Бош саҳифа / Вилоят ҳокимлиги / Вилоят ҳокимининг маърузалари / Самарқанд вилояти ҳокими З.Т.Мирзаевнинг Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали тадбирдаги ТАБРИК СЎЗИ
  Чоп этиш версияси  

Самарқанд вилояти ҳокими З.Т.Мирзаевнинг Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали тадбирдаги ТАБРИК СЎЗИ

Самарқанд шаҳри “Мўъжиза” амфитеатри, 2015 йил 19 март

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!

Қадрли тантана иштирокчилари!

Шу кунларда янгиланиш, яшариш ва гўзаллик байрами, дея ном олган, ҳар биримизнинг кўнглимизга баҳорий илиқлик ҳамда гўзалликни олиб кираётган севимли байрамимиз – Наврўз туфайли она-табиат янада чирой очмоқда.

Халқимиз азал-азалдан Наврўзни “Йилбоши” деб бежиз атамаган. Сабаби айнан шу байрам кириши билан дала-даштлар янги қиёфага киради, гўёки кўкламнинг майин шабадаси ҳар биримизнинг кўнглимизга ҳузур бағишлаши билан бирга бутун борлиқни уйғотиб, ғайрат-шижоат бахш этаётгандек.

Халқимиз асрлар давомида одамларни маънан бирлаштирувчи, улар қалбида эзгу фазилатларни янада мустаҳкамловчи, инсонийлик, меҳр-мурувват ғояларини ўзида мужаcсам этган Наврўзни қут-барака ва тўкинчилик байрами сифатида нишонлаб келмоқда.

Яқиндагина 2800 йиллиги нишонланган муқаддас “Авесто” китобидаги манбаларга асосланган ҳолда 3000 йиллик тарихга эга бўлган Наврўзимиз ўтган даврда кўплаб камситишлар, таъқиқ ва таҳқирларни бошидан кечирди.

Мустақилликнинг илк йилларида муҳтарам Юртбошимизнинг саъй-ҳаракатлари туфайли қайтарилиб, кўп мингйиллик тарихга эга бўлган қадриятлар янгитдан қадр топди.

Шундай буюк ҳикмати ва қадриятлари боис 2009 йилда Наврўз ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий мероси рўйхатига киритилган бўлса, 2010 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 64-сессиясида 21 март “Халқаро Наврўз куни” деб эълон қилинди.

Шу тариқа Наврўз бир миллат ёки маданиятнинг байрами сифатида эмас, балки бутун инсоният меросининг бир қисми сифатида нишонланмоқда.

Бугунги Наврўз байрами сайлларида 100 дан зиёд миллат ва элат вакиллари, 10 та миллий-маданий марказнинг фаол иштироки тадбирларнинг ранг-баранглигини таъминлади.

“Мўъжиза” амфитеатрида ҳам 60 дан ортиқ миллат вакиллари, айниқса япониялик тележурналистлар, Ирландия, Финляндия, Франциядан ташриф буюрган азиз меҳмонларимизга миллий қадриятларимизга бўлган юксак ҳурматлари учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Қадрли байрам иштирокчилари!

Наврўзнинг эзгу анъанасидан бири ёши улуғ кишиларни эъзозлаш, уларнинг насиҳатлари, дуолари, энг асосийси, кўп йиллик ҳаёт тажрибаларига суянган ҳолда келгуси режалар учун оқ фотиҳаларини олишдир.

Шу нуқтаи назардан 2015 йилнинг Муҳтарам Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилинганлиги азалий қадриятлар улуғланиб келинаётган Наврўз фалсафасига тўла мос келади.

Табиатда тун билан кун тенглашиб, деҳқончилик, зироатчилик, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига киришилади. Маҳалла-кўй, қўни-қўшни бирлашиб, кўчалар, хиёбонлар тартибга келтирилади, беморлар, кўмакка муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олинади.

Ана шундай тароватли кунларда мамлакатимизда, жумладан, вилоятимизда амалга оширилаётган қурилиш, бунёдкорлик ишлари кўлами кенгайиб, шаҳар ва қишлоқларимиз мутлақо янги қиёфа касб этиб бораётганини алоҳида шукроналик ва ифтихор билан қайд этиш лозим.

Мамлакатимизда аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, қишлоқ халқи учун шаҳардан кам бўлмаган яшаш шароитларини яратиш борасидаги ишлар самарасида ўтган йилларда намунавий лойиҳалар асосида 4500 га яқин уй-жойлар бунёд этилди.

Шаҳарларда 44 та кўп қаватли уй-жойлар қурилиб, ўз эгаларига топширилди.

Ўтган 2014 йилда 189 та ижтимоий соҳа ва ичимлик сув объектлари қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Пайариқ, Ургут, Тайлоқ, Жомбой туманларида маданият ва истироҳат боғлари замонавий лойиҳалар асосида реконструкция қилинди.

Бугунги замон ёшларининг шижоати, ҳаракати ва замонавий ахборот коммуникация соҳасидаги янгиликларни ўрганишга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида вилоятдага олий таълим муассасаларида 11 та хорижий тиллар ўрганилмоқда.

Таълим соҳаси фидоийларининг самарали меҳнатлари туфайли ёшлар орасида 26 нафар халқаро фан олимпиадалари ғолиблари, 163 нафар номдор стипендиантлар, бир нафар Олимпиада чемпиони, 10 нафар Жаҳон, 15 нафар Осиё чемпионлари борлиги барчамизда фахрланиш туйғуларини уйғотиши табиий.

Яқиндагина 8 март байрами арафасида Муҳтарам Президентимизнинг қарори билан берилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари орасида Самарқанд педагогика коллежининг 2-босқич ўқувчиси Рухшона Эргашеванинг ҳам борлиги барчамиз учун бебаҳо совға бўлди.

Қизимизни юксак мукофот билан табриклаб, унинг ота-онаси ва тарбиялаган устозларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Барча соҳаларда бўлгани каби, вилоятимиз иқтисодиётида йилига ўртача 10,5 фоиз ўсиш даражаси таъминланмоқда. Айниқса кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг салмоғи йил сайин ошиб бормоқда.

Зиммасига эл дастурхонини тўкин қилишдек эзгу мақсадни туккан, табиат инжиқликларига қарамасдан юксак хирмонларни бунёд этишга бел боғлаган деҳқон ва миришкорларимиз аллақачон далага чиқиб, ишга киришдилар.

Қарийб 109 минг гектарда ғалла парваришлаётган, 91 минг гектардан зиёд майдонга пахта, 35 минг гектарга мева-сабзавот экиш арафасида турган пок ниятли дала заҳматкашларининг ишларига унум, хирмонларига барака тилаймиз.

Азиз юртдошлар!

Бугун вилоятимизда истиқомат қилаётган 6 200 нафардан зиёд Иккинчи жаҳон уруши қанашчилари ва фронт орти меҳнат фахрийлари, 317 нафар 100 ёшдан ошган табаррук отахону онахонларимиз истиқомат қилишмоқда.

Бугунги даврамизда ёшлари 90 дан ошган Рашид Раҳмонов, Даврон Насруллаев, Рўзи Ҳайитов, Абдулла Қосимов, Ҳабиба Қосимова, Раъно Сайдуллаева, Бахмал Муҳаммадиева, Баҳром Вафоқулов каби нуронийларимизнинг иштирок этаётганлиги, қилинган барча эзгу истаклар рўёбига кўмак бўлади.

Уларнинг дуолари ва кўрсатган йўл-йўриқлари эса келгусидаги улкан режаларимизни амалга оширишда бизга мадад бўлишига сидқидилдан ишонамиз.

Қадрли самарқандликлар ва шаҳримиз меҳмонлари!

Азалдан эъзозда бўлган байрам вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида кенг нишонланиб, сумалак, ҳалиса каби миллий таомлар пиширилиб, элга ош улашилди.

Дастурхон атрофида ёруғ ниятлар қилиниб, тинч замонамизга шукроналик келтирилди.

Фурсатдан фойдаланиб, Сиз – тадбир иштирокчиларини, Сиз орқали бутун вилоятимиз халқини Наврўз байрами билан самимий муборакбод этамиз.

Бугунги кўтаринки кайфият, байрамона руҳ барчангизга йил давомида ҳамроҳ бўлсин.

Тинч, осойишта, тўкин-сочин замонимизга, мусаффо осмонимизга кўз тегмасин. Қилинган эзгу тилаклар ижобат бўлсин.

Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!


Киритилган вақти: 20/03/2015 18:32 Кўрилганлиги: 1572
 
Қидириш
Жами мурожаатлар: 1448 (100%)
Кўриб чиқилган: 1169 (81%)
Кўриб чиқилмоқда: 279 (19%)
 
Вилоят ҳокимлигининг умумий бўлими
 
 
 
mail@samarkand.uz
 
 
Электрон давлат хизматлари

Электрон давлат хизматлари
Очиқ маълумотлар
Онлайн тизимлар




 
 
 

    Сайтга баҳо беринг

Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 9
 
Яндекс.Метрика
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг