Бош саҳифа / Янгиликлар / ЖУРНАЛИСТЛАР ТУРИЗМ ТАРҒИБОТЧИЛАРИ БЎЛАДИ
  Чоп этиш версияси  

ЖУРНАЛИСТЛАР ТУРИЗМ ТАРҒИБОТЧИЛАРИ БЎЛАДИ

Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда мамлакатимиздаги ҳамда 28-30 ноябрь кунлари юртимизда меҳмон бўлган Туркия республикасидаги оммавий ахборот воситалари вакиллари, Самарқанддаги сайёҳлик фирмалари ва меҳмонхоналар раҳбарлари иштирок этди.


Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Абдуҳакимов, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси бош директори ўринбосари У.Ҳусанов ва бошқалар мамлакатимизнинг туристик салоҳияти, соҳа ишини халқаро талаблар даражасида такомиллаштириш ва ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Кейинги бир йил давомида амалга оширилган изчил ислоҳотлар, қонунчиликка киритилган ўзгаришлар ва соҳа субъектлари учун яратилган қулайлик ва имкониятлар республикамизнинг халқаро миқёсда сайёҳлик салоҳиятини оширишга хизмат қилаётгани таъкидланди.


Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 25-26 октябрь кунлари Туркия Республикасига амалга оширган давлат ташрифи чоғида мамлакатларимиз ўртасида кўплаб соҳаларда, жумладан, туризм йўналишида ҳам ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга келишиб олинди. Музокаралар якуни бўйича икки давлат раҳбарларининг оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувида давлатларимизнинг туристик имкониятларини кенг тарғиб этиш мақсадида ўзбек ва турк журналистларининг саёҳатларини уюштириш ташаббуси билдирилган эди. Президентларнинг мазкур ташаббуслари натижасида туркиялик бир гуруҳ журналистлар “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг яқинда йўлга қўйилган “Самарқанд – Истанбул – Самарқанд” йўналиши орқали 28 ноябрь куни юртимизга келган эди. Улар уч кун давомида Самарқанд ва Бухоро шаҳарларининг тарихий-маданий объектлари, муқаддас зиёратгоҳлари ва бошқа сайёҳлик масканлари билан яқиндан танишди.

Матбуот анжуманида меҳмонлар юртимизга саёҳати таассуротларга бой бўлганини таъкидлаб, бунинг учун Ўзбекистон ва Туркия республикалари раҳбариятига миннатдорлик билдирди. Икки мамлакатнинг сайёҳлик борасида ҳали фойдаланилмаган имкониятлар жуда кўплиги ва буни тарғиб этишда оммавий ахборот воситалари фаол иш олиб бориши зарурлиги қайд этилди.

– Кейинги уч кун давомида Самарқанд ва Бухородаги тарихий обидалар билан танишиб, буюк туркий алломалар номи билан боғлиқ масканларни зиёрат қилиб, турий халқ вакили эканлигимдан яна бир бор ғурурландим, – дейди Туркиянинг TRT world телеканали мухбири Эрол Севан. – Мен ҳам шу заминга боғлиқлигимни англадим. Юртингизга келган кунимдаёқ миллий кийимларингизни харид қилиб, сафар давомида кийиб юрдим. Ҳеч ким мени бошқа миллат вакили демади, ўз қардошларидек ҳурмат-эҳтиром кўрсатишди. Қисқа фурсатга бўлса-да Ўзбекистонда келганимдан бахтиёрман. Саёҳатимиз ҳақида телеканалларимизда кўрсатувлар тайёрлаш ниятидамиз.

Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари Туркия фуқароларининг юртимизга келиши учун виза тартиблари соддалаштирилгани ва бу борада яратилган қулайликлар ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги масъул ходимларининг юртимизда зиёрат туризмни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар, заминимиздан етишиб чиққан буюк муҳаддис алломалар ҳақидаги маълумотлари ҳам туркиялик меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Матбуот анжумани якунида туркиялик журналистларга Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ва Самарқанд вилояти ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.

Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраев сўзга чиқди.

 


Охирги ўзгариш: 01/12/2017 10:39 Кўрилганлиги: 118
 
Қидириш
Жами мурожаатлар: 1476 (100%)
Кўриб чиқилган: 1169 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 307 (21%)
 
Вилоят ҳокимлигининг умумий бўлими
 
 
 
mail@samarkand.uz
 
 
Электрон давлат хизматлари

Электрон давлат хизматлари
Очиқ маълумотлар
Онлайн тизимлар




 
 
 

    Сайтга баҳо беринг

Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 2
Мехмонлар: 6
 
Яндекс.Метрика
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг