Чоп этиш версияси  

Қозизода Румий

Мирзо Улуғбек даврида Самарқандда яшаб ижод этган бу олимнинг тўлиқ исми Мусо ибн Мавлоно Муҳаммад ибн Қози Маҳмуд бўлиб, ўз даврида ва ундан кейин ҳам Қозизода Румий номи билан шуҳрат қозонган.

Олим тахминан 1360 йилда Брусса (Кичик Осиё) шаҳрида туғилган. Қозизода Румийнинг илмий фаолияти асосан Самарқандда ўтган. У Самарқандга ўз илмини такомиллаштириш учун келган. Амир Темурнинг сарой олими Мавлоно Аҳмад унинг бу ердаги муаллими эди. Қозизода Румий илмга бўлган муҳаббати ва садоқати билан Улуғбекнинг ҳурматига сазовор бўлган математик ва астроном олимлардан бири эди. Астроном олим Қозизода Румий Ғиёсиддин Жамшид вафотидан сўнг (тахминан 1430 йил атрофлари) Самарқандда олиб борилган астрономик кузатишларга бошчилик қилган. 1420 йили Улуғбекнинг Самарқанддаги мадрасаси қурилиб битгач, Қозизода Румий шу мадрасада аниқ фанлардан астрономия бўйича биринчи мударрис қилиб тайинланади. Барча талабалар сингари Абдураҳмон Жомий, ҳатто Улуғбек ҳам шу мадрасага келиб Қозизода Румийнинг дарсларини тинглаганликлари ҳақида маълумотлар бор.

1424 йили Мирзо Улуғбек Самарқандда расадхона қуриш ишига киришишдан олдин юқорида айтганимиздек, бу масалада самарқандлик йирик олимлар - Ғиёсиддун Жамшид, Мавлоно Муъинуддин Кошифий ва Қозизода Румийлар билан маслаҳатлашади. Бу ҳол «Афлотуни замон» («Ўз даврининг Афлотуни») деб аталган Қозизода Румийнинг ўз замонаси билимларидан тўла фойдаланганлигини ва ўша давр олимлари томонидан тўла тақдирланганлигини кўрсатади. Қозизода Румий мударрислик қилиш ва расадхонада астрономик кузатишлар олиб бориш билан бир қаторда ҳисоб ва юлдузлар илмига оид бир қанча илмий рисолаларни ёзишга ҳам вақт топган. Қуйидаги асарлар унинг қаламига мансубдир:

1. «Рисола фи-л-ҳисоб» («Арифметикага оид рисола»).

2. «Шарҳ мулаххас фил-ҳайъа» («Астрономия асосларига шарҳ»). Шарҳ қилинган асосий асарни Маҳмуд ибн Муҳаммад ибн Умар ал-Чағминий (745/1344 йили вафот этган) ёзган. Бу шарҳ астрономия фанини ўрганувчилар орасида кенг тарқалган ва талабалар қўлида энг зарур қўлланма бўлиб келган.

3. Шамсуддин Самарқандийнинг «Ашкол ат-таъсис фи-л-ҳандаса» («Ҳандаса илмида шакллар асоси») номли асарига шарҳ. Бу шарҳ 1851 ва 1857 йилларда Истамбулда икки марта нашр қилинган.

4. «Рисолат ал-жайб» («Синус ҳақида рисола»).

5. Ат-Тафтазонийнинг «Мифтоҳ ал-улум» («Илмлар калити») номли асарига ёзилган батафсил шарҳ.

Қозизода Румий Ғиёсиддин Жамшиддан бир оз кейин, астрономик жадвалларни тузиш иши тугамасданоқ (яъни 1437 йилгача) вафот этди. Қозизода Румийнинг қадрдон дўсти ва касбдоши Улуғбек олимнинг қабри устига улуғвор мақбара қурдирган. Бу мақбара Самарқандда «Шоҳи Зинда»даги бир гуруҳ мақбаралар ёнидан жой олган. 


Киритилган вақти: 14/09/2015 20:50 Кўрилганлиги: 689
 
Қидириш
Жами мурожаатлар: 1438 (100%)
Кўриб чиқилган: 1169 (81%)
Кўриб чиқилмоқда: 269 (19%)
 
Вилоят ҳокимлигининг умумий бўлими
 
 
 
mail@samarkand.uz
 
 
Электрон давлат хизматлари

Электрон давлат хизматлари
Очиқ маълумотлар
Онлайн тизимлар




 
 
 

    Сайтга баҳо беринг

Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 2
Мехмонлар: 10
 
Яндекс.Метрика
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг