Бош саҳифа / Янгиликлар / Халқаро анжуман Ёрқин таассуротлар, амалий мулоқотлар
  Чоп этиш версияси  

Халқаро анжуман Ёрқин таассуротлар, амалий мулоқотлар

16 май куни “Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва давлатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” мавзусида халқаро илмий-маданий конгресс меҳмонлари Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди. Меҳмонлар Самарқанд халқаро аэропортида тантанали тарзда кутиб олинди.

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан “Тараққиёт стратегияси” маркази, Фанлар академияси, Бадиий академия, ЮНЕСКО ҳамда Германиянинг Конрад Аденауэр номидаги жамғармасининг мамлакатимиздаги ваколатхоналари ҳамкорлигида уюштирилиб, унда АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Германия, Нидерландия, Япония, Ҳиндистон, Туркия, Польша, Франция, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон каби мамлакатлардан олимлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, соҳа мутахассислари ва экспертлар иштирок этмоқда. 

Уларнинг кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳардаги дастлабки манзили Регистон майдони бўлди. Бу ерда ташкил этилган “Шарқона гилам бозори — мустақил Ўзбекистон гиламчилигининг энг яхши намуналари” кўргазмаси ҳамда ушбу лойиҳа доирасидаги китоблар тақдимотида иштирок этишди.


Юртимизнинг бой маданий меросини асраш ва ўрганиш, халқимизнинг инсоният цивилизациясига қўшган ҳиссасини жаҳон миқёсида кенг тарғиб этишга қаратилган мазкур тадбир хорижлик меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Улар каштадўзлик ҳамда гиламчиликка оид намуналарни кўздан кечиришди, ҳунармандчиликнинг ушбу қадимий тури билан шуғулланиб келаётган мутахассислар билан мулоқотда бўлишди.  

Анжуман иштирокчилари Ўзбекистон ўзининг қадимий тарихи, ўзига хос урф-одат ва анъаналари, қадриятлари, кўплаб тарихий-меъморлик ва маданий ёдгорликлари билан бутун дунёга донг таратганини алоҳида қайд этди. 
— Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз каби тарихий-маданий объектлари дунёга машҳур, — дейди “Ўзбекистон маданий мероси” лойиҳасининг халқаро координатори Андрей Зибгин. — Юртингиз маънавий қадриятлари, фан ва таълим соҳасидаги улкан ютуқлари билан инсоният тамаддунига салмоқли ҳисса қўшганлиги бежиз эмас. Жумладан, Самарқандга келиб ҳар қадамда ҳайратланаяпмиз, таассуротларимни сўз билан ифодалаш қийин. Хулоса шуки, аждодларингиздан қолган улкан мерос нафақат мамлакатингиз, балки хориждаги ўнлаб музейлар, илмий-тадқиқот институтлари, галереялар ва архивларда асраб-авайлаб келинаётганида улкан маъно бор.