Чоп этиш версияси  

Нуробод тумани Кенгашининг сессияси

7 июнь куни халқ депутатлари Нуробод тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.



Сессияда вилоят ҳокими Ҳ.Оқбўтаев маъруза қилди.

Вилоят ҳокими ўз маърузасида туманда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларига батафсил тўхталди, эришилган натижалар ва йўл қўйилган камчиликларни таҳлил қилди.

- Қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси асосида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар барча жойларда ўзининг самараларини бермоқда, – деди вилоят ҳокими. – Олиб борилаётган ана шу ислоҳотлардан кутилаётган пировард натижа, энг аввало, халқимизни ўз ҳаётидан рози қилиш, уларга муносиб турмуш кечириши учун янада кўпроқ қулайликлар яратиб беришга қаратилган.

Аммо Нуробод туманининг масъул раҳбарлари замоннинг бугунги ўзгаришларига, соат сайин ривожланиб бораётган ҳаёт маромига жавоб бера олмадилар.

Яйлов майдонлари етарли бўлган, 72,5 минг бош қорамол, 556 минг бош қўй-эчки парваришланаётган, 3,3 минг тонна гўшт ва 41 минг тонна сут етиштираётган туманда чорва маҳсулотларини қайта ишлайдиган бирорта ҳам корхона мавжуд эмас. Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурини шакллантиришда мутасаддилар гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлайдиган корхона ташкил этиш борасида битта ҳам лойиҳа киритмаган. Терини қайта ишлайдиган ёки чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхона йўқ.

Тадбиркорларга етарли шарт-шароит яратилмаганлиги оқибатида биргина жорий йилнинг биринчи чорагида 12 та субъект фаолиятини тўхтатган, рўйхатга олинганларининг 10 фоизи турли сабабларга кўра ишламаяпти.

Худди шунингдек, Нурободда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотлари қайта ишланмайди. Цемент, мармар, оҳак, гипс, бўр каби қурилиш материалларининг бой табиий минерал хом ашё захираси бўлса-да, уларнинг атиги 0,1 фоизидан фойдаланилмоқда.

Туманда биринчи чоракда саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури доирасида битта ҳам лойиҳа фойдаланишга топширилмаган, туман ҳокимлиги бу борада лойиҳа режалаштирмаган ҳам. 2015-2016 йилларда ишга туширилган 10 та лойиҳа ҳам турли сабаблар билан маҳсулот ишлаб чиқармаяпти.

Аҳолига малакали ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш савияси паст. 2015 йилда фойдаланишга топширилиши лозим бўлган тумандаги ягона маданият ва аҳоли дам олиш масканидаги ишлар ҳалигача якунига етмаган.

2017 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига нурободликлар томонидан йўлланган 304 мурожаатнинг 144 тасига белгиланган муддатларда жавоб қайтарилмаган.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Бахтиёр Эргашев ўз аризасига биноан Нуробод тумани ҳокими вазифасидан озод этилди.

Вилоят ҳокими тавсиясига кўра, шу пайтгача Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта таълим вазирлиги, ўрта-махсус касб ҳунар таълими маркази ҳузуридаги ахборот методик хизмати ахборот методик таъминлаш бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган Зоиров Фахриддин Абсаломович Нуробод тумани ҳокими этиб тасдиқланди.

Сессияда туман фаоллари ва депутатлар сўзга чиқиб, вилоят ҳокимининг маърузасида тилга олинган камчиликлардан тегишли хулоса чиқаришни, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун фидойилик кўрсатиб, меҳнат қилишларини билдирдилар.

 

***

Самарқанд вилояти ҳокимининг ҚАРОРИ

Зоиров Фахриддин Абсаломовични Самарқанд вилояти Нуробод тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисида

«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг  2-моддасига биноан ҚАРОР ҚИЛАМАН:



1.ЗОИРОВ Фахриддин Абсаломович
Самарқанд вилояти Нуробод тумани ҳокими этиб тайинлансин.


2. Ушбу масала халқ депутатлари Нуробод тумани Кенгашининг навбатдаги сессияси тасдиғига киритилсин.

 

Вилоят ҳокими            Ҳ.ОҚБЎТАЕВ

2017 йил, 7 июнь



Охирги ўзгариш: 13/06/2017 17:41 Кўрилганлиги: 643
 
Қидириш
Жами мурожаатлар: 1476 (100%)
Кўриб чиқилган: 1169 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 307 (21%)
 
Вилоят ҳокимлигининг умумий бўлими
 
 
 
mail@samarkand.uz
 
 
Электрон давлат хизматлари

Электрон давлат хизматлари
Очиқ маълумотлар
Онлайн тизимлар




 
 
 

    Сайтга баҳо беринг

Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 2
 
Яндекс.Метрика
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг