Бош саҳифа / Вилоят ҳақида / Оммавий ахборот воситалари
  Чоп этиш версияси  

Оммавий ахборот воситалари

Оммавий ахборот воситалари






САМАРҚАНДЛИК ОЛТИН ҚАЛАМ СОВРИНДОРЛАРИ

2007 йил. Мавлуда Аҳтамова – вилоят халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати раҳбари, рағбатлантирувчи мукофотга сазовор бўлди.

2009 йил. Рухсора Ғафурова – «Samarqand-STV» телерадиокомпанияси мухбири «Энг яхши журналистик материал учун (теле) йўналишида 3-ўринни эгаллади.

Гулруҳ Мўминова – “Зарафшон” газетаси мухбири, БМТнинг рағбатлантирувчи мукофотини олди.

2010 йил. Муҳаммаджон Бекмуҳаммедов – «Samarqand-STV» телевизион ижодий уюшмаси директори ўринбосари «Энг яхши журналистик материал учун» (теле) йўналишида 1-ўринни эгаллади.

Наталья Шакирова – «Правда Востока» газетасининг вилоятдаги мухбири. «Энг яхши журналистик материал учун» 3-ўринга сазовор бўлди.

2012 йил. Ҳасан Султонов – эркин ижодкор «Энг яхши карикатура учун» номинацияси ғолиби бўлди.

2013 йил. «Samarqand-STV» телевизион ижодий уюшмаси жамоаси. Журналистика соҳасида бош миллий мукофот билан тақдирланди.

“Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти жамоаси “Энг яхши журналистик материал учун” (босма оммавий ахборот воситалари) йўналишида 2-ўринга муносиб кўрилди.

2014 йил. Ёлқин Оқбўтаев – Самарқанд вилоят телерадиокомпанияси телегуруҳининг махсус мухбири «Энг яхши журналистик материал учун» (теле) 3-ўрин соҳиби.

2015 йил. Самарқанд вилоят телерадиокомпанияси жамоаси «Энг яхши журналистик материал учун (радио) йўналишида 2-ўринни эгаллади.


ВИЛОЯТ “ЗАРАФШОН” ГАЗЕТАСИ

1913 йил апрель ойида Самарқандда маҳаллий туркий-форсий ўрта шевада Маҳмудхўжа Беҳбудий масъул муҳаррирлиги остида “Самарқанд” номи билан газета нашр этилди.

Ҳафтада икки марта, дастлаб икки, 7-8-сонидан кейин тўрт саҳифада, адади 400-500 нусхада чиққан.

1917 йил 16 апрелдан газета “Ҳуррият” номи билан чиқа бошлаган. Газетага журналист ва маърифатчи Саидризо Ализода, 27-сонидан Абдурауф Фитрат, сўнг Ўрунбой ўғли, бир муддат Акобир Шомансуров нашр муҳаррирлиги вазифасини бажарган. 500-1000 нусха атрофида, ҳафтада икки марта чиқиб турган газета моддий қийинчилик туфайли ёпилган.

1918 йил 11 июндан бошлаб “Ҳуррият” газетаси шўро ҳукумати таъсирида “Меҳнаткашлар ўқи” номи билан чиқа бошлади. Масъул муҳаррирлари Иффат хоним (Зоҳида Бурнашева) билан Шокир Мухторий бўлган.

5-сонидан кейин газета номи “Меҳнаткашлар товуши”га айлантирилган. Саидризо Ализода, Муҳаммаджон Юсуфий, Қори Маҳмуд, Қори Муҳаммадраҳим Тожи, Садриддин Айнийлар газетанинг таржима ва таҳрир ишларида иштирок этишган.

1921 йилдан газетанинг номи яна ўзгартирилади – “Камбағаллар товуши”га айлантирилади.

1922 йилнинг октябрь ойига келиб газета “Зарафшон” номи билан чиқади. Газетани қайта ташкил этганлардан бири Ғози Юнус бўлди. Асли тошкентлик бўлган бу инсон газета учун ўзи билан бирга бир неча пуд ҳарф, 150 пуд яхши қоғоз ҳамда икки нафар ҳарф терувчи олиб келади.

Номи ўзгарган газетанинг биринчи сони катта форматда, 6 саҳифада (шундан бир саҳифаси рус тилида), 1500 нусхада чоп этилади. Газетадаги эълонда ушбу нашр “Самарқанд”, “Ҳуррият”, “Меҳнаткашлар товуши”нинг давомчиси эканлиги таъкидланган.

Газетанинг мунтазам чиқиши йўлга қўйилгач, 1923 йил бошларида Ғози Юнус Тошкентга қайтиб кетади. Унинг ўрнига Али Исмоилзода тайинланади.

1925 йилдан газета ҳафтада уч марта чоп этилади.

“Зарафшон” газетаси 1928 йилгача араб имлосида, 1938 йилгача лотин имлосида, 1938 йилдан буён кирилл имлосида чоп этиб келинмоқда.

1928 йилнинг ноябрь ойида Тошкентда чоп этилаётган “Қизил Ўзбекистон” газета редакцияси Самарқандга кўчирилгач, “Зарафшон” фаолиятини вақтинча тўхтатади.

1930 йилнинг 7 ноябрида газета яна чоп этила бошланади ва унга энди “Ленин йўли” деган ном берилади. Газета 1931 йилдан эътиборан кундалик нашрга айланади.

1956 йилнинг 1 августида Самарқанд матбуоти тарихида “Ленин йўли” газетаси биринчи марта А1 форматда чоп этилган.

1964 йилнинг 21 июлида газетанинг 10 000-сони муштарийлари қўлига етиб боради.

Газета 1991 йилдан бошлаб ўзининг эски – “Зарафшон” номи билан чиқа бошлади.

1996 йилда газета илк бора компьютерда терилиб, саҳифаланди.

1999 йил май ойида газетанинг 20 000-сони нашр этилди.

2008 йилда Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди моддий кўмагида қарийб юз йиллик тарихга эга бўлган “Зарафшон” газетасининг энциклопедияси яратилди.

2009 йил 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан “Зарафшон” А2 форматда саҳифаланиб, икки рангда чоп этилди. Шу санадан бошлаб янги форматга ўтилди.

2010 йил 10 июнь. Ушбу сана газетанинг 21 763-сони биринчи ва охирги саҳифалари (саҳифалар кўпайган пайтда, ўртадаги бетлар ҳам) рангли чоп этишга ўтилгани билан тарих саҳифаларида қоладиган бўлди.

2011 йил 29 декабрда “Зарафшон”нинг 22 мингинчи сони нашрдан чиқди.

2011 йилда 30 декабрда “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти ташкил этилди.

* * *

Бугунги кунда “Зарафшон” газетаси таҳририятида ўттизга яқин ижодий ва техник ходимлар меҳнат қилмоқда.

Газета бош муҳаррири Фармон Тошев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилояти бўлими раҳбари ҳисобланади.

Таҳририятда сиёсат; иқтисодий ислоҳотлар ва қишлоқ хўжалиги; таълим ва маданият; ахборот ва спорт; хотин-қизлар ва ёшлар ҳаёти; хатлар ва ижтимоий тадқиқотлар; шаҳар ҳаёти ва коммунал хўжалик; ижтимоий ислоҳотлар ва саломатлик йўналишлари бўйича махсус мухбирлар фаолият кўрсатади.

Газетада ҳар ойда бир марта “Газета ва газетхон”, “Оила даврасида”, “Спорт ва саломатлик”, “Бу бўстон саҳнида…” махсус саҳифалари чоп этилади.

Газетхонлар билан таҳририят ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, газета саҳифаларида муштарийлар фикр-мулоҳазалари, жамият ҳаётига бўлган муносабатларини янада эркинроқ билдиришлари учун “Муштарий фикри”, “Виждоннинг бугунги сўроғи”, “Ким қилади-я шугинани-я!”, “Бир мавзуда икки фикр”, “Хат таҳрирсиз босилмоқда”, “Хатлардан сатрлар”, “Рўзғорини уддалаётганлар”, “Ишонч телефони”га айтишларича...” каби рукнлар анъана тусини олган.

Фуқароларга ўз ҳуқуқ ва бурчларини яхшироқ билиб олишлари учун савол-жавоб мазмунида “Сўраган эдингиз”, “Саволларингизга адвокат жавоб беради”, “Бошлиққа саволингиз борми?” каби махсус рукнлар остида материаллар бериб борилмоқда.

“Зарафшон” газетасининг интернетдаги www.Zarnews.uz сайти 2007 йилдан буён мунтазам ишлаб турипди. Веб-сайтга асосан хабар мазмунидаги материаллар, мулоҳазали ва ижтимоий-иқтисодий мавзулардаги мақолалар жойлаштирилмоқда. 2006 йилдан буён “Зарафшон” газетаси ҳузурида “Журналистик маҳорат маркази” ишлаб келмоқда.

Мустақиллик йилларидаги ижодий ютуқлар

1999 йил

Газета мухбири Маҳбуба Шаропова «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.

2000 йил

Газета бўлим мудири Сулаймон Ҳусаинов «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист» фахрий унвонини олди.

2001 йил

«Наврўз – боқий байрам» Республика танловида «Зарафшон» газетаси таҳририяти Наврўз мавзусида берилган туркум мақола ва безакли саҳифалар учун «Энг яхши таҳририят» номинацияси бўйича рағбатлантирувчи совринга муносиб деб топилди.

2002 йил

Саидризо Ализода таваллудининг 115 йиллиги муносабати билан у яшаган уйда маърифатпарвар журналистнинг уй-музейи очилди.

2003 йил 

«Наврўз – боқий байрам» республика танловида «Зарафшон» газетаси ғолиб деб топилди.

Газета бош муҳаррири Фармон Тошев «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланди.

2005 йил

«Зарафшон» газетаси таҳририяти жамоаси «Энг улуғ, энг азиз» Республика кўрик-танловининг ғолиби бўлди.

2006 йил

«Зарафшон» газетаси таҳририяти қошида «Журналистик маҳорат мактаби» очилди.

Газета масъул котиби Адҳам Ҳайитов «Шуҳрат» медали билан тақдирланди. 

2007 йил

Вилоятда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг боришини батафсил ва тезкор ёритишдаги алоҳида хизматлари, халқимизнинг бетакрор анъаналарини бойитишга қўшаётган муносиб ҳиссаси, маънавий-маърифий тарбия, миллий ғоя тарғиботи соҳасидаги ибратли ишлари учун ҳамда ташкил топганига 90 йил тўлиши муносабати билан «Зарафшон» газетаси вилоят ҳокимлигининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.

2009 йил

Гулруҳ Мўминова журналистика соҳасида «Олтин қалам» тўртинчи миллий мукофоти учун танловнинг рағбатлантирувчи мукофотини олди.

Акрам Ҳайдаров «Йилнинг энг фаол журналисти» Республика танлови совриндори бўлди.

2010 йил

Ғолиб Ҳасанов «Йилнинг энг фаол журналисти» Республика танлови ғолиби бўлди.

2012 йил

«Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари музейига асос солинди.

«Зарафшон» газетаси таҳририяти ЮНИСЕФ билан Ўзбекистон ҳукумати ўртасида 2010-2015 йиллар учун мўлжалланган ҳамкорлик дастури лойиҳасининг вилоятдаги координатори этиб тасдиқланди.

2013 йил

Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети ўқитувчилари ва магистрлари билан Самарқандда «Матбуотнинг жамоатчилик фикрини шакллантиришдаги роли» («Зарафшон» газетаси фаолияти мисолида) мавзуида илмий-амалий семинар ўтказилди.

Газета таҳририяти жойлашган Матбуот уйи замонавий услубда реконструкция қилинди.

«Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари бирлашган таҳририяти журналистика соҳасида “Олтин қалам” миллий мукофоти учун саккизинчи халқаро танловда иккинчи ўринга сазовор бўлди.

“Зарафшон” газетаси мухбири Анвар Мустафоқулов “      Йилнинг энг фаол ёш журналисти” танлови ғолиби бўлди.

Таҳририят қошидаги “Журналистик маҳорат маркази” “Журналистика – ижодий фан” танловида иккинчи даражали диплом билан тақдирланди.

«Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари бирлашган таҳририяти “ННТ фаолиятини ёритган энг яхши таҳририят ва журналист” танловида иккинчи ўринга сазовор бўлди.




ИЗ ИСТОРИИ САМАРКАНДСКОГО ВЕСТНИКА

Необходимо отметить, что в разные годы одна из старейших газет нашей области выходила под разными названиями.

Первый номер издания вышел 11 июня 1917 года под названием “Самарканд”. В октябре того же года газета стала называться “Известия Исполнительного комитета Самаркандского городского Совета рабочих, красноармейских и дехканских депутатов”.

В 1918 году печатный орган был переименован в “Голос Самарканда”, а в 1921 году в “Пролетарий”.

С 1923 года газета выходит в качестве приложения к газете “Зарафшон”, с 1927 года издается как “Узбекистанская правда”.

С 1938 по 1991 годы газета носит название “Ленинский путь”.

В 1956 году издание впервые переходит на большой формат.

В 1967 торжественно отмечается 50-летие газеты. В связи с этим она награждается орденом “Знак почета”, который к знамени газеты прикрепил Шароф Рашидов.

В 1977 и 1987 годах официально празднуются соответственно 60 и 70-летние юбилеи издания.

В разные годы главными редакторами газеты были В.Калаев, И.Иванов, Р.Шакирбеков, В.Попов, П.Алексеев, В.Алышев, В.Ходасевич, Л.Корсунский, Б.Щеголихин, В. Пустовалов, Д.Якубова.

С 2012 года, в связи с учреждением согласно постановлению Самаркандского областного Совета народных депутатов, объединенной редакции газет “Зарафшон” и “Самаркандский вестник” творческим коллективом руководит Ф. Тошев.

Заметный след в истории “Самаркандского вестника” оставили такие журналисты, как Михаил Захаров, Роман Богомольный, Тимур Дагджи, Константин Волков, Рафаэль Соколовский, Владимир Жидков, Василий Пушкарев, Гияс Ашуров, Владимир Каримов, Бронислава Гервиц, Светослав Фенютин, Альфред Баранов, Яков Бакман, Юрий Кружилин, Александр Танхельсон, Алексей Шубакин, Ирина Киреева, Михаил Иосько, Валерий Сычкин, Юрий Добрынин, Виктор Тимченко, Владимир Огальцов, Таир Каримов, Евгений Мочалов, Галина Троицкая, Наталья Шакирова, Тулкин Касымов и другие.

Как уже отмечалось, с 2012 году одна из старейших газет нашей области становится структурой объединенной редакции газет “Зарафшон” и “Самаркандский вестник”. На этом этапе своей истории издание предстает перед читателями в качественно новом имидже. Газета переходит на большой формат, становится цветной. Приоритетным направлением творческой концепции газеты определяется ее информационная насыщенность.

Поэтапно реализуется проект модернизации материально-технической базы издания. В настоящее время ведется работа над созданием сайта “Самаркандский вестник”.






САМАРҚАНД ВИЛОЯТ ТЕЛЕРАДИОКОМПАНИЯСИ

Компания директори - Тўраев Фарҳод Ботирович.

Мамлакатимизда илк бор 1927 йилнинг 11 февраль куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон радиоси ўз ишини бошлаган. Ана шу санани Самарқанд радиоси фаолияти бошланган кун сифатида ҳам эътироф этиш мумкин. 1927 йилнинг 9 ноябридан эса радио эшиттиришлар дастур асосида мунтазам равишда эфирга узатила бошланган.

1924-1930 йилларда шаҳар марказидаги Амир Темур кўчасида радио ходимлари фаолият кўрсатишиб, республикамизнинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётидаги воқеалар, янгиликларни ёритиб борган.

Ўтган асрнинг 40-йиллари охири, 50-йилларнинг бошида вилоят радиоэшиттиришлар қўмитасига илк бор “МАК-8” русумли магнитофонлар олиб келинди. Вазни қарийб 70 килограмм бўлган бу магнитофонлар янги канал очиш ва эшиттиришлар сифатини яхшилаш, хабар ва янгиликларни тингловчиларга сифатли етказишга имкон яратди.

1958 йилдан вилоят радиоси эшиттиришларини илк бор сим орқали тўғридан-тўғри ҳаво мавжларига узатиш йўлга қўйилди.

1956 йил охирида Тошкентда телевизион марказининг ишга туширилиши Республика маданий ҳаётида катта воқеа бўлди.

1957 йилда Тошкент-Самарқанд орасида радиорелей алоқаси ўрнатилди. Бу Тошкентдаги телевизион марказдан Самарқанд учун ҳам радиоэшиттиришларни олиб бериш имкониятини яратди.

Самарқандлик бир гуруҳ ижодкорлар томонидан 1989 йилда илк бор кўрсатувлар тайёрлашга уринишлар бўлди. Ўша даврда вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий ҳаётига оид кўрсатувлар Чўпонота радиоэшиттириш ва телекўрсатувларни эфирга узатиш марказидан оддий видеомагнитофонлар орқали телетомошабинлар ҳукмига ҳавола этилди.

1991 йилда монтаж ва эфир учун узатиш аппаратлари келтирилди. 6 июндан бошлаб вилоят телевидениесида ҳафтанинг душанба, чоршанба ва жума кунлари 3 соатлик кўрсатувлар тайёрланиб, эфирга узатила бошланди.

Кўрсатувлар Россияда ишлаб чиқарилган “КАДР-ИОЗ СС” ва “Электроника-ВМ-12” русумли видеомагнитофон, “МЕЗ-109” русумли аудиомагнитофони, шунингдек, “Panasonic", "Sony-Е-70" русумли видеокамера, “Синхронезатор СТС-4” русумли ускуналар ёрдамида тайёрланган.

Бугунги кунда вилоят телерадиокомпаниясида телевидение, радио ва техник бўлимлари фаолият кўрсатмоқда. Сўнгги йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги янгиликларни амалиётга тадбиқ этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар туфайли вилоят телерадиокомпанияси ҳам энг сўнгги русумдаги телерадио аппаратуралар билан жиҳозланди. Бу эса кўрсатув ва эшиттиришларнинг сифати, мазмун-моҳиятини янада бойитишга хизмат қилмоқда.

Вилоят телерадиокомпаниясининг “Самарқанд” телеканали кўрсатувлари ҳар куни эрталаб соат 06.00 дан 24.00 гача, ўрта ҳисобда кунига 18 соат давомида эфирга узатилади. Бунда турли хил ахборот, маданий-маърифий, мусиқий ва кўнгилочар дастурлар, видеофильм ва телесериаллар ўрин олган.

Вилоят радиоси орқали ҳам ҳар куни 18 соат (06.00 дан 24.00 гача) эшиттиришлар эфирга узатилади. Эшиттиришлар ўзбек, рус ва тожик тилларида тайёрланади.

Вилоят радиоси эшиттиришлари FМ (МУ)-1539 кг.ц ҳамда ЧМ (УКВ) 4,45 метрли тўлқинлар орқали берилади.

Эшиттиришлар муҳарририят томонидан ишлаб чиқилган дастур асосида тайёрланади. Асосан ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ва бошқа соҳаларга оид янгиликлар, кўнгилочар дастурлардан иборат.

Вилоят Телерадиокомпанияси реклама-тижорат бўлими компания моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, реклама роликлари тайёрлаш, корхона ва ташкилотлар билан шартномалар тузиш ишлари билан шуғулланади.

Техник бўлим ходимлари кўрсатув ва эшиттиришларнинг техник сифатини яхшилаш, тасвирга олиш, монтаж қилиш ва эфирга узатиш ишларини амалга оширадилар.

Компанияда ҳозирда битта катта телестудия, иккита радиостудия мавжуд. Телестудияда Германиянинг BFE фирмаси томонидан ишлаб чиқарилган 3 дона SXDNW-7P телекамера, 3 дона DVCAM DSR видеомагнитофони, компьютер жамланмалари ва бошқа замонавий телеускуналар ўрнатилган.

ТЖКнинг 5 дона DVCAM DSR телекамералари орқали жойлардан кўрсатув, лавҳа ва репортажлар ёзиб олинади. Телевидение кўрсатувлари битта мураккаб монтажхона ва замонавий компьютерлар билан жиҳозланган монтажхоналарда тайёрланади.

Айни пайтда вилоят телевидениеси  ижодкорлари томонидан вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ва маданий ҳаётига оид воқеа-ҳодисалар, янгиликлар “Диёр янгиликлари” информацион, “Тафсилот” ахборот-таҳлилий дастурлари орқали кенг ёритиб борилмоқда.

Вилоятда истиқомат қилаётган турли миллат вакилларининг ўзаро дўстона муносабатлари, миллий қадриятлари, удум ва анъаналари ҳақида ҳикоя қилувчи “Олтин халқа”, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ва бошқа соҳалардаги ислоҳотлар самараларига бағишланган “Муносабат” ток-шоуси, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги ишлар таҳлили ҳамда турли ижтимоий масалалар хусусида ҳикоя қилувчи “Долзарб мавзу”, вилоят ёшларининг эзгу интилишлари, истиқболли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларни акс эттирувчи “Ёшлар вақти”, тиббиёт соҳасидаги янгиликлар, даволашнинг илғор ва самарали усулларини амалиётга қўллаш борасидаги интилишлар, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, “Соғлом она – соғлом бола” тамойили асосида амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги “Саломат бўлинг!”, “Диёр табиати”, “Юртим жамоли”, “Келажак пойдевори”, “Ойдин оқшом”, “Янги тонг”, “Саломатлик”,, “Соғлом она - соғлом бола”, “Аёл қалби”, “Ёнимиздаги одамлар” сингари  60 га яқин муаллифлик кўрсатувлари тайёрланиб, эфирга узатилмоқда.

Бундан ташқари, “Диёр янгиликлари” информацион дастури ҳафтада уч кун, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий мавзулардаги кўрсатувлар ҳар куни Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Диёр” телеканали орқали эфирга узатилмоқда.

Радиостудия ва монтажхоналар ҳам давр талабига жавоб берадиган техник ускуналар билан таъминланган.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда телерадио узатиш тизимини рақамли форматга ўтказиш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Самарқанд вилоят телерадиокомпанияси кўрсатув ва эшиттиришлари ҳам Республикамизда биринчилардан бўлиб рақамли форматда эфирга узатила бошланди. Бу эса телерадиомаҳсулотларни юқори сифат ва тиниқликда мухлисларга етказиш имконини яратди.

2013 йилда телевидениенинг моддий-техник базаси янада мустаҳкамланиб, иш шароитлари яхшиланди. Ижодкорлар ва техник ходимлар ихтиёрига 11 та компьютер жамланмаси топширилди. Эфирни сифатли  узатиш мақсадида яна 4 та худди шундай компьютер жамланмаси ишга туширилди.

Радио эшиттиришлари монтажи учун 2 та компьютер жамланмаси  келтирилиб, ўрнатилди. Шунингдек, радиоижодкорлар шу даврда  4 дона OLIMPUS диктофонлари билан таъминланди.

Вилоят телерадиокомпанияси маблағлари ҳисобидан 2 дона SONY HDV NEX-EA50K видеокамераси, 6 дона телевизор, 2 дона Сenix диктофонлари ва 5 дона аккумулятор сотиб олинди.

2015 йил давомида келтирилган SONY PXW-X160 маркали 3 дона рақамли телекамера, SONY UWP-D11 рақамли радиомикрофонлар ҳамда видеомикшерлар телерадио ижодкорларнинг меҳнатини самарали бўлишини таъминламоқда.

Бугунги кунда вилоят телевидениесида жами телекамералар сони 9 тани ташкил этмоқда.

Телерадио журналистлар ва техник ходимларнинг самарали фаолият юритишларини таъминлаш мақсадида компания моддий-техника базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, вилоят ҳокимлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг амалий кўмагида вилоятнинг маъмурий маркази – Самарқанд шаҳри Кўксарой майдонида вилоят телерадиокомпанияси учун 4 қаватли бино қайта таъмирланиб, янги, барча талабларга жавоб берадиган замонавий телестудия барпо этилди. Бу қулайликлар ходимларни замонавий шароитларга эга бўлган бинода янада самарали ишлашга ундамоқда.








ВИЛОЯТ “ОВОЗИ САМАРҚАНД” ГАЗЕТАСИ

“Овози Самарқанд” газетаси 1990 йил 1 январдан нашр этиб келинади.

Газетани ташкил этиш ва вилоятдаги оммавий ахборот воситалари ўртасида ўз ўрнини топишида Нор Остонзода, Хурсанд Жумаев, Ҳазрат Сабоҳи, Адаш Истад, Бахтиёр Жумаев, Асадулло Шукуров, Тошқул Азимов, Раҳматилло Шарифзода, Акбар Қосимов, Гулчеҳра Ҳалимова, Шоиста Аббосова, Озоджон Хидиров, Шўҳратжон Аноров, Шавкати Музаффар, Зоҳир Ҳасанзода, Мирсафо Камоли сингари истеъдодли журналистларнинг алоҳида тилга олинади.

Газета саҳифаларида таниқли олимлар, ёзувчилар, тажрибали ўқитувчилар ва турли касб эгаларининг чиқишлари, таҳлилий мақолалари чоп этилди ва бугунги кунда ҳам давом этмоқда. Шу ўринда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоблари, таниқли олимлар Ботурхон Валихўжаев, Холиқ Мирзозода, Раҳим Муқимов, Акбар Аҳтамов, фан докторлари Садри Саъдиев, Аслиддин Қамарзода, Санъат Муҳаммадиев, Абдусалом Саиджонов, доцентлар Хуршид Самибоев, Абдусалом Самадов, Жумақул Ҳамроев, ёзувчилар Болта Ортиқов, Адаш Истад, Муқимжон Орифий, Даврон Сафозода шоирлар Салим Кенжа, Акбар Пирузий, Ҳамроқул Даврон, Нормурод Каримзода, Маҳбуба Неъматзодаларни назарда тутмоқдамиз.

Газетага журналист ва ёзувчи Нор Остонзода илк бор бош муҳаррирлик қилган.

1997 йилнинг октябрь ойидан газетага филология фанлари номзоди, адабиётшунос олим Ғафуржон Маҳмудов бош муҳаррир этиб тайинланди. Унинг тадбиркорлик ва ишбилармонлик хислатлари газетанинг янада жонланишига, муштарийлари сонининг кўпайишига хизмат қилди.

2011 йил 1 мартдан Озоджон Хидиров (Ҳамидзода) “Овози Самарқанд” газетасига муҳаррирлик қилиб келмоқда.

Бугунги кунда газетхонлар истеъдодли журналистлар Шуҳратжон Аноров, Бахтиёр Жумаев, Тошқул Азимзода, Раҳматулло Шарифзода, Дилрабо Насимова, Дамир Нуров, Дилдора Ҳалимова, Дилафрўз Облоқулова, Мадинабону Азимова, Қобил Муҳаммадиевлар қаламига мансуб хабар ва мақолалардан баҳраманд бўлишмоқдалар.

“Овози Самарқанд” газетаси ёшлар маънавиятининг мустаҳкам тарбиявий минбарига айланиб бораётганлигини, унда Самарқанд олий ўқув юртларида таълим олаётган қатор талаба-ёшларнинг кишини мулоҳаза қилишга мажбур этувчи мақолалари чоп этилаётганини айтиб ўтиш ўринлидир.

Бугун газета саҳифаларида “Оила”, “Мардумгиёҳ”, “Муғжа”, “Омўзгор”, “Бозор”, “Шифо”, “Бибихонум”, “Футбол” каби махсус саҳифалар чоп этиб келинмоқда. Газетанинг ҳар бир сонини қизиқарли ва ўқимишли мақолалар билан таъминлашда жамоатчи мухбирлар Акбар Усмонов, Зоҳир Ҳасанзода, Толиб Юнусзода, Аллаёр Худоёрзода, Абдурафиқ Сангинов, Самад Қурбонов, Сарвинисо Нарзуллаева, Файзулло Нарзуллаев, Ҳамза Жўра, Пардақул Тўрақуловларнинг ҳиссаси катта бўлмоқда.


Охирги ўзгариш: 13/06/2017 17:52 Кўрилганлиги: 4922
 
Қидириш
Жами мурожаатлар: 1424 (100%)
Кўриб чиқилган: 1169 (82%)
Кўриб чиқилмоқда: 255 (18%)
 
Вилоят ҳокимлигининг умумий бўлими
 
 
 
mail@samarkand.uz
 
 
Электрон давлат хизматлари

Электрон давлат хизматлари
Очиқ маълумотлар
Онлайн тизимлар




 
 
 

    Сайтга баҳо беринг

Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 2
Мехмонлар: 3
 
Яндекс.Метрика
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг