Бош саҳифа / Янгиликлар / Дунёда ҳеч кимдан кам бўлмагаймиз!
  Чоп этиш версияси  

Дунёда ҳеч кимдан кам бўлмагаймиз!

Бу каби оташин сўзлар вилоятимизда «Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!» шиори остида ўтказилган маданий-маърифий тадбирларда кўп бора янгради

Оммавий ахборот воситалари ходимлари, ноширлар, ёзувчи ва шоирлар, мусаввирлар, рассомлар, ҳайкалтарош ва ҳунармандлар иштирок этган ушбу тадбирлар дастлаб шаҳар ва туманларда бўлиб ўтди.


Самарқанд шаҳри, Ургут, Тойлоқ, Пайариқ ва Паст Дарғом туманларида ташкил этилган тадбирларда эл таниган ёзувчи ва шоирлар, республика даврий нашрлари муҳаррирлари ҳамда вилоятимиз ижодкорлари аҳоли билан мулоқотда бўлиб, мустақилликнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб, ижодий намуналаридан ўқиб беришди.

Самимий руҳда ўтган учрашувларда нуронийлар, турли соҳа вакиллари ва фаол ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, бу каби тадбирлардан катта таассурот олишганини билдиришди.


– Тойлоқ тумани аҳолиси билан ижодий учрашувимиз жуда ҳам мароқли ўтди, –  дейди Жаҳон шоирлари конгресси аъзоси Азим Суюн. – Айниқса, ёшларимизнинг теран фикрлари мени қувонтирди. Ҳа, бу ёшларимизга яратилган ва яратилаётган имкониятлар, кўрсатилаётган ғамхўрликлар самарасидир. Бизнинг ёшлигимизда бу каби шароит ва қулайликлар бўлмаганлигини ёшларга гапириб бердим. Гарчи уларга бу эртакдек туюлсада, айни ҳақиқат. Бу каби шижоатли ёшлардан эртага албатта, буюк инсонлар,  ижодкорлар, ўз соҳасининг етук мутахассислари етишиб чиқишига шубҳа йўқ.


«Самарқанд адиблари»

Маънавий-маърифий тадбир Самарқанд шаҳрининг Кўксарой майдонида давом этди. Унда сўзга чиққан вилоят ҳоким ўринбосари А.Умаров тадбир иштирокчиларини Самарқандга ташрифи билан қутлади.

Майдонда китоб, газеталар, рассом ва миллий ҳунармандчилик намуналари кўргазмаси ташкил этилди. Шунингдек, тадбир давомида яқинда чоп этилган «Самарқанд адиблари» номли библиографик маълумотлар китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу китобда XVII асрдан то ҳозирги кунларгача бўлган даврда Самарқанд адабий муҳитида тарбияланган шоирлар, ёзувчилар, адабиётшунос-публицистлар, шунингдек, воҳада туғилиб, камолга етган, бугунги кунда мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида самарали қалам тебратаётган ижодкорлар ва асарлари расмий нашриётларда чоп этилган ҳамда китобхонлар томонидан эътироф этилган қаламкашлар ҳақида маълумотлар берилган.

Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси вилоят бўлими, «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари бирлашган таҳририяти томонидан яратилган библиографик маълумотнома ижод аҳли томонидан илиқ кутиб олинди.

– Биз ҳар йили Самарқандга, шунда маънавий-маърифий тадбирга ташриф буюрамиз. Тан олиб айтиш керак, буни бошқа вилоятларда учратмаймиз. Бу сизларда анъанага айланган. Ҳар ташрифимизда бир янгиликка дуч келамиз, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али. – Бу китобнинг яратилиши жуда ҳам хайрли иш бўлибди. Самарқандлик ижодкорлар ҳар доим янги ташаббуслари билан ажралиб туради. Қўлимдаги китоб билан танишар эканман, бу ташаббусни бошқа вилоятларга ҳам тавсия этишни кўнглимга тугдим. Ҳали бу бошланиши, келгусида янада кенгроқ маълумотга эга ва қаламкашларнинг ижодий намуналаридан парчалар келтирган ҳолда библиографик китоблар яратилади, албатта.

Шунингдек, тадбир давомида самарқандлик ижодкорлар – Гулшан Шерматова,  Нафас Дўсанова ва Ғайрат Бобоқуловларнинг яқинда нашрдан чиққан китоблари иштирокчиларга таништирилди.

– Самарқандда янги иқтидорли ижодкорлар етишиб чиқаётганлиги, янги асарлар яратилаётганлиги мени самарқандлик инсон сифатида жуда ҳам қувонтиради, – дейди «Жамият» газетаси бош муҳаррири, журналист Бегзод Шукуров. – Айни вақтда пойтахтда фаолиятимни олиб бораётган бўлсамда илк ижодий қадамларим шу ерда қўйилган. Шунинг учун ҳам вилоятда бўлиб ўтадиган бугунгидек тадбирларга доим интиламиз. Бундай тадбирлар қалам аҳли учун ўзига хос ижодий мулоқот вазифасини ҳам ўтаб беради.

Ижод ва муносиб рағбат

Жомбой тумани Бешбола мажмуасида давом этган тадбирда ижод аҳли ўртасида спорт турлари ва миллий ўйинлардан ташкил топган мусобақалар ташкил этилди. Самимий руҳда ўтган баҳслар ғолибларига совғалар тақдим этилди.

Шунингдек мажмуада ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Т.Жўраев вилоятимизда амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 26 йиллигини муносиб кутиб олиш борасидаги бажарилаётган юмушлар, бунда ижодий жамоаларнинг ҳиссаси ҳақида батафсил тўхталди. Бу борада фаоллик кўрсатаётган ижодкорлар, оммавий ахборот воситалари ходимларига миннатдорлик билдирди. 


Вилоят ҳокими томонидан бир нечта юбилей ёшдаги ижодкорларга миллий тўн кийдирилди. Шунингдек, соҳалар бўйича меҳнат қилаётган, амалга оширилаётган ислоҳотларни фаол ёритаётган бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамкор ташкилотлар томонидан рағбатлантирилди.

Тадбирда эл таниган санъаткорлар томонидан намойиш этилган концерт дастури иштирокчиларга хуш кайфият улашди.

Ғолиб АБДУСАЛОМОВ,

«Зарафшон» мухбири.
















Охирги ўзгариш: 17/07/2017 17:39 Кўрилганлиги: 193
 
Қидириш
Жами мурожаатлар: 1448 (100%)
Кўриб чиқилган: 1169 (81%)
Кўриб чиқилмоқда: 279 (19%)
 
Вилоят ҳокимлигининг умумий бўлими
 
 
 
mail@samarkand.uz
 
 
Электрон давлат хизматлари

Электрон давлат хизматлари
Очиқ маълумотлар
Онлайн тизимлар




 
 
 

    Сайтга баҳо беринг

Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 2
Мехмонлар: 8
 
Яндекс.Метрика
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг