Чоп этиш версияси  

Али Қушчи

Аловуддин Абулҳасан Али ибн Муҳаммад Самарқандий (1474 йилда вафот этган) Улуғбек замонида яшаган ва Улуғбек тарбиясида камолга етган буюк олимдир.

Ғиёсиддин Жамшид ва Қозизода Румийлар вафотидан сўнг Улуғбек расадхонасини қуриш ва бу ердаги олиб бориладиган илмий ишга раҳбарлик қилиш Али Қушчига топширилади ва унинг раҳбарлигида расадхона тамоман қуриб бўлинади. Али Қушчи жуда кўп фаннинг турли соҳаларига оид, хусусан, астрономия масалаларини талқин этувчи асарлар, жумладан, кўп олимларнинг фикрича, йигирмага яқин фандан баҳс этувчи «Маҳбуб ал ҳамойил фи кашф ал масойил» («Масалаларни ечишда севимли камар»), «Рисола дар илми ҳайъат», «Рисолайи ҳисоб», «Шарҳи қофия», «Шарҳи шофия», «Илми сарф» каби мукаммал илмий асарлар ёзган.

Улуғбекнинг чуқур ҳурматига сазовор бўлган Али Қушчи унинг фармони билан Хитойга илмий саёҳатга жўнатилади. Саёҳат натижасида буюк олим ер тузилиши - география ва астрономияга оид қимматли фактлар йиғиб келади ва ўз кўрган-эшитганлари асосида «Тарихи ҳоқони Чин» асарини ёзади. Али Қушчининг бу китоби 1863 йили Истамбулда босилиб чиққан ва француз олими Шарль Шопер асарни 1883 йили Парижда қайта нашр қилган.

Али Қушчининг яна бир танилган асари «Рисоладар илми ҳайъат»дир. Бу асар 1571 йилда АбдуллаАфанди томонидан усмонли турк тилига таржима қилинган.

Али Қушчиннинг яна бир асари «Рисолаи ҳисоб» («Рисолаи муҳаммадия»)дир. Бу асарда ҳиндларнинг ҳисоб юритиш қоидалари ва астрономларнинг ҳисоб юритиш усуллари баён қилинади.

Улуғбек қатл этилгандан кейин икки йил ўтиб 1451 йили бир вақтлар Улуғбек тарбиясида бўлган темурийлардан Султон Абу Саид Самарқанд тахтини эгаллади. У Улуғбекнинг яқинларига, жумладан, Али Қушчига ҳам ҳомийлик қилди. Бу даврда Самарқанддаги маданий ҳаёт бирмунча тартибга келди. Шу даврда Али Қушчи Носируддин Тусийнинг «Тажрид» номли китобига илгари ёзган шарҳини тугатиб, Султон Абу Саидга тақдим қилди. Абу Саид ўлимидан сўнг (1469) хурофот янада кучлироқ бош кўтаради. Дўстлари ва ҳомийларидан ажраган кекса олим Али Қушчи бундай шароитга бардош беролмай ўз ватанини тарк этиб, ўзга элларга кетишга мажбур бўлган. У 1471 йили кўпгина қариндош-уруғлари ва Самарқандда ёзилган асарларнинг анча қисмини олиб, ҳаж қилиш баҳонасида Самарқанддан Табризга қараб йўл олади ва Оққуюнлилар сулоласидан бўлган Узун Ҳасан (857/1453-883/1479) ҳузурига боради. У ердан Узун Ҳасан илтимоси билан элчи сифатида Истамбулга икки юздан ортиқ уруғ-аймоғу, яқин кишилари билан бирга Султон Муҳаммад Фотиҳ ҳузурига келиб, умрининг охиригача шу ерда яшаб қолади. Истамбулда Али Қушчи Султон Муҳаммад Фотиҳга атаб «Рисолаи фатҳия» номли астрономияга оид ва яна бир «Тарихи Аё Сўфия» номли тарихий асарини ёзади.

Ўша пайтдаёқ улуғ олим сифатида танилган Али Қушчига Истамбулда катта эҳтиром ва ҳурмат билан қарар эдилар, Султон Муҳаммад Фотиҳ унга икки юз танга маош белгилайди, олим Истамбулдаги энг йирик ўқув юрти ва илмий муассаса ҳисобланган Аё Сўфия жомесида мударрислик вазифасини адо этиб, Туркияда илм-маърифатнинг ўсиши учун катта хизмат қилади.

Али Қушчи XV асрда Самарқандда туғилиб камол топган, илмий асарларини араб ва форс-тожик тилларида ёзган буюк олимдир. У астрономия, математика, география, геометрия, фалсафа, тарих ва тил каби фанларни мукаммал эгаллаган устоз ва бу фанларни ўрганишни тарғиб ва ташвиқ қилган маърифатпарвар мутафаккир эди. 


Киритилган вақти: 14/09/2015 20:53 Кўрилганлиги: 762
 
Қидириш
Жами мурожаатлар: 1466 (100%)
Кўриб чиқилган: 1169 (80%)
Кўриб чиқилмоқда: 297 (20%)
 
Вилоят ҳокимлигининг умумий бўлими
 
 
 
mail@samarkand.uz
 
 
Электрон давлат хизматлари

Электрон давлат хизматлари
Очиқ маълумотлар
Онлайн тизимлар




 
 
 

    Сайтга баҳо беринг

Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 6
 
Яндекс.Метрика
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг