Чоп этиш версияси  

Амир Темур мақбараси

Амир Темур мақбараси Марказий Осиё меъморчилигининг ноёб асари сифатида эътироф этилган. Мақбара қурилиши буюк Сохибқирон Амир Темур томонидан 1404 йилда бошланиб, Мирзо Улуғбек даврида тугалланган. 

Мақбара Самарқанднинг жанубий-ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, XIV аср охирида Амир Темурнинг набираси Муҳаммад Султон томонидан қурилган мадраса ёнида тикланган.

Муҳаммад Султон 1403 йилда Кичик Осиёга бўлган харбий юриш вақтида тўсатдан касалликдан вафот этган. Шаҳзоданинг жасади Самарқандга олиб келиниб, ансамблнинг жануб томонидаги айвони орқасидаги даҳмага дафн қилинади. Сўнг Амир Темур шаҳзодага атаб мақбара қуриш ҳақида фармон беради. Шундан кейин даҳма устига саккизёқли бино қурилади.

Амир Темур вафотидан кейин Шоҳруҳ Мирзо Ҳиротни пойтахтга қилиб, ўғли Мирзо Улуғбекни эса Самарқандга ҳоким этиб тайинлайди.

Мирзо Улуғбек буюк бобосига ҳурмат юзасидан ушбу саккиз қирралик мақбарани темурийлар авлоди дафн қилинадиган мақбарага айлантиради.

Мақбара битгач, Амир Темурнинг маънавий устози Мирсайид Бараканинг жасади шу мақбарага кўчирилади ва Соҳибқироннинг бош томонига дафн этилади. Баъзи ривоятларга қараганда, Амир Темур пирининг оёқ томонига дафн қилинишини васият қилган. Мақбарага Мироншоҳ Мирзо, Шоҳруҳ Мирзо, Шайх Саййид Умар, Мирзо Улуғбек ва Улуғбекнинг гўдаклигида вафот этган икки фарзанди – Абдулла ва Абдураҳмонлар ҳам дафн қилинган.

 Улуғбек томонидан бинонинг ичи янгидан безатилди, мақбара саҳнига дахмалар қўйилиб, атрофига нафис мармар тошдан панжара қилинди. Мақбарага 1424 йилдан бошлаб, шарқ томонига тақаб қурилган кўп гумбазли галерея орқали кирилади.

Мақбаранинг ғарб ва жануб томонлари ёндош қилиб қурила бошлаган, лекин битмай қолган улкан иморатларнинг тикланиши Мирзо Улуғбек ҳукмронлигининг сўнгги йилларига тўғри келади.

Муҳаммад Султон мажмуасидан фақат пештоқигина сақланган. Бу пештоқ моҳирлик билан ишланган бўлиб, кошинлар билан девор фонида яққол кўриниб туради. Кошинлар орасига бинони қурган уста – Муҳаммад бинни Маҳмуд Исфаҳонийнинг номи ва «Дини жаннат дили покларникидир», деб жимжимадор қилиб ҳадис ёзиб қўйилган. Деворлар безагида гириҳ деб аталувчи геометрик шаклларга асосланиб, нафис қилиб ишланган композиция асосий ўринни эгаллайди. Гумбазда жез, ложувард ва тилла сувлари ишлатилган.

Россия империяси истилоси йилларида мақбара дарвозалари ўғирлаб кетилган. Соҳибқирон Амир Темур мақбарасининг дарвозаларидан бири Лондонда, яна бири Эрмитажда сақланмоқда. Соҳибқирон Амир Темурга тегишли бўлган узук эса Америкадаги «Метрополитен» (Нью-Йорк) музейида сақланмоқда.

Ҳовлининг шарқ томонидаги девор ортида Муҳаммад Султон мадрасасининг қолдиқлари кўриниб туради. Чорсу ҳовлисининг атрофига икки қаватли ҳужралар қурилган.

Мадрасанинг бурчакларида гумбазли дарсхоналар бўлган. Мақбара деворларига зангори, ҳаво ранг ва оқ сирли кошинлар қопланган, бу кошинлар геометрик шаклда терилиб, арабча хат битилган.

Гумбаз остки қисмининг айланаси диаметри 15 м айлана баландлиги 12,5 м. Мақбара ҳилхонасидан гумбаз учигача 36 метрни ташкил этади. Гумбазда ҳаво ранг кўпроқ ишлатилгани учун бу ранг гумбазнинг эгри чизиқли қобирғаларида товланиб, қуёшда ярақлаб, гуё осмонга қадалиб туради. Гумбазнинг усти сирли кошинлар билан қопланган. Муқарнасларида ҳам шундай кошинлардан ҳажми бир-бирига мос қилиб ишланган чиройли нақшлар бор.

Мақбаранинг ташқи гумбази - ёдгорликнинг ташқи қиёфаси янада салобатли ва мақбара ичкариси мўътадил иқлимли бўлишини таъминлаш мақсадида унинг устига иккинчи гумбаз ўрнатилган.

Иншоотнинг қанчалик катта бўлганлигини унинг ғарб томонида битмай қолган мажмуага қараб аниқлаш мумкин. Катта залга қўйилган тўртта равоғдан биттаси сақланиб қолган. Эни 10 метрлик равоқнинг икки томонидан йўлак ўтган. Йўлакнинг шимол томонидан қўш гумбазли икки қаватли бинога, жануб томондан эса галереяга кирилади. Амир Темур мақбарасига шу галереядан ўтилади.

Ҳовли атрофини ўраб турган деворлар икки қаватли безакли равоқларга бўлинган. Ҳовлининг ташқи бурчакларида тўртта минора бўлган. Юқорига кўтарилган сари ингичкалашиб борган минора шарафа билан безатилган.

Кошинлар ҳар бир қаторига бир хил миқдорда кошин плиталар терилган. Улар орасидаги чоклар юқорига кўтарилган сари торайиб боради ва тепасига етиб туташади.

Мирзо Улуғбек даврида мақбарага кириш учун қурилган эшикнинг ёни ва тепалари нафис безатилган. Илгари эшик тепасида: «Бу шавкатли Амир Темурнинг қабри …» деб ёзилган кошинли лавҳа бўлган. Бу плита ҳозир Санкт-Петербургдаги Давлат эрмитажида сақланади. Мақбара ғоятда нафис безатилган. Деворнинг пастки қисмида кўкимтир шаффоф оникс тошидан ишланган изора бор. Оникснинг чоклари кўкимтир тошлар териб безатилган.

Мақбарага рангдор ойналар солинган панжарали дарчадан ёруғлик тушади.

Мақбаранинг ўртасига жойлашган сағаналар устида темурийларга бағишланган ёзувли тошлар бор. Амир Темур қабри устига тўқ яшил рангли нефрит тош қўйилган.

1740 йилда Эрон шоҳи Нодиршоҳ Бухоро хонлигини забт этганда Амир Темур қабри устидаги тошни Maшҳадга олиб кетган ва кўп ўтмай яна қайтадан жойига келтириб қўйдирган.

Мақбаранинг шарқ томонидаги равоқда пастга тушадиган зина бор. Бу зинадан мақбаранинг остки қаватидаги даҳмага тушилади.

Остки қаватдаги бинонинг шипи ўн икки қиррали гумбаз қилиб қия ишланган, ички безаклари жуда содда. Темурийларга қўйилган сағаналар юқори қаватда қандай тартибда бўлса, бу ерда ҳам шу тартибда. Ҳар қайси қабр усти мармартош билан қопланган.

1994-1996 йилларда мақбарада катта ҳажмдаги таъмирлаш ва тиклаш ишлари амалга оширилди.

1941 йил 16-24 июн кунлари Амир Темур ва Бибихоним ҳилхонасидаги қабрлар очилган.

 

Қабрларнинг очилиш тафсилотлари

Темурийлар хилхонасини ўрга­ниш учун ташкил этилган ҳукумат экспедиция­си 1941 йилнинг 15 июнида Самарқандга етиб келди. Ўша куни кечқурун экспедиция аъзолари­нинг йиғилиши бўлди. Унда вазифалар ва белгилаб олинди. Ҳалкалтарош скульптор-антрополог М.М. Герасимов тарихий шахсларнинг бош чаноқлари асосида ўзи яратган қиёфалар ҳақида маълумот берди ва суратлар мажмуасини намойиш қилди.

1941 йил 16 июнда экспедиция аъзолари эрталаб Амир Темур мақ­бара­сида йиғилдилар. Шу пайтда қабрларни қайси тартибда очиш ҳақида баҳс бошланди.

М.М.Герасимов қабрларни бир бошдан, яъни энг чеккадаги Мир Саййид Умар қабрини очишдан бошлашни таклиф қил­ди. Археолог В.А. Шишкин эса Мир Сай­йид Умар ва Мир Саййид Баракаларнинг қабрларига тегмасликни таклиф қилди. Ўз фикрини ҳукумат экспедицияси асосан Темур ва темурийлар қабрларини ўрга­ниш учун тузилганлигини, хилхонадаги барча қабрларни очишга вақт етишмаслигини ва бошқа сабаблар билан далиллади. Бошқалар унинг фикрига қўшилдилар. Шундай қилиб, жаҳон тарихида чуқур из қолдириб кетган Темур ва темурийларнинг даҳмаларини очиш бошланди. 

Мироншоҳ қабрининг очилиши

Мироншоҳ Амир Темурнинг учинчи ўғли бўлиб, у 1366 йили таваллуд топган. Ўз даврининг мавжуд таълим-тарбиясини пухта эгаллаган Мироншоҳ отасидан жасурликни ва қаттиққўлликни мерос қилиб олганди. Мироншоҳ 14 ёшида Хуросон ҳокими қилиб тайинлангач, бу борада катта тажрибага эга бўлди. Орадан олти йил ўтгач, Амир Темур уни махсус фармон билан “Рум­дан то Ҳамадонгача, Бағдоддан то Дарбандгача” бўлган ўлкаларнинг ноиби қилиб тайинлади. Унинг қўл остига Арманистон, Гуржистон, Озарбойжон, Курдистон, Ироқ ва Ғарбий Эрон каби ўлкалар кирарди. Мироншоҳ отасининг буйруғи билан бир қанча ҳарбий юришларда иштирок этди ва лашкарбошилик қобилиятини намойиш қилди.

Амир Темур вафотидан сўнг 1405 йилнинг баҳорида Мироншоҳ ўғли Абу Бакр билан иттифоқ тузиб, тожу тахт учун кураш бошлади. Тожу тахт борасида ҳам омади юришмади ва ҳаёти аянчли фожеа билан тугади. 1408 йилнинг баҳорида Ми­роншоҳ қўшинини туркманларнинг Қора қўюнли уруғидан чиққан Қора Юсуф ва Султон Аҳмадларнинг бирлашган лашкари жанубий Озарбойжонда тор-мор этди. Жанг пайтида Мироншоҳ лашкарлари орасида эди. У шиддат билан жанг қилиб, охири қаттиқ яраланди ва отдан йиқилиб тушди.

Мироншоҳни яралаган навкар унинг эгнидаги шоҳона либосларни ва қимматбаҳо қурол-яроқларни тезроқ қўлга киритиш учун бошини кесиб, мурдани яланғочлайди. Либослари ва қуролларини ўзига олиб, Мироншоҳнинг бошини Қора Юсуфнинг ҳузурига элтади. Навкар жаҳонгир Амир Темурнинг учинчи ўғли, бир пайтлар йирик ўлкаларнинг ҳукмдори бўлган Мироншоҳни ўлдирганлигини билмас эди. Манбаларда ёзилишича, навкарнинг бу ишидан қаттиқ ғазабланган Қора Юсуф унинг ўзини ҳам ўлдиришга буйруқ берган. Бу фожеа юз берган пайтда Ми­роншоҳ бор-йўғи 41 ёшда эди. Тарихчиларнинг гувоҳлик беришларича, Қора Юсуф юз берган воқеадан афсусланиб, ке­чирим сўраб, унинг жасадини Самарқанд­га жўнатган. Археолог В.А.Шишкин ўзига маълум бўлган тарихий манбаларга таянган ҳолда Мироншоҳнинг жасади Табриздан Шамси Ғурий исмли дарвеш ҳам­роҳ­лигида Кешга, сўнг Самарқандга келтирилиб, дафн этилган деб ёзади. М.М. Герасимов эса Мироншоҳнинг жасади Табриздан тўғри Самарқандга келтирилиб, дафн этилган деб хулосалайди. Аммо ҳар иккаласи ҳам Мироншоҳнинг Табризда жанг пайтида ҳалок бўлганлиги ва унинг жасади узоқ йўлдан келтирилиб, темурийлар хилхонасида дафн этил­ган­лигини таъкидлаган.

М.Е.Массон ва А.Ю. Якубовскийлар бу ерда Мироншоҳнинг жасади борли­гига шубҳа билан қарайдилар. Улар ўз фикрларини қуйидагича далиллашади:



  1. Мироншоҳ жанг пайтида ҳалок бўл­ган, боши танасидан жудо қилинган. Уни Самарқандга элтиш масаласи пайдо бўлганида, жасадини адаштириб қўйган бўлиши мумкинлиги.
  2. Мироншоҳнинг қабри устида бошқа темурийларникига ўхшаш ёзувнинг йўқлиги.
  3. Бу ерда топилган жасаднинг барча қисмлари ўз ўрнида эканлиги, унинг узоқ йўлдан олиб келинганлиги оқибатида пайдо бўладиган суякларнинг титилиши юз бермаганлиги.


М.М.Герасимов бу фикрларга қўшил­майди ва олиб борилган тинимсиз антропологик тадқиқотлар натижасида юқори­даги олимларнинг шубҳалари ноўрин эканлигини исботлашга ҳаракат қилади.

М.М.Герасимов Мироншоҳнинг суякларини диққат билан ўрганиб чиқиб, у қайта дафн этилганлиги шундоқ кўриниб турганини аниқлади. Унинг боши, қўл ва оёқ панжалари анчайин тартиб­сизроқ жойлаштирилган. Шундай қи­либ, Мироншоҳнинг жасади, М.М.Герасимовнинг аниқлашича, Табриздан Самар­қандга жўнатилишидан аввал яхшилаб мумиёланган ва теридан тикилган қопга солинган. Боши эса алоҳида ўралган. Узоқ ва машаққатли йўл туфайли деярли барча панжа суяклари синиб кетган. Дафн пайтида синган суяклар бир-бирига туташтириб қўйилган.

Мироншоҳнинг қабри чўзинчоқ бўлиб, узунлиги 166 см, эни 54 см, баландлиги 16 см дир. Қабрнинг деворлари тўрт­бур­чакли пишган ғиштлар­дан терилган. Лаҳад ердан қазилган бўлиб, таги ва чеккалари ганч билан мустаҳкамланган. Жасад лаҳаднинг тубида жойлашган.

У тобутсиз дафн этилган. Жасаднинг чап би­қини сал кўтарилиб, тагига тупроқ қўйил­ган. Лаҳадга сув кирганлиги учун жасад анча зиён кўрган. Қабр очилгач, антропологларнинг зудлик билан кўрган чоралари туфайли суяклар сақланиб қолинди. Ай­ниқса, бош чаноғини эҳтиёткорлик ва чидам билан таъмирлашга киришилди. Ми­роншоҳнинг бош чаноғини ўрганишдан шу нарса маълум бўлдики, унинг баъзи тишлари йўқолган. Антропологларнинг фикрича, тишлар Мироншоҳнинг ўлими­дан сўнг йўқолган. М.Герасимов Мироншоҳ­нинг бош чаноғини диққат билан текшириб, тарихий манбаларда ёзилганидек, ҳақиқатдан ҳам унинг боши ўткир тиғ билан кесилганлигини аниқлади. М.Гера­си­мов­нинг фикрича, Мироншоҳнинг бош чаноғининг пастки қисмидаги излар найзанинг тиғидан қолган излардир. Бу ҳолат­лар Мироншоҳ тўғрисидаги тарихий маъ­лумотларни яна бир карра тасдиқлайди ва ушбу очилган қабрда ҳақиқатдан ҳам Мироншоҳ дафн этилганлигини кўрса­та­ди. М.Герасимов қуйидаги хулоса­ларга келган:



  1. Мироншоҳнинг қабри деб очилган жойдан топилган жасад ҳақиқатдан ҳам қайта дафн этилган.
  2. Топилган бош чаноғи танасидан ўткир тиғ билан жудо қилиниб, сўнгра ромбсимон учли найзага ўтқазилган.
  3. Суякдаги барча ўзгаришлар ва белгилар темурийларга хос, наслдан наслга ўтувчи ўзгаришларни ўзида сақлаган.
  4. Мироншоҳ ва Шоҳруҳ ака-ука бў­лишиб, улар бир онадан туғилган. 


Шоҳруҳ Мирзо қабрининг очилиши

17 июнь куни Мироншоҳнинг қабрини очиш давом эттирилди. Унинг жасади батамом тозалаб бўлингач, Шоҳруҳ Мирзонинг қабри устидан оғир тош тахта махсус асбоблар ёрдамида кўтарилиб, Мир Саййид Умарнинг қабри яқинига элтиб қўйилди.

Амир Темурнинг кичик ўғли 73 йил умр кўрган Шоҳруҳ отасининг ўнг томонига қўйилган. Қабрнинг усти темурийлар сулоласига хос равишда ёзувлар битилган кулранг мармар тахта билан ёпилган. Бу тахта мармар тахталардан ясалган ғилофнинг қопқоғидир.

Шоҳруҳнинг жасади ғилофнинг тубига, чап елкаси сал кўтарилган ҳолда қўйилган. Елкаси тагида эса озгина соз тупроқ ҳам сақланган. Жасад бир пайтлар икки хил кафанга ўралганлиги маълум бўлди. Биринчи кафан қора-кўкиш рангда бўлиб, жуда нафис, иккинчи мато эса анча дағал йигирилган жундан тўқилган. Шоҳруҳ суякларининг баъзи жойларида қачонлардир мумиёланган мускулларнинг қолдиқлари учрайди. Шоҳруҳнинг жасадини Ҳиротдан Самарқандга кўчириб келишдан аввал махсус мумиёланган аъзолар чириб кетган ва натижада суяклар яланғоч ҳолда қолган. Шоҳруҳ Мирзонинг боши ва чап елкаси тагига тоза тупроқдан ёстиқча қилиб сал кўтарилиб, боши ўнг ёнига бурилиб, юзи қиблага қаратилган. Унинг бош томонида ёғочдан ясалган қаламдон қўйилган. Қалам­дон ичида бир неча юзлаб силлиқ тошчалар сақланган.

Шоҳруҳ Мирзонинг жасади қабрдан чиқариб олингач, Самарқанд давлат университетига олиб келинди. Суяклар кимёвий усуллар билан тозалангач, антрополог Л.В.Ошанин томонидан ўрганиб чиқилди. Олимнинг фикрича, Шоҳруҳ 70 ёшларга етганида барча тишлари тўкилиб кетган. Антрополог М.Герасимовнинг аниқлашича, Амир Темур 70 ёшида худди 50 ёшли киши каби ғайратли ва бақувват бўлган. Шоҳруҳ эса бу ёшда батамом қариб бўлган. Унинг бўйи 157 см бўлган. Антропологларнинг аниқлашича, Шоҳруҳ бош чаноғининг кўринишиоврўпоча кўринишга эга. Бу қиёфа антропология фанида Фарғона-Помирча кўриниш деб аталиб, у туронликларга хосдир.

Шоҳруҳнинг қабри очилган пайтида жасад мумиёланганлиги маълум бўлди. 

Мирзо Улуғбек қабрининг очилиши 

18 июнда Мирзо Улуғбек қабрини очилди. Буюк мунажжимнинг жасадини жойлаштириш учун яхлит кулранг мармартош ўйиб олинган. Тубига эса тўртта мармар тахта ётқи­зилган. Қабрнинг ичи 210 см, эни 68 см, чуқурлиги эса 61 см. Қабрнинг оғзи қалин мармар тахта билан беркитилган бўлиб, унинг сиртида ёзув мавжуд. Ушбу ёзувда Улуғбек тўғрисида маълумотлар ва ўз ўғли томонидан ўлдирилганлиги ҳақида хабар бор. Улуғбек қабрининг қопқоғи отаси Шоҳруҳ қабрининг қопқоғига жуда ўхшаш ва ёзувларнинг битилиш усуллари ҳам бир хил. М.Массон иккала тошни ҳам бир уста ясаган деган хулосага келган.

Қабр ичида Улуғбек жасадининг қол­диқлари қуйидагича жойлашган: жасад чалқанча қилиб, чап елкасининг тагига озгина тупроқ ўйиб кўтарилган. Бош томонида қизил газламадан тикилган халтачага тупроқ солиб қўйилган. Унинг боши танасидан нари­роқда, юзи ерга қаратилган ҳолда қўйил­ган бўлиб, бош чаноғи билан бирга учта бўйин умуртқаси қўйилган. Учинчи умуртқада ўткир тиғнинг изи яққол кўринади. Қўл ва оёқ бармоқ­лари тартиб­сизроқ, бошқа суяклари эса аслича жойлашган. Кўпчилик суяклар бир неча қават газлама билан ўралган. Газлама қабрнинг тубида – жасаднинг бош ва оёқ томонларида сақланиб қолган. Бу газламалардан кафан сифатида фойдаланилган. Кафанларнинг тагида нафис газламадан тўқил­ган чолворнинг қолдиғи ва унинг тепа қисмида эса белбоғсимон тасманинг қолдиғи сақлан­ган. Жасад билан бирга Улуғ­бекнинг тиззалари­гача етадиган кўйлаги­нинг қолдиқлари ҳам мавжуд.

Улуғбек жасадининг ётиши, уни дафн қилингандан сўнг бошқа безовта қилин­маганлигидан дарак бериб турибди. Суяклар анчайин яхши сақланган бўлиб, фақат чап қўлининг билак қисми тузлар емириши оқибатида сақлан­маган. М.Герасимов ўлдирилган Улуғбек бош чаноғини диққат билан ўрганиб чиқиб, қилич тиғининг изи унинг пастки жағида ҳам қолганлигини аниқ­лади. Унинг фикрича, зарб ниҳоятда кучли бўлиб, Улуғбек тиззаланган ҳолатда бўл­ган ва қотил у билан юзма-юз туриб, ўнгдан чап томонга қараб қилич солган. Умуртқада қолган изларга қараганда, қилич жуда ўткир ва қотил бу борада катта тажрибага эга бўлган. 

Амир Темур қабрининг очилиши

Экспедиция аъзолари олдида турган навбатдаги вазифа жаҳонгир Амир Темурнинг қабрини очиш эди. Соҳиб­қи­роннинг қабрини очиш кўпларда катта ҳая­жон ва қизиқиш уйғотди. Халқ ўртасида жаҳонгирнинг вафоти ҳақида кўплаб ривоятлар юрар эди.

19 июнь, пайшанба куни Соҳибқирон Амир Темурнинг қабрини очишга киришилди. Жаҳонгирнинг қабри ўғил­лари­нинг қабри­дан анча фарқ қилиб, ўз салобати ва улуғ­ворлиги билан ажралиб туради. Унинг қабри 20 сантиметр қалинликдаги оғир мармартош билан бекитилган бўлиб, тошнинг узунлиги 245 см, эни 90 сантиметрдир. Бу қабртошга бошқа, иккинчи юпқа қилиб тарашланган ва ёзув битилган оникс (ақиқ) тоши ёпиштирилган. Ушбу тошнинг тагида 10 см қалинликда ганч қатлам бў­либ, бу қатламнинг тагига лаҳаднинг оғзини ёпиб турган бешта қалин тош тахта ётқи­зилган. Қабрнинг лаҳади тарашланган тош тахталардан ясалган бўлиб, узунлиги 3 м, эни ва чуқурлиги 1 метрдандир 20 июнь куни қабр очиш ишлари давом эттирилди.

Тобутнинг устига қорамтир кўкиш рангли газлама ёпилган эди. Тобутнинг ранги қорамтир, ёғочлари бақувват, силлиқланган тахталардан ясалган бўлиб, алоҳида қопқоғи ҳам бор эди. Тобутнинг тўрт бурчагида тўртта оёқчаси бўлиб, уни зах ерга тегиб туришидан асраган. Тобутни ясаган усталар уни мустаҳ­камлаш учун тўрт бурчакли темир михлардан фойдаланишган. Мутахассислар тобут ва унинг қопқоғи арча дарахтидан ясалганлигини аниқладилар. Шунинг учун ҳам орадан шунча йиллар ўтганлигига қарамай, у яхши сақланган.

Тобутнинг қопқоғи устида икки қисмдан иборат бўлган газлама парчалари, газламанинг бош томонидаги қисмида эса олтин иплар билан солинган нақшлар сақланган. Газлама ёмон сақлангани, яъни қабрни сув босганлиги оқибатида чириганлиги учун нақшнинг бутунича кўринишини тиклашнинг иложи бўлмаган. Газлама ипакдан нафис қилиб тўқилган бўлиб, унинг ўртароғида олтин иплар билан битилган арабча имлодаги ёзувлар бор.

Археолог В.Шишкиннинг тахминига кўра, Амир Темурнинг тобути устига ёзилган газлама қандайдир авлиёнинг қабри устидан олинган ёки Каъбадан олиб келинган бўлиши мумкин. Экспедиция раҳбари, профессор Т.Н.Қори-Ниёзий эса “бу газлама Соҳибқироннинг жанговар бай­роғи бўлиши мумкин” деган тахминни айтган. Тобут устига ёпилган газламанинг ранги қора бўлиб, у ипакдан тўқилган ва тобут қопқоғини бутунича қоплаб турган.

21 июнь, шанба куни ҳам Амир Темур қабрини очиш ишлари давом этди. Тобутнинг қопқоғи, устидаги газлама қолдиқ­лари билан оҳиста кўтариб олингач, атрофни аллақандай хушбўй ҳид қоплади. Соҳибқироннинг жасади узун қилиб ётқизилган ҳолда, юзи эса қибла томонга қаратилган эди. Суякларнинг баъзи жойларига кафан қолдиқлари ёпишиб қолган ва бош, бўйин, оёқ томонларида мумиёланган мускуллар, тери парчалари ётарди. Жасаднинг усти юпқа лойқа ва тузлар билан қопланган бўлиб, бу қабрга кирган сувнинг қолдиқ­лари эди.

Эҳтиёткорлик билан қабрдан чиқа­риб олинган Амир Темурнинг бош чаноғи уч соат давомида соя жойда қури­тилди. Шундан сўнггина бош чаноқни кимёвий усуллар билан мустаҳ­камлаш мумкин бўлди. Бундан олдин антропологлар Амир Темурнинг бош чаноғида қисман сақланиб қолган соч, соқол ва қош­ларнинг қолдиқ­ларини авайлаб кўчириб олдилар. Унинг сочи ва соқолининг ранги сарғим­тир, худди занглаган темирнинг рангига ўхшаш эди. Шунда олимларда, Амир Темурнинг соч-соқоли бўялганмикан деган фикр уйғонди. Шунинг учун кимёгар-олим В.Кононов унинг сочларини кимёвий усуллар билан текшириб кўрди. Олимнинг аниқлашича, соч-соқолнинг ранги табиатан шундай бўлган.

Амир Темурнинг, тарихий манбаларда ёзилганидек, ўнг қўли букилмаслиги ва ўнг оёғи оқсоқ бўлганлиги ҳақидаги хабар ҳақиқатга тўғри келиши исботланди. Тинимсиз ҳарбий юришлар ва жанги жадаллар, ҳамиша отда юриш, метин ирода ва қатъиятли феъл-атвор Соҳиб­қироннинг жисмоний камчиликларини унчалик бўрттириб кўрсатмас эди.

М.Герасимовнинг аниқлашича, Амир Темур 70 йилдан кўпроқ умр кўрганлигига қарамай, унинг бош чаноғида ва бошқа суякларида кексалик аломатлари кўрин­майди.

Амир Темурнинг соч толалари қалин ва тўғри бўлиб, сарғиш-қўнғир рангда, сал-пал оқ ҳам оралаган. Унинг бош чаноғида қошларининг қолдиқлари ҳам сақланган бўлиб, узунлиги 12-14 миллиметргача боради ва ранги тўқ-жигарранг. Мўйлови сақланмаган. М.Герасимовнинг бош чаноқдаги ўрнига қараб аниқлашича, унинг мўйлови узун, лабидан ҳам пастга тушиб турган. 

Муҳаммад Султон қабрининг очилиши

1941 йилнинг 22 июнь, якшанба куни Соҳибқироннинг суюкли набираси Муҳаммад Султоннинг қабрини очишга киришилди. Ўша куни кечқурун экспедиция раҳбари, профессор Т.Н.Қори-Ниёзий йиғилиш ўтказди. Бу йиғилишда Амир Темур, Шоҳруҳ, Улуғбек, Мироншоҳларнинг қабрлари очилганлиги ҳақида тузилган ҳужжатлар ўқиб эшиттирилди ва имзоланди. Йиғилганларга немис-фашист босқичларининг хиёнаткорона уруши ҳақида хабар берилди.

1941 йил 23 июнда ишлар давом эттирилди. Амир Темурнинг суюкли набираси ва валиаҳди бўлмиш, 1403 йили 29 ёшида вафот этган Муҳаммад Султоннинг қабри бобоси қабрининг чап томонида жойлашган. Қабр устида анъанавий ёзувли лавҳа сақланмаган. Қабрнинг ташқи кўриниши ва тузилиши бобосининг қабрига ўхшаш. Лаҳаднинг оғзини ёпиб турган, кўн­даланг ўрнатилган тоштахталар кўчириб олингач, ёғоч тобутнинг чириган парчалари, тобут устида олтин иплар билан ёзув битилган чойшаб парчалари учради. Бу чойшаб А.Н.Кононовнинг аниқлашича, барча белгилари билан Амир Темурнинг қабридан топилган чойшабга жуда ўхшайди. Тобутнинг тахталарида занглаб кетган темир михлар сақланган, қопқоғи чириб, ичига ўпириб тушганлиги учун жасаднинг яхлитлигига путур етган. Жасаднинг устида кафан парчалари сақ­ланган бўлиб, унинг тагидан райҳон барглари топилди. Тобутнинг ичидан хушбуй ҳид таралди. Тубига махсус мато тўшалган. Муҳаммад Султоннинг жасади ҳам шариат қоида­ларига риоя қилинган ҳолда дафн этилган. Соҳибқирон Амир Темурнинг катта ўғли Жаҳонгирнинг ўғли бўлган Муҳаммад Султоннинг бўйи 154 см бўлган.

Муҳаммад Султоннинг саъй-ҳаракати билан ҳозирги Амир Темур хилхонаси ёнида мадраса ва хонақоҳ қурилган. Ибн Арабшоҳ Муҳам­мад Султон олимларнинг ҳомийси бўлганлигини таъкидлаб ўтган.

Шарқшунос В.Бартольднинг аниқлашича, Соҳибқирон Амир Темур 1399 йили ҳарбий юришга йўл оларкан, ўз ўрнига Самарқандда Муҳаммад Султонни қолдирди. 1401 йил март ойи уни Дамашққа чақириб олди. Шундан сўнг у бир неча жангларда қатнашиб, 1402 йили Кичик Осиёгача боришга эришди. Аммо у ёқдан қайтишда йўлда касалланиб, 1403 йилнинг 12 мартида Қораҳисор яқинида вафот этди.

1404 йилнинг мартида марҳум шаҳзоданинг онаси Хонзодабегим Амир Темурдан ўғлининг жасадини Султониядан Самарқанд­га олиб боришга ижозат олди. Кейинчалик Самар­қандга етиб келган Амир Темур суюкли набираси хотирасига янги хилхона бино қилишни буюрди. 


Охирги ўзгариш: 12/09/2015 22:21 Кўрилганлиги: 1589
 
Қидириш
Жами мурожаатлар: 1476 (100%)
Кўриб чиқилган: 1169 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 307 (21%)
 
Вилоят ҳокимлигининг умумий бўлими
 
 
 
mail@samarkand.uz
 
 
Электрон давлат хизматлари

Электрон давлат хизматлари
Очиқ маълумотлар
Онлайн тизимлар




 
 
 

    Сайтга баҳо беринг

Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 2
Мехмонлар: 15
 
Яндекс.Метрика
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг