Чоп этиш версияси  

Сароймулкхоним мақбараси

Самарқанднинг кўҳна қисмида, Амир Темур жомеъ масжидининг кунчиқар томонида, бундан олти асрлар илгари барпо қилинган яна бир меъморий обида мавжуд.

Бу обида ичида Амир Темурнинг суюкли хотини Сарой­мулк­хоним – Бибихонимнинг қабри жойлашган.

Бибихоним мақбараси қурилган даврда жуда ҳашаматли ва маҳобатли бўлган, унинг деворлари ранг-баранг кошинлар, нақшлар ҳамда Қуръондан келтирилган оятлар битилган ёзувлар билан безатилган. Мақбаранинг ички тузилиши, худди Амир Темур мақбарасидек икки қаватли, пастда сағана, тепада эса зиёратхона бўл­ган. Мақбаранинг гумбази йиқилгани­дан сўнг унинг ичига қор-ёмғирлар тушиб, са­ға­нанинг томи ҳам йиқилиб тушган.

1941 йили археолог Яҳё Fуломов раҳ­барлигидаги олимлар мақбарада қазиш ишларини олиб бордилар. Экспедиция аъзолари мақбара XI–XII асрларга оид маданий қатлам устида бунёд қилин­ганлигини аниқладилар.

1941 йил июнь ойида археологлар мақбарадаги қабрларни ҳам очиб ўргандилар.

Ушбу мақбарага дафн этилганлар мармартошлардан йў­нилган тоштобутларга кўмилган. Тоштобутлар дастлаб мақбаранинг пастига, яъни, сағанага қўйилган, сағана­нинг томи йиқилиб тушганидан сўнг тоштобутлар токчалар ичига жойлаштирилган. Дастлаб шимолий токчада турган тоштобут очилганда унинг ичида пахта, газламаларга аралашиб ётган суяклар аниқланган.

Оёқ суяклари бош суяклари билан аралаштириб ташланган. Антрополог М.Герасимовнинг аниқлашича, ушбу суяклар 25-30 ёшли аёл кишига тегишли. Тоштобутнинг қопқоғида ҳеч қандай ёзувлар бўлмаганлиги учун маликанинг шахсиятини аниқлаб бўлмаган.

Шимолий токчага тобутнинг узунлиги 1 м 90 см, эни 47-66 см, баландлиги 37см, бўлиб у ҳам яхлит, кулранг мармартошдан ясалган. Тоштобут очилгач ундан аралаш қуралаш бўлиб ётган суяклар, тупроқ, пахта ва газлама қолдиқлари топилди.

М.Герасимов тобут ичидаги эзилиб кетган суяклар кекса аёл кишига тегишли эканлигини аниқлади.

Мақбаранинг шарқий токчасига учта тоштобут ёнма-ён қўйилган бўлиб, улар ҳам яхлит мармартош­ларнинг ичи йўниб тайёрланган.

Шарқий токчадаги учала тоштобутнинг иккаласи бўм-бўш бўлиб, фақат биттасининг ичида жасад сақланган. Бу тобутдаги жасад ҳам титиб ташланган. Жасад дафн қилиниши­дан олдин мумиё­ланган, жасаднинг ёнидан бир неча тақин­чоқ, райҳон барглари ва кафаннинг қол­диқлари топилган.

1941 йилда ушбу тоштобут очилаётганда, унинг қопқоғи устида ҳеч қандай ёзувлар бўлмаган. Аммо тарихчи С.А.Лапиннинг ёзишича, у 1889 йили мақбарага кирганида, ушбу тобутнинг устида ёзув битилган тош қопқоқни кўрган. Қопқоқнинг устида, Қуръондан кўчирилган оят ва пастроқда эса: "Маж­нун­нинг ўлимидан сўнг минг йил ўтса ҳамки, унинг кафанидан ҳамон ишқ дарди таралади", – деган ёзув бўлган. 1926 йили рассом И.Мрачковский мақбарада тад­қи­қот ўтказганида, бу ёзувли тахта ўғир­ланиб, унинг ўрнига оддий, ёзувсиз қопқоқ қўйилганлиги аниқланган.

Нега тоштобутлардаги жасадлар титиб ташланган, уни кимлар, қачон қилишган? – деган савол туғи­лиши мумкин.

Археолог М.Е.Массоннинг айтишича, Бибихоним мақбарасидаги тош тобутлар дастлаб 1871 йили Самарқанд Россия империяси томонидан истило қилинганидан сўнг очилган. Аммо, тобутлар қандай мақ­садда очилганлиги маълум эмас. М.Е.Массон ҳам билмаган. Тоштобутлар иккинчи марта
1926 йили бир гуруҳ ўғрилар томонидан очилган. Ўғрилар тобутларни титиб марҳум­ларнинг тақинчоқлари ва бошқа безакларини ўғирлаганлар. Шу туфайли, тоштобутлар 1941 йили учинчи марта очилганида унинг ичидаги суяклар ағдар-тўнтар ҳолатда бўлган. Бибихоним мақбарасидаги тош тобутларнинг қопқоқларида ҳеч қандай ёзувлар бўлмаганлиги учун бу ерга дафн этилган марҳумларнинг шахсиятларини аниқлаш анча мушкул бўлди. Аммо олимлар биринчи очилган тоштобутдаги малика темурийлар хонадонига мансуб олий мартабали аёл бўлган­ли­гини эътироф этдилар. Шимолий токчадаги иккинчи тоштобутга дафн этилган марҳумани Бибихонимнинг онасига тегишли эканлиги тахмин қилинди.

Шарқий токчада жойлашган, учинчи бўлиб очилган мақбарадаги энг йирик тоштобутга дафн этилган жасаднинг шахсияти ҳақида анча баҳслар бўлди. Кўплаб тарихий манбалар ўрганилиб, жасад Амир Темурнинг суюкли хотини Бибихонимники, деган хулосага келдилар.

Бибихоним XIV асрнинг 40-йилларида Мовароуннаҳрга хонлик қилган Чиғатой хонадонига мансуб амир Қозонхоннинг қизи бўлган. Тахминларга кўра, у 1341 йили ҳозирги Қашқадарё воҳасидаги Занжирсаройда таваллуд топган. Амир Қозонхон давлатда тартиб ўрнатиш йўлида ҳар хил қарши­ликларга учраб, 1346 йили бир гуруҳ беклар томонидан ўлдирилади. Бу фожеа юз берганида Бибихоним 5-6 ёшларда эди. У балоғатга етгач, амир Қозоғоннинг набираси Ҳусайнга турмушга берадилар. 1370 йили амир Ҳусайн Хутталон амири Кайхусрав томонидан ўлдирилгач, Амир Темур Бибихонимга уйланади. У хоннинг қизи бўлган­лиги туфайли Амир Темурнинг ҳарамида Катта хоним деган унвонга эга бўлади.

Бибихонимнинг гўзаллиги, ақл-фаросати, нозик диди, кенг қалби ҳақида халқ орасида афсоналар сақланиб қолган. Ўша даврда яшаган бир шоир Бибихонимнинг гўзал­лиги ҳақида: "Унинг гўзаллигини сўз билан англатиш мушкул, чунки ул ҳар қандай гўзал сўздан-да гўзалдир", – деб ёзган.

Бибихонимнинг ақл-фаросати ва меҳрибон­чилигини Амир Темур юксак баҳолаган ва оқила маликага темурий шаҳзодаларнинг тарбиясини ишо­ниб топширган. Бибихонимга табиат она бўлиш бахтини бермаган, аммо у бор меҳр-муҳаббатини Мирзо Улуғбек, Муҳаммад Султон, Халил Султон каби суюкли набираларига бахш этди. Бибихоним ўз сармоясидан Самарқандда улуғвор мадраса бунёд қилди, олимлар шоирлар ва меъморларга ғамхўрлик қилди. Араб тарихчиси Ибн Арабшоҳнинг ёзишича, уни Халил Султоннинг хотини Шодимулк яширин равишда заҳарлаб ўлдирган...

Ҳозирги кунларда Бибихоним мангу уйқуда ётган мақбара таъмирланган ва аслига қайтган.


Киритилган вақти: 12/09/2015 21:43 Кўрилганлиги: 657
 
Қидириш
Жами мурожаатлар: 1373 (100%)
Кўриб чиқилган: 1169 (85%)
Кўриб чиқилмоқда: 204 (15%)
 
Вилоят ҳокимлигининг умумий бўлими
 
 
 
mail@samarkand.uz
 
 
Электрон давлат хизматлари

Электрон давлат хизматлари
Очиқ маълумотлар
Онлайн тизимлар




 
 
 

    Сайтга баҳо беринг

Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 6
 
Яндекс.Метрика
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг