орзусига айланди.

Мустақил диёримизнинг ҳар бир оиласида соғлом фарзанд дунёга келишини ва унинг соғ-саломат вояга етишини таъминлаш, қолаверса, ҳар бир фуқаронинг саломатлиги учун қайғураётган тиббиёт ходимларининг самарали меҳнатлари натижасида охирги 5 йилда оналар ўлими 1,5 бараварга, болалар ўлими 1,7 бараварга, ногирон болалар туғилиши эса 3 бараварга камайди.

Мамлакатимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шифо масканларини малакали мутахассислар ва замонавий ускуналар билан жиҳозланиши натижасида бугун 34 турдаги мураккаб жарроҳлик операциялари вилоятдаги шифо масканларида амалга оширилмоқда.

Бугун вилоятимизда истиқомат қилаётган юздан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшмоқдалар.

Эгаллаб турган соҳаси ва касбидан қатъий назар, Ватан равнақи йўлида қилинган фидокорона меҳнат албатта рағбат топади.

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида 27 нафар самарқандликлар муҳтарам Юртбошимизнинг Фармонларига кўра Ватанимизнинг юксак унвонлари билан тақдирландилар.

Вилоятимиз вакилларига билдирилган бундай эътибор бутун самарқандликларга кўрсатилган юксак эҳтиром намунасидир.

Фурсатдан фойдаланиб барча мукофотланганларни Сиз, байрам ташкилотчилари ва бутун самарқандликлар номидан табриклаймиз ва ишларига улкан зафарлар тилаймиз.

Азиз самарқандликлар!

Бугунги улуғ айём кунларида барчамизга йўл-йўриқ кўрсатиб келаётган фахрийларимиз, нуроний отахону онахонларимиз, мамлакатимизга ҳар томонлама етук кадрларни тарбиялаб бераётган зиёлиларимиз, ҳурматли ректорларимиз, ўрта махсус ва халқ таълими соҳаси вакиллари, шижоатли ёшларимиз, барчамизга ғурур бағишловчи бинолар, йўллар, замонавий иншоотларни барпо этаётган қурувчилар, йўлчилар, архитекторлар, хуллас, барча соҳа вакилларига юксак ҳурмат ва эҳтиром билдирамиз.

Сиз, азиз тантана қатнашчиларини, Сиз орқали бутун Самарқанд халқини бугунги энг улуғ, энг азиз байрам –Мустақиллигимизнинг 23 йиллиги билан самимий табриклаймиз.

Барчангизга соғлик-саломатлик, оилавий бахт, ишларингизда улкан зафарлар тилаймиз.

Юртимиздаги тинчлик ва осойишталик абадий бўлсин!

Дастурхонларимиздан қут-барака аримасин.

Байрамингиз муборак бўлсин!


Киритилган вақти: 31/08/2014 19:00 Кўрилганлиги: 1519
 
Қидириш
Жами мурожаатлар: 1476 (100%)
Кўриб чиқилган: 1169 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 307 (21%)
 
Вилоят ҳокимлигининг умумий бўлими
 
 
 
mail@samarkand.uz
 
 
Электрон давлат хизматлари

Электрон давлат хизматлари
Очиқ маълумотлар
Онлайн тизимлар




 
 
 

    Сайтга баҳо беринг

Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 2
Мехмонлар: 11
 
Яндекс.Метрика
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг