Бош саҳифа / Вилоят ҳокимлиги / Вилоят ҳокимлиги иштирокида Халқаро алоқалар / ХАЛҚАРО ИНВЕСТИЦИЯВИЙ ФОРУМ ИШТИРОКЧИЛАРИ САМАРҚАНДДА
  Чоп этиш версияси  

ХАЛҚАРО ИНВЕСТИЦИЯВИЙ ФОРУМ ИШТИРОКЧИЛАРИ САМАРҚАНДДА

Меҳмонлар Самарқанд шаҳридаги “Сино”, “Самарқанд кимё”, “Ховренко номли вино комбинати” ва Самарқанд туманидаги “Оҳалик Ломанн парранда”, шунингдек, “JV MAN AUTO Uzbekistan” ва  “СамАвто” қўшма корхоналарида бўлишиб, уларнинг фаолияти билан яқиндан танишдилар. 

Тақдимотлар давомида форум иштирокчиларини қизиқтирган саволларга мутахассислар ва корхоналар мутасаддилари томонидан атрофлича жавоб қайтарилди.

Меҳмонлар Самарқанд шаҳридаги Регистон ансамбли, Мирзо Улуғбек обсерваторияси, Амир Темур мақбарасига саёҳат қилди.

***

Бугун Самарқанд вилоятида хорижий инвестиция иштирокидаги 351 та корхона фаолият кўрсатмоқда. 2015 йилнинг тўққиз ойида вилоят иқтисодиётига 29,9 миллион доллар миқдорида хорижий инвестиция киритилди. Натижада 16 та корхона ташкил этилди.

Йилнинг уч чораги якунига кўра, вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажми 8 триллион 197 миллиард сўмни ташкил этиб, 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 10,4 фоиз ўсишга эришилди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 114,1 фоизга етди.

Саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури негизида 297 та лойиҳа амалга оширилди ва 6108 та янги иш ўрни яратилди.

         Самарқанд шаҳридаги “Самарқандкимё” акциядорлик жамиятида бугунги кунда қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган икки турдаги – НКФУ (нитрофос) ва NPK (нитрофоска) минерал ўғит ишлаб чиқарилмоқда. Корхона ташкил этилган 1954 йилдан буён тайёрланаётган нитрофос ўғитини ишлаб чиқариш ҳажми кейинчалик қисқариб кетган бўлса-да, 2007 йилда корхонада амалга оширилган модернизация ишларидан сўнг, йилига 203,1 минг тонна маҳсулот ишлаб чақариш имконияти яратилди. Айни пайтда ушбу маҳсулот асосан ички бозор ҳамда Қозоғистон ва Грузия республикалари учун ишлаб чиқарилмоқда. NPK (нитрофоска) эса тўлиқ буюртма асосида тайёрланиб, хорижга экспорт қилинмоқда. 700 нафарга яқин ишчи меҳнат қилаётган корхонада модернизация ишларини давом эттириш ҳамда хорижлик ҳамкорлар билан бирга истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

         – Биз “Самарқандкимё” акциядорлик жамияти мисолида Ўзбекистонда кимё саноати, хусусан, минерал ўғитлар ишлаб чиқариш салоҳияти ғоят юқори эканига гувоҳ бўлдик, – деди “Acciona Infrastructure” компаниясининг Шарқий Европа ва Осиё мамлакатлари бўйича директори Хуан Хосе Фернандес (Испания). – Ўзининг изчил ва барқарор ривожланаётган иқтисодиёти билан дунё сармоядорларининг тобора кўп эътиборини тортаётган Ўзбекистонда барча соҳалар, жумладан, ёқилғи-энергетика тармоғи жуда тез ривожланмоқда, ушбу йўналишда мамлакатингиз билан ҳамкорлик қилиш ниҳоятда самаралидир. Шу мақсадда биз ҳам “Ўзбекэнерго” акциядорлик компанияси билан қатор самарали музокаралар ўтказдик, мамлакатингизнинг истиқболли бозорини чуқур ўрганяпмиз. Келгусида нефть-газ, ёқилғи-энергетика учун ускуналар ўрнатиш соҳасида фаол ҳамкорлик қилишни режалаштиряпмиз. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар жаҳоннинг турли мамлакатларига экспорт қилинаётгани юртингиз саноати салоҳияти муттасил юксалиб бораётганидан далолатдир.

         Самарқанд шаҳридаги “Сино” акциядорлик жамияти бугунги кунда мамлакатимиз ички бозорида юқори сифатли ва импорт ўрнини босувчи бир неча турдаги музлаткич ва кондиционерлари билан ўз ўрнини топиб, экспорт кўрсаткичларини ҳам ошириб бораётган корхоналардан биридир. 2014 йилда бу ерда 13400 дан ортиқ маиший техника ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични уч баробар ошириш кўзда тутилган.

Умуман, корхонада амалга оширилаётган модернизация ва реконструкция ишлари бу ерда йилиги 100 минг дона музлаткич ва 50 минг дона кондиционер ишлаб чиқариш имкониятини беради. Ишлаб чиқарилаётган музлаткич ва кондиционерларнинг олтмишдан ортиқ бутловчи қисмлари корхонанинг ўзида тайёрланаётгани маҳсулот тан нархини арзонлаштириш ва сифати янада ошириш имконини бермоқда. 2013 йилда корхона негизида пенопласт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи  «SinoEcoPlast» МЧЖ ташкил этилди.

         – Мамлакатингизда энг нозик турдаги маҳсулотдан тортиб мураккаб технологик жараённи талаб этувчи барча турдаги товарларни ишлаб чиқариш кенг йўлга қўйилганини кўриб, ҳайратимиз ошди, – деди “DY Panel” компанияси бош менежери ўринбосари Жеонг Мин Сон (Жанубий Корея). – “Сино” акциядорлик жамияти халқаро андозаларга мос, юксак сифатли, рақобатдардош, кенг турдаги музлаткич ва кондиционерлар ишлаб чиқариш бўйича катта тажрибага эга экан. Бу ерда ишлаб чиқариш жараёнига энг замонавий технологиялар жорий этилгани катта самара бераётир. Айниқса, баъзи линияларда Жанубий Кореядан келтирилган илғор ускуналардан фойдаланилаётганини кўриб, фаол ҳамкорлигимиздан жуда қувондик. Ушбу корхонага хорижий инвестицияни жалб этган ҳолда саноат муассасаси фаолиятини янада ривожлантиришга эришиш кўзда тутилмоқда ва бу жуда ажойиб лойиҳа. Компаниямиз ўзбекистонлик ишбилармонлар билан қурилиш материаллари, жумладан, панел ишлаб чиқариш бўйича фаол бизнесни йўлга қўйиш истагида.

         Меҳмонлар Самарқанд шаҳридаги Ховренко номли Самарқанд вино комбинатида ҳам бўлиб, унинг фаолияти билан яқиндан танишдилар. Ўн тўққизинчи асрнинг иккнчи ярмида ташкил этилган корхонада бугунги кунда ўн турга яқин юз номдан зиёд маҳсулот тайёрланмоқда. Комбинат маҳсулотлари “Ўзвинсаноатхолдинг” компанияси тизимидаги ва халқаро миқёсдаги кўплаб танловларда эътироф этилган. Икки юз нафардан ортиқ ходим меҳнат қилаётган корхонада ишлаб чиқариш қуввати йил сайин ошиб бормоқда. Корхона маҳсулотлари ички бозор билан бирга хорижга ҳам экспорт қилинмоқда. Жумладан, жорий йилда 530 минг доллар миқдорида экспорт амалга оширилди.

 

         Самарқанд туманида фаолият кўрсатаётган акциядорлик жамият шаклидаги “Оҳалик Ломанн парранда” Ўзбекистон-Германия қўшма корхонаси вилоятдаги йирик паррандачилик корхоналаридан бири ҳисобланади. Бу ерда 1 миллион 140 минг бош товуқ боқиш имконияти мавжуд. Корхона тухум ва парҳез гўшт тайёрлаш билан бирга, паррандачилик корхоналари учун Ломанн Браун, Ломанн Браун классик, Ломанн ЛСЛ, Ломанн ЛСЛ классик, Ломанн сенди наслли бир кунлик ва парваришланган жўжа етказиб беради.

Жумладан, 2014 йилда ички бозорга 300 минг бош парваришланган жўжа ва 1 миллион 933 минг дона тухум ечиқарилди. Умуман, йил давомида 14 миллиард 334 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Жорий йилда эса бу рақамлар яна ҳам юқори бўлиши кутилмоқда.

         - Самарқанддаги парранда гўшти маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва узумни қайта ишлаш корхоналари билан танишиб, ушбу йўналишларда истиқболли ҳамкорлик қилиш имкониятлари кенг эканига ишонч ҳосил қилдик, - деди “Innocepta Services and Consultante” компанияси директори Дипак Нарейн (Ҳиндистон). - Ўзбекистон улкан сармоявий салоҳияга эга мамлакат. Бу ерга инвестиция киритган ишбилармон, албатта, катта муваффақиятга эришиб, мўл ҳосил олади. Компаниямиз мамлакатингизда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик маҳсулотларини чет элга, хусусан, Ҳиндистонга экспорт қилиш лойиҳасида фаол қатнашиш истагида.

Биз, шунингдек, келгусида мазкур йўналишга катта сармоя киритиб, тўқимачилик корхонаси ташкил этишни режалаштиряпмиз. Форум доирасида ўз жозибаси ва таровати, бой тарихи ва бетакрор маданияти, улуғ алломалари билан бутун оламга донг таратган қадимий Самарқанд шаҳрини кўриш бахтига муяссар бўлганимдан жуда бахтиёрман. Улуғвор мадрасаларни ўзида жам этган Регистон ансамбли чиройига лол қолдим. Буюк давлат арбоби Амир Темур мақбараси ҳам ўзига хос, ғоят мураккаб меъморчилик анъаналарини мужассам этгани билан бизни мафтун этди.


Охирги ўзгариш: 22/12/2015 09:24 Кўрилганлиги: 759
 
Қидириш
Жами мурожаатлар: 1393 (100%)
Кўриб чиқилган: 1169 (84%)
Кўриб чиқилмоқда: 224 (16%)
 
Вилоят ҳокимлигининг умумий бўлими
 
 
 
mail@samarkand.uz
 
 
Электрон давлат хизматлари

Электрон давлат хизматлари
Очиқ маълумотлар
Онлайн тизимлар




 
 
 

    Сайтга баҳо беринг

Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 2
Мехмонлар: 15
 
Яндекс.Метрика
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг