Бош саҳифа / Маҳаллий кенгаш / Кенгаш томонидан қабул қилинган ҳужжатлар / Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг ҚАРOРИ
  Чоп этиш версияси  

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг ҚАРOРИ

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси депутатлик гуруҳи томонидан тайёрланган тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни тартибга солишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан 2015 йил 21 июлда қабул қилинган қарорда тўй-ҳашамларни ихчамлаштириш, ортиқча дабдабабозликларга чек қўйиш борасида аниқ фикрлар билдирилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида ўтган давр мобайнида муайян ишлар амалга оширилган бўлса-да, етарли жамоатчилик назорати ўрнатилмасдан қолмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ижодкор зиёлилар вакиллари билан ўтказган учрашувда бугун ўзини кўз-кўз қилиб, ким ўзарга тўй қилаётганлар кўпчилик бўлмаса-да, йўқ эмас. Улар ўзларини бошқалардан устун қўйиб, керилиб, “ҳамманинг оҚзи очилиб қолсин” қабилида иш тутишлари жамиятимизни маънавий таназзулга етказаётганлигини қандай изоҳлаш мумкин, деган савол билан мурожаат қилди.

Тўйхоналарда хизмат кўрсатаётган (официант)ларнинг аксарият қисми тиббий кўрикдан ўтмаган ҳолда фаолият юритиб келмоқда. Бу эса озиқ-овқат маҳсулотларининг касаллик қўзғатувчи микроблар билан зарарланиши ва аҳоли ўртасида ўткир юқумли касалликлар тарқалиши хавфини туғдирмоқда.

Тўйларни ихчам, кам харажат ўтиши кўп жиҳатдан ёшларимизга, хусусан, келин-куёвларга ҳам боғлиқ. Бу йўналишда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ёшлар ўртасида таъсирчан воситалар орқали тушунтириш ишларини олиб бориши зарур бўлади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни тартибга солиш мақсадида халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси депутатлик гуруҳи раҳбари Б.Шарофовнинг тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни тартибга солиш юзасидан берган ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.

2. “Маҳалла” жамоат фонди (М.Бобоёров), “Нуроний” жамғармаси (Ҳ.Нормуродов), маънавият ва маърифат маркази (У.Усмонов) вилоят бўлимлари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси (М.Фафурова)нинг барча маҳалла фуқаролар йиғинларида тўй-ҳашам, маросим ва оилавий тадбирларни мувофиқлаштирувчи “Жамоатчилик кенгаши”ни тузиш бўйича таклифлари маъқулансин;

3. Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифаси этиб қуйидагилар белгилансин:

туман ва шаҳарлар ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида кўп йиллик тажрибага эга бўлган фаоллар, фахрийлардан иборат жамоатчилик комиссиялари ташкил этиш ҳамда тўй ва маросимларнинг мазкур жамоатчилик кенгашлари томонидан назорат қилиб борилишини йўлга қўйиш;

кенг жамоатчилик вакилларини жалб этган ҳолда вилоятимиздаги тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналарга бағишланган тадбирларни тартибга солиш ҳамда ихчам ва миллий қадриятлар асосида ўтказиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиб, тарғибот орқали жамият ҳаётига татбиқ этиш;

тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар ва маросимларни ўтказиш бўйича жамоатчилик фикрини инобатга олмайдиган фуқароларни маҳалла фуқаролар йиғинига таклиф қилиш, ушбу масалани маҳалла ва меҳнат жамоасида муҳокама этиш, таъсир чорасини кўриш ва тушунтириш ишларини ўтказиш тизимини яратиш вазифалари топширилсин.

4. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоят вакиллиги (З.Эшонқулов)га:

тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар ва маросимларни ихчам ўтказиш, шунингдек, тадбирларни дабдабали ташкил этиш ўрнига маблағни кам таъминланган фуқароларни моддий қўллаб-қувватлашга йўналтиришни тарғиб қилиш;

имом-хатиблар тўй ва маросимлардаги маърузаларида алоҳида эътиборини ёшлар тарбияси, ота-онанинг масъулияти, тинчлик ва мустақиллик неъматини асраш каби масалаларга қаратиши тавсия этилсин.

5. Вилоят ҳокимлиги маданият бошқармаси (К.Мизамов), “Ўзбекконцерт” бирлашмаси вилоят бўлими (О.Рустамов)га тўйларда санъаткорлар томонидан ижро этиладиган қўшиқлар мазмун мундарижасини кўриб чиқиш, пойтахтдан ташриф буюрадиган санъаткорлар лицензияси, уларнинг репертуарини назоратга олиш тавсия этилсин.

6. Вилоят ички ишлар бошқармаси (Ф.Қувондиқов)га тўйлар муносабати билан келин-куёв ва уларнинг яқинлари шаҳарда сайр қилиши ва суратга тушиши жараёнида фуқаролар ва йўл ҳаракати хавфсизлигига қатъий риоя этишини назорат қилиш ва бу бўйича тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш тавсия этилсин.

7. Вилоят телерадиокомпанияси (Ф.Тўраев), Самарқанд СТВ (С.Раджабов), «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталарининг бирлашган таҳририяти (Ф.Тошев), «Овози Самарқанд» (Б.Жумаев) газеталарига тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни тартибли, миллий урф-одатларимизга мос равишда ўтказиш бўйича алоҳида рукн ва кўрсатувлар ташкил этиш тавсия этилсин.

8. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссияси (Б.Шарофов) ва вилоят ҳокимининг ўринбосари (А.Умаров) зиммаларига юклатилсин.

Вилоят Кенгаши раиси            Т.ЖЎРАЕВ.


Киритилган вақти: 16/10/2017 14:19 Кўрилганлиги: 126
 
Қидириш
Жами мурожаатлар: 1476 (100%)
Кўриб чиқилган: 1169 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 307 (21%)
 
Вилоят ҳокимлигининг умумий бўлими
 
 
 
mail@samarkand.uz
 
 
Электрон давлат хизматлари

Электрон давлат хизматлари
Очиқ маълумотлар
Онлайн тизимлар




 
 
 

    Сайтга баҳо беринг

Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 2
Мехмонлар: 14
 
Яндекс.Метрика
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг