Чоп этиш версияси  

Регистон ансамбли

Регистон майдони Ер юзининг сайқали деб тан олинган, Амир Темур бирлаштирган йигирма етти давлат пойтахти бўлган машҳур Самарқанднинг ўзига хос ва мос бўлган кўзгусидир. Регистон майдони Баҳодир Ялангтўш даврида шаклланган.

«Регистон» деган сўз форс тилидан олинган бўлиб, «қумли жой» деган маънони билдиради, «рег» - қум, «истон» - туриш жойи демакдир. Тарихий маълумотлар ва аниқ илмий ашёвий далилларга асосланиб, айтиш мумкин-ки, бу ердан жанубий шарқдан, шимолий ғарбга томон катта ариқ оқиб ўтган, вақт ўтиб ариқ қуригандан сўнг, ўрнида қумлоқ жой қолган. Ана шу асосда «Регистон» деган сўз келиб чиққан.

Амир Темур ҳукмронлиги даврида ҳозирги Регистон майдони ўрнида марказий бозор бўлган. Ана ўша даврдан Самарқанд жаҳонга машҳур илму фан ва ҳунармандчилик маркази сифатида дунёга танилган.

Бу ерга етти иқлимдан донишмандлар, олиму фузалолар келиб Мирзо Улуғбек атрофига тўпланишган. Сон-саноқсиз зиёратчилар, Шоҳи Зинда мақбарасига келган савдогарлар шаҳарни томоша қилиш билан бирга машҳур Самарқанд қоғозини ва бошқа кўплаб турли ноёб ҳунармандчилик ҳамда яна қатор ноёб молларни харид қилишга келганлар.

Барча йўллар пойтахт Самарқанд шаҳрининг савдо-ҳунармандчилик маркази ҳисобланган Регистонда бир-бири билан туташган. У ҳунармандлар кўчаси бўлиб, заргарлар растаси орқали Арк билан боғланган.

Асрлар давомида Регистондаги иншоотлар уч марта ўзгарди. Дастлаб бош кийимлар сотиладиган усти ёпиқ гумбазли тим қурилади.

Улуғбек ҳукмронлиги даврига келиб майдонда қайтадан режалаштириш ишлари амалга оширилади. Чунончи, бу жойлар вақфга топширилгани учун бозор тимлари бошқа жойга кўчирилади ва майдоннинг ғарбий қисмида дастлабки бино ҳисобланмиш Улуғбек мадрасаси қурилади.

1424 йилда эса Улуғбек мадрасаси рўпарасида, ҳозирги Шердор мадрасаси ўрнида, «қуш» услубидаги Улуғбек хонақоси барпо қилинган.

Хонақо фасади Улуғбек мадрасаси пештоқига нисбатан қисқароқ бўлган. Хонақонинг жанубий-ғарбий қисмида, қадимдан Имом Муҳаммад ибн Имом Жаъфари Содиқ мозори жойлашган бўлган. Мадрасанинг кенг фасади ва ҳашаматли миноралари рўпарасида пештоқ ва катта гумбазли хонақоҳ турган. Майдоннинг шимолий томонида ҳам зарурий эҳтиёжни назарда тутган ҳолда, Мирзо Улуғбек фармони билан ҳашаматли Мирзо Карвонсаройи қурилди. Унинг тарҳи ва ташқи кўриниши ҳозирги Тиллакори мадрасасига ўхшаш бўлган. Карвонсарой кенг айвонли ва ҳужрали ҳовлидан иборат бўлган.

ХV асрнинг 30-йилларида Шоҳруҳ Мирзонинг мураббийси, ўз замонасининг кўзга кўринган илм арбоби Алайка Кўкалдош ҳокиму ҳукамо ва шариат пешволари билан келишилган ҳолда, янги шаҳар жомеъ масжидини қурдиради. Масжид тўғри бурчакли (тахминан 90х60 м) режада қурилган бўлиб, ғишт ва тош устунларга таянган гумбазли, катта ҳовлидан иборат бўлган.

Масжид ҳозирги Улуғбек мадрасасининг жануби шарқ томонида қурилган. Бу масжид Мирзо Улуғбек қурдирган масжиди Муқаттаъга яқин эди. Масжид деворлари қитъа-қитъа қилинганлиги ва нақшин ёғочлардан ясалганлиги учун Муқаттаъ деб аталган.

Шу билан бирга, Регистон майдонидаги мадраса, хонақоҳ ва карвонсарой ғарбида, нафақат Самарқандда, балки Шарқда энг мукаммал ҳисобланган ва бошқа ҳаммомлардан тубдан фарқ қиладиган «Мирзойи Ҳаммоми» қурилган. Бу бино тўғрисида «Бобурнома»да шундай ёзилган «Мирзо Улуғбек яна ушбу мадраса ва хонақоҳда мўътадил яхши бир ҳаммом солибдур. Мирзойи ҳаммом номи ила машҳурдур, ҳар нав тошлардин фарзлар қилибдур, Хуросону Самарқандда андак ҳаммом маълум эмаским, бўлғай». Мирзо Улуғбек даврида Регистон майдони пойтахт Самарқанд шаҳрининг ижтимоий ҳаёт марказига айланди. Бу ерда кўриклар ўтказилар, давлат фармонлари ўқиб эшиттирилар, Қурбон ва Рамазон ҳайити сайиллари ўтказилар эди. Регистон ҳанузгача шаҳарсозлик санъатининг мукаммал шоҳ асари бўлиб келмоқда.

Ансамбл биноларини қайта тиклашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган Самарқанд ҳукмдори Амир Ялангтуш Баҳодир XVII асрда шердор ва тиллакори мадрасаларини қуриб, Регистон майдони шуҳратини янада оширди ва гўзаллаштирди.


Охирги ўзгариш: 12/09/2015 22:10 Кўрилганлиги: 2301
 
Қидириш
Жами мурожаатлар: 1476 (100%)
Кўриб чиқилган: 1169 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 307 (21%)
 
Вилоят ҳокимлигининг умумий бўлими
 
 
 
mail@samarkand.uz
 
 
Электрон давлат хизматлари

Электрон давлат хизматлари
Очиқ маълумотлар
Онлайн тизимлар




 
 
 

    Сайтга баҳо беринг

Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 6
 
Яндекс.Метрика
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг