Бош саҳифа / Вилоят ҳақида / Факт ва рақамлар
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Факт ва рақамлар

2015 ЙИЛНИНГ ЭНГ ЭСДА ҚОЛАРЛИ ВОҚЕА ВА ҲОДИСАЛАРИ

ЯНВАРЬ
1 январь – йилнинг биринчи кунида вилоятда 150 нафар чақалоқ дунёга келди.
– Пахтачи, Жомбой туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳрида маданият ва аҳоли дам олиш марказлари фаолият бошлади.
3 январь – Самарқанд шаҳридаги 24-сон ва Пайариқ туманидаги 17-сон болалар мусиқа ва санъат мактабларининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
4 январь – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайловини ўтказувчи 52-Булунғур сайлов округида такрорий овоз бериш ўтказилди.
6 январь – Самарқанд шаҳридаги "8 Март" масъулияти чекланган жамияти негизида ташкил этилган "Afrosyob jeans" корхонасида жинси матодан болалар, эркаклар ва аёллар шимлари ишлаб чиқариш йўлга қуйилди.
7 январь – вилоят Матбуот уйида вилоятни ижтимоий иқтисодий ривожлантириш дастури: саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг асосий мақсадли параметрлари ижросига бағишлаб вилоят ҳокимининг ўринбосари Хайриддин Хўжаёров иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
8 январь – вилоят ҳокимлигида халқ депутатлари вилоят кенгашининг биринчи сессияси бўлиб ўтди. Сессия қарори билан вилоят Кенгашининг регламенти тасдиқланиб, доимий комиссиялар тузилди ва доимий комиссиялар таркиби тасдиқланди. Зойир Мирзаев Самарқанд вилояти ҳокими этиб тасдиқланди.
– вилоятдаги барча тоифадаги хўжаликларда боқилаётган қорамоллар сони 1 миллион 468 мингтага, қўй-эчкилар 2 миллион 60 минг бошга ва йилқи сони қарийб уч мингтага етди.
10 январь – Қуролли Кучлар тизимида ўтказилган "Энг илғор мутахассис" Республика кўрик-танловида Каттақўрғон шаҳридаги ҳарбий қисм дивизион командири, майор Темур Ҳамзаев "Энг илғор батальон командири" йўналиши бўйича ғолиб бўлди.
13 январь – халқ депутатлари Самарқанд вилоят, туман ва шаҳар кенгашларининг қўшма мажлиси бўлди. Унда қуйидагилар Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб сайландилар: Зойир Мирзаев, Зайнаб Бердиева, Абдимўмин Жўраев, Ёлқин Қабулниёзов, Нигора Раббимова, Норқул Содиқов.
- Самарқанд шаҳридаги Концерт залида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 23 йиллигига бағишланган йиғилиш ҳамда байрам концерти бўлиб ўтди.
– Иштихон туманидаги "Халқобод" маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 124-сонли милиция таянч пункти профилактика катта инспектори, майор Акбар Жалилов "Намунали милиция таянч пункти" кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиби бўлди.
– вилоят ҳокимлигида халқ депутатлари вилоят кенгашининг иккинчи сессияси бўлиб ўтди. Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд округ сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар кўрсатиш масаласини муҳокама этдилар.
15 январь – Булунғур туманидаги "Чангалпоён" маҳалласида янги қишлоқ врачлик пункти фойдаланишга топширилди.
– Самарқанд шаҳридаги "Афросиёб" спорт мажмуасида "Кексаларни эъзозлаш йили"га бағишлаб нуронийлар иштирокида узунликка сакраш, югуриш ва халқага тўп ташлаш бўйича спорт мусобақаси ўтказилди.
24 январь – Вилоят педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти доценти Ҳамроқул Рофиев "Енгил атлетика ва уни ўқитиш методикаси" ўқув қўлланмаси учун "Йилнинг энг яхши дарслиги ва ўқув адабиёти муаллифи" Республика танловида биринчи ўринга сазовор бўлди.
25 январь – Пахтачи туманидаги "Жаҳонобод" маҳалла фуқаролар йиғини учун янги бино фойдаланишга топширилди.
26 январь – Вилоят сайлов комиссияси Самарқанд вилоятидаги сайловчилар умумий сони 2 миллион 294 минг 602 кишини ташкил этишини инобатга олиб ҳамда тақдимномалар асосида округ бўйича 957 та сайлов участкасини тузиш тўғрисида қарор қабул қилди.
29 январь – Россиянинг "Аэрофлот" авиакомпанияси билан тузилган шартномага мувофиқ, "Самарқанд–Москва–Самарқанд" йўналиши бўйича авиайўналиш йўлга қўйилди.
- Вилоятда 224 800 нафар пенсионер, 337 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 5950 нафар фронт орти меҳнат фахрийлари яшаётгани қайд этилди.
 

ФЕВРАЛЬ
- Ички бозорни халқ истеъмол моллари билан тўлдириш, қишлоқ хўжалик корхоналари, фермер хўжаликлари ва аҳолига техник хизмат кўрсатиш мақсадида туманларда 138 та агрофирмалар ташкил этилди.
3 февраль – вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Нарпай туманида сайёр қабул ўтказди. Унда тумандаги маҳаллалар фаоллари, ижтимоий соҳалар раҳбарлари, тадбиркорлар ўзлари дуч келаётган муаммолар, мавжуд камчиликлар ҳақида вилоят ҳокимига мурожаат қилдилар.
–Самарқанд шаҳар ҳокимлиги хотин-қизлар қўмитаси қошида "Аёллар маслаҳат маркази" иш бошлади.
–Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ер ва кредит ажратиш, коммунал ва архитектура идоралари билан боғлиқ масалаларда бюрократик ҳамда сансалорлик ҳолатларига барҳам бериш ҳамда мавжуд муаммоларни тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида вилоят ҳокимлигида Ишонч телефонлари жорий қилинди.
Шунингдек, тадбиркорларни ҳафтанинг сешанба ва шанба кунлари соат 10:00 дан 13:00 гача вилоят ҳокими бошчилигида қабул қилиш ва муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилиш тизими йўлга қўйилди.
5 февраль – вилоят мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитларни биринчи кузатиш маросими ўтказилди.
– вилоятда йўловчи ташиш билан шуғулланувчи уюшмалар сони 85 та, лицензияли автотранспортлар сони 2,5 мингтага етди.
9 февраль – Алишер Навоий таваллудининг 574 йиллиги муносабати билан Самарқанд шаҳридаги аллома номидаги боғда вилоят ва шаҳар жамоатчилиги иштирокида тадбир ўтказилди.
10 февраль – вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Оқдарё туманида сайёр қабул ўтказди.
– Каттақўрғон туманидаги Кадан қўрғонида 1-сон марказий маданият ва аҳоли дам олиш маркази фойдаланишга топширилди.
– Олий ва ўртамахсус таълим вазирлиги томонидан ўтказилган "Китобхонлар байрами" танловида Самарқанд давлат университети жамоаси учинчи, талабалар ўртасида эса университет талабаси Ойдиннисо Насриддинова иккинчи ўринни қўлга киритди.
11 февраль – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археология институти директори Амриддин Бердимуродов ва Самарқанд давлат чет тиллар институти ўқитувчиси Дилфуза Атауллаева Франция давлатининг "Академик пальма" ордени билан тақдирланди.
13 февраль – Самарқанд шаҳридаги Концерт залида Зулфия таваллудининг юз йиллигига бағишлаб бадиий-мусиқий кеча ўтказилди.
14 февраль – Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институтида Жанубий Корея ва Ўзбекистоннинг архитектура соҳаси олимлари иштирокида семинар ўтказилди.
– Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд округ сайлов комиссияси туман ва шаҳар кенгашларининг тавсиялари асосида 2015 йил 11 февралдаги қарори билан округ ҳудудидаги 957 та участка сайов комиссияси таркибини тасдиқлади.
16-22 февраль – “Кексаларни эъзозлаш йили” муносабати билан "Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!" шиори остида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида саломатлик ҳафталиги ташкил этилди. Унда кексалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, касаллик аниқланган беморларга даволаниш учун йўлланмалар берилди.
Шунингдек, шифокорлар тиббий кўрикка келолмаган нуронийларнинг хонадонларига бордилар.
17 февраль – вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Пастдарғомда ўтказилган қабулида аҳолининг ўттиздан ортиқ мурожаатларини тинглаб, мутахассисларни жалб этган ҳолда ўрганиш ва ҳал этиш бўйича тегишли ташкилотлар раҳбарларига топшириқлар берди.
– Тошкентда 8-10 ёшли болалар ўртасида ўтказилган шахмат бўйича Ўзбекистон чемпионатида самарқандлик 8 ёшли Акобирхон Саидалиев чемпионликни қўлга киритди. У 5 ёшида Халқаро шахмат федерацияси аъзолигига қабул қилинган.
– Пахтачи туманидаги "Зиадин Авто Сардор" МЧЖ томонидан “Кексаларни эъзозлаш йили” муносабати билан 60-70 ёшли отахон ва онахонлар учун автобус йўл кира ҳақи 50 фоизга арзонлаштирилди. 70 ёшдан ошган нуронийларга эса бепул хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди.
18 февраль – Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров вилоят сайловчилари билан учрашди.
20 февраль – шу кундан эътиборан йил давомида якшанба кунлари 60 ёшдан ошган фуқаролар учун вилоятдаги барча кинотеатрларга кириш бепул қилинди.
20-24 февраль – вилоят ҳокими З.Мирзаев Самарқанд давлат медицина институти, Самарқанд давлат чет тиллар институти ва қишлоқ хўжалик институти профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари билан учрашди.
24 февраль – Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов самарқандлик сайловчилар билан учрашди.
– Самарқанд Темир йўл вокзалида муддатли ҳарбий хизматдан қайтиб келган бир гуруҳ аскарлар вилоят ва шаҳар ҳокимлиги, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими вакиллари ҳамда аскарларнинг ота-оналари томонидан кутиб олинди.
26 февраль – Самарқанд автомобиль заводи конвейерида йигирма мингинчи автомобиль ишлаб чиқарилди.
– Самарқанд давлат университетида олий ўқув юртлари битирувчилари учун "Карьера кунлари–2015" тадбири ўтказилди. Шу куни 200 нафарга яқин битирувчилар бир қатор корхона ва ташкилотлар билан меҳнат шартномаси имзолади.
28 февраль – Жомбой туманидаги"Жомбойшароб"корхонаси Москвада ўтказилган "ПродЭкспо–2015" халқаро кўргазмасида жаҳоннинг 65 та мамлакатидан ташриф буюрган 2000дан ортиқ фирма ва компаниялар орасида олтин медални қўлга киритди.
Ой давомида: марказий банк вилоят бош бошқармасининг раҳбар ва масъул ходимлари томонидан вилоятнинг шаҳар ва туманларида сайёр қабул ўтказилди.

МАРТ
1 март –март ойидан бошлаб эфирга чиқа бошлаган “Sevimli TV” биринчи интернет-телеканали лойиҳасида “Самарқанд телевидениеси” масъулияти чекланган жамияти ҳам иштирок этишни бошлади.
2 март – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов Самарқанд вилояти сайловчилари билан учрашди.
3 март – Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ташаббуси билан таниқли санъат ва маданият вакилларининг самарқандлик ёшлар ва санъат ихлосмандлари билан учрашуви ўтказилди.
–Самарқанд шаҳридаги Марказий ҳарбий округ сержантлар тайёрлаш мактаби битирувчиларига сертификат ва кўкрак нишонлари тарқатилди.
5 март – Венгриянинг Эгер шаҳрида бўлиб ўтган паралимпиячилар ўртасидаги дзюдо бўйича жаҳон кубогида пастдарғомлик Дурбек Бердиёров олтин медаль билан тақдирланди.
– Бухоро шаҳрида ўтказилган миллий кураш бўйича мамлакат чемпионатида Самарқанд вилояти вакиллари иккита олтин, иккита кумуш ва тўртта бронза медални қўлга киритди.
7 март – вилоятнинг энг чекка ҳудудларида истиқомат қилаётган хотин-қизларни Самарқанд шаҳрида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари билан таништириш ҳамда тарихий обидаларни зиёрат қилиш мақсадида саёҳат ташкил этилди.
– Япониянинг FUJI-ТV телеканалида намойиш этилган Ўзбекистон ҳақидаги кўрсатувда Самарқанд шаҳрининг тарихий осори-атиқалари, ўзбек халқининг урф-одат ва анъаналари тўғрисида батафсил маълумот берилди.
– Афросиёб харобаларидан топилган эрамиздан аввалги VII асрга оид 7 дона шатранж тошлари дунёдаги энг қадимги шахмат доналари эканлиги маълум бўлди.
12 март – Самарқанд шаҳрида Жанубий Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ҳамкорлигида барпо этиладиган касб-ҳунарга ўқитиш маркази қурилиши бошланди.
– Самарқанд шаҳрида "Банк – мижозучун" шиори остида банк технологиялари ва хизматлари ҳудудий "BankExpo – 2015" миллий кўргазмаси бўлиб ўтди.
13 март – Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг учинчи сессиясида вилоят прокуратураси органларининг 2014 йилда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги ахбороти ҳамда Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) минтақавий вакиллигининг 2014 йилдаги ишлари тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.
14-15 март – мамлакат бўйлаб ўтказилган умумхалқ ҳашарида Самарқанд вилоятидан 1 миллион 844 минг нафардан зиёд киши қатнашди.
15-18 март "Ўзбек миллий кино кунлари" фестивали доирасида таниқли театр ва кино актёрлари, режиссёр ва санъатшунослар вилоятнинг бир қатор шаҳар ва туманларида бўлдилар.
21 март – Самарқанд шаҳрининг ўндан ортиқ масканларида Наврўз сайллари уюштирилди. Асосий байрам тадбири "Мўъжиза" амфитеатрида бўлиб ўтди.
–"Euronews" телеканали бошқарувчи директори Оливье де Маншенью Самарқандга келди.
29 март – Ўзбекистон Республикаси Президентлиги учун сайлов бўлиб ўтди. Вилоят ҳудудидаги 957 та сайлов участкаларида 2 миллион 113 минг нафарга яқин фуқаро (вилоят сайловчилари умумий сонининг 92 фоизи) овоз беришда қатнашди.
31 март – Самарқандда кутилмаганда ҳаво ҳарорати кундузи -4, кечаси -9 даражага тушиб қор ёғиши кузатилди. Деярли барча мевали дарахт гулларини совуқ урди. Бир қатор экинлар ҳам совуқдан зарарланди.
Ой давомида:
– 2015 йилда вилоятда 1 миллион 635 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари тайёрланди. Уларнинг 1,5 миллион тупи манзарали ва игнабаргли дарахт кўчатларидир.
– Иштихонлик фермер Мусурмон Юсупов туманнинг Қийқим ва Қўшработ туманининг Чилликчи қишлоқлари орасидаги 15 километр йўлга шағал тош тўкиб, таъмирлаб берди.
– 2015 йилнинг дастлабки уч ойи давомида 197 та хизмат кўрсатиш шахобчалари фаолияти йўлга қўйилиб, 589 та иш ўрни яратилди.
 

АПРЕЛЬ
2 апрель – Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти қурилиш материаллари, буюмлар ва конструкцияларни ишлаб чиқариш кафедраси ассистенти Синдор Ёқубов юқори самарали ишқорли ғовакли бетонлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.
2-3 апрель – Самарқанд шаҳридаги олимпия захиралари тайёрлаш марказида вилоят ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси бўлиб ўтди.
6 апрель – Марказий сайлов комиссиясининг "2015 йил 29 март куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари тўғрисида"ги Қарори эълон қилинди. Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланди.
9 апрель – Самарқанд шаҳрида Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 679 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди.
– вилоятнинг барча ахборот ресурс марказларида "Очиқ эшиклар куни" ўтказилиб, ушбу тадбир доирасида "Фарзандимга китоб совға қиламан" акцияси ташкил этилди.
10-30 апрель – Вилоят ўлкашунослик музейида "Баҳор неъматлари" кўргазмаси ўтказилди.
11 апрель – Самарқанд вилояти ҳокимининг "Вилоятдаги бозорлар ва савдо комплекслари маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатиладиган хизматларнинг янги миқдорларини белгилаш тўғрисида"ги қарори эълон қилинди.
14 апрель – Сўғдиёна истироҳат боғида "Майдон томошалари санъати" Республика фестивали бўлиб ўтди. Унда дорбоз жамоалари ва цирк санъати гуруҳлари иштирок этди.
– Тайлоқ педагогика касб-ҳунар коллежида "Ёш чегарачилар" Республика ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг вилоят босқичи ўтказилди.
– Самарқанд шаҳрида 1999-2000 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида ўтказилаётган велошоссе бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионатига старт берилди.
16 апрель – Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ёш олими Манучеҳр Бобокалонов ГИС технологиялари асосида электрон кўринишдаги аҳоли харитасини яратди. Ушбу харита ёрдамида ҳар бир хонадон ҳақида тўлиқ маълумот олиш мумкин.
– Самарқанд шаҳрида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ташаббуси билан "Кексалари эъзозланган юрт" номли маърифий кеча ўтказилиб, 60 нафар отахон ва онахонларга касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларга бепул йўлланма берилди. Яна қирқ нафар фахрийлар Самарқанднинг тарихий қадамжоларини зиёрат қилгач, Бухоро шаҳрига саёҳатга жўнаб кетди.
20 апрель – шу санадан бошлаб вилоят телерадиокомпаниясининг кўрсатувлари 06:00 дан 14:00 га қадар, кеч соат 18:00 дан 00:00 га қадар – 14 соатлик ҳажмда эфирга узатила бошланди.
21 апрель – вилоятда халқаро ва давлат аҳамиятига молик автомобиль йўллари 4090 километрни ташкил этади.
– "Камолот”- такси" лойиҳаси асосида Самарқанд шаҳрида ҳаракатланадиган йўналишсиз таксилар кун бўйи кексаларни ўз манзилларига бепул етказиб қўйди.
24 апрель – вилоятдаги барча таълим муассасалари, шаҳар ва туман марказларида "Камолот" – ёшларнинг суянчи ва таянчи!" шиори остида ёшларни "Камолот" ва "Камалак" аъзолигига қабул қилиш тантаналари бошланди.
25 апрель – Самарқандда "Адвокатуранинг долзарб масалалари: миллий ва халқаро тажриба" мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.
27 апрель – Самарқандда туман ва шаҳар ҳокимларининг ўн кунлик ўқуви бошланди.
 

МАЙ
1 май – Самарқанд шаҳри, Пастдарғом, Ургут, Пайариқ туманларида "Фавворалар сайли" байрами ўтказилди.
– бокс бўйича аёллар ўртасида Тошкентда ўтказилган халқаро турнирда самарқандлик Ёдгора Мирзаева олтин медални қўлга киритди.
2 май – 2015 йилнинг биринчи чорагида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 1 триллион 657 миллиард сўм (110,5 фоиз)га етди.
– Ургутда ўтказилган меҳнат ярмаркасида 222 нафар коллеж битирувчилари ва бошқа фуқаролар ўзларига маъқул иш билан таъминланди.
5 май – Самарқанд шаҳридаги Фарҳод шаҳарчасида стерил инфузион қоришмалар ишлаб чиқарувчи "SamarkandEnglandEkomedical" Ўзбекистон-Буюк Британия қўшма корхонаси иш бошлади. 250 киши меҳнат қиладиган ушбу корхона 12 миллион флакон қоришма ишлаб чиқариш қувватига эга.
5-6 май – Самарқанддаги "Шарқ юлдузи" кинотеатрида Германиянинг "Шлингель" халқаро кинофестивали ва "Ўзбеккино" миллий агентлиги билан ҳамкорликда болалар ва ёшлар учун немис кино кунлари ўтказилди.
– вилоятда архитектор ва шаҳарсозлар учун янги мажмуа ишга тушди.
6 май – Ўзбекистон Респубикаси Президенти соврини учун "Ташаббус-2015" кўрик-танлови вилоят босқичи ўтказилди. Унда асосий йўналишлардан ташқари яна саккизта қўшимча номинация бўйича ғолиблар аниқланди.
– вилоят тадбиркорлари сони 15,6 минг нафарга етди.
8 май – Самарқанд шаҳридаги 8-оилавий поликлиниканинг янги биноси фойдаланишга топширилди.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан корхона ва ташкилотлар, муассасаларда тадбирлар ўтказилди. Асосий байрам тантаналари иштирокчилари вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
12 май – вилоятдаги 500 нафардан ортиқ иқтидорли ва ташаббускор ёшлар "Юрт келажаги" Республика кўрик-танловининг вилоят босқичида иштирок этди. Улардан 33 нафари Республика босқичига йўл олди.
13 май – Самарқанд шаҳрида Профессионал теннисчилар уюшмаси (АТР) мусобақалари тақвимидан жой олган "Челленжер" халқаро турнирининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Мусобақада иштирок этиш учун дунёнинг 19 давлатидан 60 га яқин спортчи ташриф буюрди.
16 май – Тошкентда ўтказилган "Ўзбек жанг санъати" бўйича Ўзбекистон чемпионатида самарқандликлар 7 та олтин, 10 та кумуш ва 14 та бронза медалларини қўлга киритди.
17 май – Урганч шаҳрида ўтказилган 1996-1997 йилларда туғилган ўғил-қизлар ўртасидаги дзюдо кураши бўйича Ўзбекистон чемпионатида вилоятнинг ўғил болалар жамоаси иккинчи, қизлар жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди.
18 май – вилоятдаги барча музейлар "Очиқ эшиклар куни" муносабати билан аҳолига бепул хизмат кўрсатди.
– "Тошкент-Самарқанд-Тошкент" йўналишида ҳаракатланувчи "Афросиёб" тезюрар поезди дам олиш кунлари мазкур йўналишда кунига уч марта ҳаракатланадиган бўлди.
– Тайлоқ туманида қурилган янги усти ёпиқ футбол майдончаси тумандаги замонавий мини стадионларнинг тўртинчиси бўлди.
21 май – Самарқанд шаҳрида ўтказилган бўш иш ўринлари ярмаркасида 310 та корхона ва ташкилот 3828 та бўш иш ўринлари билан иштирок этди. Шу куни 410 нафар фуқаролар ўзларига мос иш жойларига эга бўлди.
22май– вилоят ҳокимиЗ.Мирзаеввилоят телерадиокомпанияси орқали ишбилармонликмуҳитини янадаяхшилаш,унга тўсиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этиш масалаларибўйичааҳолибиланбевосита телемулоқот ўтказди.
22-24 май – вилоятда ўтказилган "Биз буюк юрт фарзандларимиз!" шиори остидаги ёшлар фестивали энг чекка ҳудудларгача етиб борди. Унда ёшлар пойтахтдан ташриф буюрган жамоат арбоблари, ижодкорлар, санъаткорлар, театр ва кино актёрлари билан учрашди. Пайариқ туманидаги истироҳат боғи ҳамда Ургут туманидаги Мирзабоғлон-Чеп маҳалласидаги амфитеатрда гала-концерт ташкил этилди.
23 май – Самарқанд шаҳридаги 60-умумтаълим мактаби ўқувчиси Шаҳбоз Фахриев "Президент асарларини ўрганамиз" кўрик-танловининг Республика босқичида олий даражадаги диплом билан тақдирланди.
26 май – 2015 йилнинг шу кунига қадар вилоятда 34 марта бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилиб, ишга жойлашиш учун 1705 кишига йўланмалар берилди.
– АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен хоним Самарқанд давлат университетига ташриф буюрди.
– Самарқандлик талабалар имзони аниқлаш учун дастурий таъминот ихтиро қилдилар.
28 май – Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида паралимпиячиар ўртасидаги бутунжаҳон ўйинларида Самарқанд давлат университети талабаси Ўткиржон Неъматов дзюдо бўйича олтин медалга сазовор бўлди.
29-30 май – вилоятда "Кексаларни эъзозлаш йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, "Баркамол авлод тарбиясида миллий ва маънавий қадриятларнинг ўрни" мавзусида илмий-амалий семинар, кўргазма ва давра суҳбатлари бўлиб ўтди.
– Самарқанд шаҳрида "Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор" шиори остида анъанавий китоб байрами ўтказилди.
 

ИЮНЬ
1 июнь – вилоят ҳокими З.Мирзаев Тайлоқ туманидаги Ғўлба қишлоқ фуқаролар йиғинида аҳолини қабул қилди.
– Самарқанд шаҳридаги "Бофанда" масъулияти чекланган жамияти 2015 йилнинг ўтган даврида қарийб 100 минг долларга тенг маҳсулот экспортини амалга оширди.
2 июнь – Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тўртинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимининг "Вилоят маҳаллий бюджет параметрларининг 2015 йил 1-чоракдаги ижроси тўғрисида"ги тақдимномаси кўриб чиқиб, тасдиқланди. Биринчи чоракда вилоят маҳаллий бюджетининг даромадлари қисми прогонози 102 фоизга бажарилган бўлса, харажатлар қисми 91,4 фоизга ижро этилди.
3 июнь – "Тадбиркор аёллар" фестивалининг вилоят босқичида 42 нафар тадбиркор хотин-қизларнинг лойиҳалари ўрганиб чиқилиб, уларнинг 16 нафарига тижорат банкларидан имтиёзли кредит олишлари учун сертификатлар берилди.
– Самарқанд қишлоқ хўжалик институтидаЖанубий Кореянинг Кангвон университети билан ҳамкорликда халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда икки давлат олимлари қишлоқ хўжалигида янги инновацион технологияларини ишлатиш ва сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш масалаларини муҳокама этдилар.
4 июнь – Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ)нинг IX халқаро кенгаши Самарқандда ўтказилди.
– вилоят Матбуот уйида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ташаббуси билан "Оммавий ахборот воситалари – жамият кўзгуси" мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
6 июнь – Қарши шаҳрида ўтказилган 1999-2000 йилларда туғилган ўсмирлар ва қизлар ўртасидаги самбо бўйича Ўзбекистон чемпионатида Самарқанд шаҳар кураш мактаби ўқувчилари Фирдавс Ҳожимаматов ва Зарбуви Мардиева ўз вазн тоифасида мамлакат чемпиони бўлди.
– Самарқанд шаҳридаги Чўпон ота масканида Қозоғистон ишбилармонлари билан ҳамкорликдаги учинчи корхона – устав фонди 500 минг долларлик асфальт-бетон ва битум маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Samarqand-Turkiston-do’stlik” корхонаси рўйхатга олинди. Қарийб 50 кишини иш билан таъминлайдиган корхона вилоятдаги хорижий инвестиция иштирокидаги 192-корхона бўлди.
– Пастдарғом туманидаги Искандари маҳалласида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 98 миллион сўм маблағ эвазига янги сув иншооти тармоғи фойдаланишга топширилди.
9 июнь – Самарқанд шаҳрида "Янги аср истеъдодлари" кўрик-танловининг Республика босқичи ўтказилди.
11 июнь – Ургут туманида инвестиция дастури асосида барпо этилган 100 ўринли туғруқ мажмуаси, 150 қатновга мўлжалланган кўп тармоқли марказий поликлиника биноси фойдаланишга топширилди.
13 июнь – Нарпай туманида 60 ёшдан ошган отахонлар ўртасида уч кураш мусобақаси ўтказилди.
14 июнь – Булунғур туманидаги Қирқшоди маҳалласида яшовчи Жўраевлар хонадонида уч нафар эгизак туғилди.
- Ҳамид Олимжон номидаги вилоят давлат драма ва мусиқа театрининг "Қоб-ИЛ" (Ака-укалар) спектакли Тошкентда ўтказилган "Сени куйлаймиз, замондош!" Республика кўрик-фестивалида ғолиблар сафидан жой олиб 2016 йил Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Халқаро театрлар фестивалига тавсия қилинди.
23 июнь – Каттақўрғон шаҳридаги Ингичка қўрғонида "Иқтидорли ёшлар – қудратли мамлакат таянчи" шиори остида ёшлар фестивали бўлиб ўтди.
– 2014-2015 ўқув йилида вилоятдаги 158 та касб-ҳунар коллежини 110 мутахассислик бўйича 58 минг 86 нафар ёшлар битирди.
29 июнь – Самарқанд вилоят телерадиокомпанияси телеканали эфир вақти 14 соатдан 18 соатга узайтирилди.
30 июнь – Халқаро гиёҳвандликка қарши курашиш куни муносабати билан вилоятнинг шаҳар ва туманларида "Баркамол авлод — гиёҳвандлик ва чекишга қарши!" шиори остида ёшлар акцияcи ўтказилди. 
 

ИЮЛЬ
1 июль – вилоятда йилнинг ўтган даврида ташкил этилган агрофирмаларда 314 та янги иш ўринлари яратилди.
4 июль – "Лойиш деҳқон бозори"да гўшт маҳсулотлари билан савдо қилувчи 20 ўринли янги мажмуа фойдаланишга топширилди.
9 июль – Туркияда ўтказилган Шарқ яккакураш турлари бўйича Европа очиқ чемпионатида вилоятнинг "Ўзбек жанг санъати" жамоаси 10 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза медални қўлга киритди.
11 июль – Самарқанд туманида ўтказилган умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасидаги "Йўл ҳаракати ёш назоратчилари" Республика танловида Самарқанд вилояти вакиллари биринчи ўринни қўлга киритди.
– йилнинг шу кунига қадар вилоятдаги шаҳар ва туманлар хотин-қизлар қўмиталари қошида ташкил этилган "Аёллар маслаҳат марказларига" 200 га яқин мурожаатлар тушган.
– Пайариқ туман кўптармоқли марказий поликлиникасида ўтказилган саломатлик ҳафталигида 347 нафар кексалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтди.
18 июль – Самарқанд вилоятида муомалага чиқарилган пластик карточкалар сони 1 миллион 176 минг донага етди. Банк, минибанк, чакана савдо ва хизмат кўрсатиш субъектларидаги тўлов терминаллари сони эса 13 788 тани ташкил этади.
– Самарқанд шаҳридаги Концерт залида "Ягонасан, муқаддас Ватан!" кўрик-танловининг вилоят босқичида нарпайлик Хуршид Гадоев "Ўзбекистон" қўшиғи билан биринчи ўринни эгаллади.
21 июль – Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг бешинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда вилоят маҳаллий бюджети ижросини таъминлаш, 2015 йилнинг кейинги даврида маҳаллий бюджет даромадлари ва харажатлари ижроси, аҳоли бандлигини таъминлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни тартибга солиш масалалари кўриб чиқилди.
25 июль – Ватанимиз мустақиллигининг йигирма тўрт йиллиги олдидан “Бетакроримсан, ягонасан, она-Ватаним-Ўзбекистоним!” шиори остида маънавий тарғибот тадбирлари ўтказилди.
28 июль – Тошкентда ўтказилган "Йилнинг энг фаол маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари" Республика кўрик-танловида Самарқанд туманидаги 2-умумталим мактаби директори ўринбосари Ситора Зафарова иккинчи ўринни қўлга киритди.
29 июль – "Ўзавтосаноат" акциядорлик компанияси билан Япониянинг "Isuzu Motors LTD." Компаниясиўртасида"Самарқандавтомобиль заводи" масъулияти чекланганжамиятиустав капиталидаги8фоиз улушнисотиб олиш тўғрисида битимимзоланди.
Шу куни сиқилган табиий газ билан ишловчи илк "Isuzu" автобусининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
30 июль – Ургут туманидаги "Urgut – CHina cartons" Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасида саноат чиқиндисидан мевани қайта ишлаш корхоналари учун қадоқлаш ва ўров қутилари тайёрлаш йўлга қўйилди.
31 июль – Хитой Халқ Республикасининг Чанчунь шаҳрида математика фанидан ўтказилган халқаро мусобақада Каттақўрғон шаҳридаги 17-ихтисослаштирилган мактабнинг 8-синф ўқувчиси Жаҳонгир Тўраев кумуш медални қўлга киритди.
 

АВГУСТ
1 август – вилоятдаги олий ўқув юртлари қабул комиссияларига 5805 ўрин учун 52498 нафар абитуриент тест синовлари топширди. Вилоят миқёсида ҳар бир ўрин учун ўртача 9-10 абитуриент синовдан ўтишига тўғри келди. Бу борада энг юқори кўрсаткич Самарқанд давлат университетида (12,5) кузатилди.
– Инвестиция дастури асосида Нарпай туманидаги бешта қишлоқда сув миноралари бунёд этилди.
– Самарқанд шаҳрида Паралимпия спортчилари ўртасида спортнинг сузиш тури бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида Самарқанд вилояти вакиллари 16 та медални қўлга киритиб, биринчи ўринга сазовор бўлди.
4 август – Самарқанд шаҳридаги кўчалар ёқаларига 100 минг тупга яқин питуния, катарантус, райҳон, астра каби гул кўчатлари ўтқазилди.
5 август – Самарқанд шаҳридаги "Афросиёб" спорт мажмуасида 60 ёшдан юқори кексалар иштирокида шахмат, шашка ва стол тенниси бўйича спорт мусобақалари ўтказилди.
6 август – вилоят ҳокимлиги томонидан аҳоли дастурхонига сифатли ва арзон қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етказиб бериш мақсадида шаҳар ва туман марказларидаги бозорларда "Фермер растаси" ташкил этилди.
– Босния ва Герцоговина пойтахти Сараево шаҳрида ўтказилган дзюдо бўйича жаҳон чемпионатида пастдарғомлик Диёра Келдиёрова олтин медални қўлга киритиб, жаҳон чемпиони бўлди.
8 август – Самарқанд туманида умумий майдони 4,5 гектарлик "Вавильон" дам олиш мажмуаси барпо этилди. Мажмуа таркибида 10 та чўмилиш ҳавзаси мавжуд.
– Самарқанд шаҳридаги "Шарқ" маҳалласи "Энг намунали ўзини ўзи бошқариш органлари" танлови вилоят босқичида 1-ўринни эгаллади.
10-15 август – вилоятда "Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин" шиори остида бепул чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилди.
14 август – вилоят Матбуот уйида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ ёзувчиси Муҳаммад Али бошчилигидаги бир гуруҳ пойтахтлик фахрий ижодкорлар билан учрашув бўлиб ўтди.
15 август – Хитойнинг Уланчаб шаҳрида ўтказилган бокс бўйича аёллар ўртасидаги Осиё чемпионатида Самарқанд олимпия захиралари коллежи битирувчиси Ёдгорой Мирзаева бронза медальни қўлга киритди.
22 август – Андижон шаҳрида ўтказилган ўзбек жанг санъати бўйича "Бобур Мирзо кубоги" Республика турнирида самарқандликлар умумий ҳисобда иккинчи ўринни эгаллади.
– Фарангиз Шамсиева Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёш истеъдодлар учун "Ниҳол" мукофоти совриндори бўлди.
22-23 август – Умумхалқ хайрия ҳашарида Самарқанд вилоятидан 1 миллион 600 мингдан зиёд аҳоли иштирок этди. Ҳашарда 2 464 гектар майдон ободонлаштирилиб, 1385 та кам таъминланган хонадонларга мурувват ёрдами кўрсатилди.
25 август – "Қомус" адвокатлар ҳайъати адвокати Ғанихон Маъдиев "Йилнинг энг яхши адвокати" Республика кўрик-танловида биринчи ўринни қўлга киритди.
– Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивалига бағишланган кўргазма очилди.
– Самарқанд темир йўл вокзалида "Шарқ тароналари" Х халқаро мусиқа фестивали иштирокчилари тантанали кутиб олинди.
28 август – Регистон майдонида "Шарқ тароналари" Х халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ҳамда ЮНЕСКО бош директорининг ўринбосари Эрик Фальт иштирок этди.
25-30 август – "Шарқ тароналари" Х халқаро мусиқа фестивали иштирокчилари Самарқанд шаҳри, Ургут, Тайлоқ, Жомбой, Самарқанд ва Оқдарё туманларида концерт дастурлари намойиш этди.
29 августь – ёзги соғломлаштириш мавсумида вилоятдаги 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган 22 500 нафар бола оромгоҳларда дам олди.
30 август – "Шарқ тароналари" Х халқаро мусиқа фестивалининг бош соврини — Гран Прини Хитойнинг "JiangsuWomen`sOpchestra" гуруҳи қўлга киритди.
 

СЕНТЯБРЬ
1 сентябрь – вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида мустақиллик байрами кенг нишонланди. Байрам арафасида вилоят миқёсида 150 та савдо, хизмат кўрсатиш ва ижтимоий объектлар фойдаланишга топширилди.
2 сентябрь – олий ўқув юртларида 5805 нафар, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида 54703 нафар ёшлар ҳамда умумтаълим мактабларида 72 738 нафар ўқувчилар илк маротаба ўқув дарсларида иштирок этдилар.
– Жомбой тадбиркорлик касб-ҳунар коллежида илк дарс вилоят ҳокими З.Мирзаев иштирокида ўтди. Шунингдек, яна бир қатор таълим муассасаларида Ўрта-махсус таълими вазири М.Иноятов, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид мустақиллик дарси ўтди.
5 сентябрь – Наманган шаҳрида ўтказилган “Ишбилармон талаба — 2015” стипендияси кўрик-танловининг Республика босқичида самарқандлик уч нафар ўқувчи ғолиб бўлди.
–вилоят олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 996 нафар талабага 3 миллиард 600 миллион сўм таълим кредити берилди.
– Нарпай туман прокурори Шермат Жумаев "Йилнинг энг яхши прокурори" Республика танлови ғолиби бўлди.
6 сентябрь – Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, вилоят ҳокимлиги ва "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ҳамкорлигида вилоятдаги барча туман ва шаҳарларда “Нима қилдик Ватан учун?” ёхуд “Биз, ёшлар гиёҳвандлик ва терроризмга қаршимиз!” шиори остида ёшлар фестивали ўтказилди.
8 сентябрь – Жанубий Кореяда ўтказилган Бутунжаҳон Шарқ якка курашлари спорт фестивалида "Ўзбек жанг санъати" бўйича мамлакатимиз терма жамоаси сафида иштирок этган Самарқанд вилояти спортчилари Шерзод Қурбонов ҳамда Зарина Зубайдуллаева иккитадан олтин ва биттадан бронза медални қўлга киритди.
– Каттақўрғон шаҳридаги Очилди Мирий маҳалласида XVII асрда қурилган тарихий ҳаммом тубдан қайта таъмирланиб фойдаланишга топширилди.
10 сентябрь – "Камолот – ТУР" VIII миллий ёшлар веломарафонининг вилоят босқичида 500 нафардан ортиқ ўқувчи ёшлар иштирок этди.
– Самарқанд шаҳрида "Фуқаролик жамиятини шакллантириш ҳамда давлат ва жамият қурилишида хотин-қизларнинг ўрни: Ўзбекистон тажрибаси" мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
10-12 сентябрь – вилоятдан Ҳаж зиёратига борувчи 400 нафар фуқаролар Самарқанд халқаро аэропортидан Саудия Арабистонига кузатилди.
12 сентябрь – Латвиянинг Юрмала шаҳрида ўтказилган халқаро рақс танловида оқдарёлик Мадина Қаноатова ғолиблар сафидан жой эгаллади.
– Буюк Британиянинг «Telegraph.com» сайти саёҳат қилиш учун дунёнинг 25 та энг гўзал ва қулай жойлари рўйхатини эълон қилди. Ушбу рўйхатдан Самарқанд шаҳри ҳам ўрин эгаллади.
– Новокузнецкнинг «ЕВРАЗ» компанияси Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари ўртасидаги темир йўл тезюрар поездлари учун 25 метр узунликдаги рельслар етказиб бериш бўйича шартнома имзолади.
– Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан болаларни ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш ташкилотчиларининг V Республика форумида вилоят вакиллари 14 номинациядан 7 тасида ғолиб бўлди.
Хусусан, "Баркамол авлод" оромгоҳи "Энг намунали болалар оромгоҳи" бўлди.
17 сентябрь – Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиалида “ICTWEEK Uzbekistan — 2015” анъанавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида «ICTExpo – 2015» ахборот технологиялари миллий кўргазмаси бўлиб ўтди.
– "Кексаларни эъзозлаш йили" Давлат дастури асосида Ургут, Пастдарғом ва Қўшработ туманларида "Кексалар дорихонаси" ташкил этилди.
22 сентябрь – 2002-2003 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасидаги спортнинг чим устида хоккей тури бўйича Ўзбекистон кубогида вилоят жамоаси биринчи ўринни эгаллади.
25 сентябрь – Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан вилоятдаги 12 мингдан зиёд кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар ва ёлғиз кексаларга 415 миллион сўмликдан зиёд моддий ёрдам кўрсатилди. Меҳрибонлик, "Мурувват" ва "Саховат" уйларида яшовчиларга эса 35 миллион сўмлик совғалар тарқатилди.
26 сентябрь – "GVMANAuto – Uzbekistan" қўшма корхонаси автобетонасосларни ишлаб чиқаришни бошлади. Янги техника тайёрланган бетон қоришмасини турли баландлик ва узунликка етказиб бериш учун мўлжалланган.
29 сентябрь – Босния ва Герцоговина давлатида ўтказилган юнон-рум кураши бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида пастдарғомлик Тўрабек Тиркашев жаҳон чемпиони бўлди.
 

ОКТЯБРЬ
9 октябрь – Ургут туманида ёшлар ўртасида "Фаровон ҳаёт тарафдоримиз" фестивали бўлиб ўтди.
10 октябрь – Самарқанд шаҳрида "Гулла, жонажон Самарқанд" деб номланган VII гуллар байрами ўтказилди.
– Пастдарғом туманида БМТ ва Қишлоқ хўжалик вазирлигининг «Зарафшон дарё ҳавзаси учун сув ресурсларини интеграциялашган ҳолда бошқариш ва тежаш режаси» лойиҳаси доирасида тумандаги Канал ёқа, Сайрам қишлоқларида ичимлик суви ва ундан фойдаланиш хусусида семинар-тренинглар ўтказилди.
– Тайлоқ туманининг Қўрғонча маҳалласида темир-бетон плиталари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
12 октябрь – Латвиянинг Рига шаҳрида ёшлар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилган самбо бўйича жаҳон чемпионатида Самарқанд олий маҳорат спорт мактаби тарбияланувчиси Жаҳоной Туркманова олтин медалга сазовор бўлди.
14 октябрь – "Euronews" телеканалининг тасвирга олиш гуруҳи томонидан Самарқанд, Бухоро ва Термиз тарихий шаҳарлари ҳақида кўрсатувлар тайёрланди. Ушбу кўрсатувлар дунёнинг 155 мамлакатидаги 370 миллиондан ортиқ аудиторияга эга телеканал орқали 13 тилда эфирга узатилади.
17 октябрь – нурободлик Сардор Худойбердиев Малайзияда спортнинг армрестлинг тури бўйича ўтказилган 37-жаҳон чемпионатида мутлақ ғолибликни қўлга киритди.
18 октябрь – Самарқанд шаҳри куни кенг жамоатчилик томонидан муносиб кутиб олинди. Жумладан, саховат ва меҳрибонлик уйларида байрам тадбирлари ўтказилди.
22 октябрь – вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан улкан ҳаётий тажрибага эга бўлга кексалардан иборат тарғибот гуруҳлари ташкил этилди.
– вилоят деҳқонлари 235 минг тонна пахта етиштирди.
 

НОЯБРЬ
1 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида Америка Қўшма Штатлари давлат котиби Жон Керрини қабул қилди.
Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида Марказий Осиёнинг беш мамлакати ва Америка Қўшма Штатлари ташқи сиёсат маҳкамалари учрашуви бўлиб ўтди.
3 ноябрь – Халқ депутатлари вилоят кенгашининг олтинчи сессиясида вилоят маҳаллий бюджетининг 2015 йилнинг 9 ойдаги ижроси кўриб чиқилди.
– Тошкент шаҳрида ўтказилган "Маҳалланинг энг ораста қизлари" Республика анжуманида вилоят қизлари "Энг билимдон қизлар" номинациясида ғолиб бўлди.
5-6 ноябрь – Тошкентда ўтказилган халқаро инвестициявий форум иштирокчилари Самарқандда ҳам бўлиб, инвестиция киритиш таклиф этилаётган корхоналар фаолияти, хорижлик ишбилармонлар учун яратилган қулайлик ва имтиёзлар билан танишди.
7 ноябрь – Самарқандда Хитой тасвирий санъат миллий академияси ва рассомлар уюшмаси вакилларидан иборат делегация меҳмон бўлди.
10 ноябрь – Россиянинг Сочи шаҳрида Шарқ якка кураш турлари бўйича ўтказилган XII халқаро чемпионатда вилоят спортчилари 3 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритди.
– Самарқанд олий спорт маҳорат мактаби тарбияланувчиси Темурхон Тўраев Эронда ўтказилган кураш бўйича жаҳон чемпионатида олтин медалга сазовор бўлди.
– "Энг яхши маданият ва истироҳат боғи” кўрик-танловининг Республика босқичида Пастдарғом туманидаги "Ёшлар" истироҳат боғи 1-ўринга муносиб деб топилди.
18 ноябрь – Ўзбекистонга ташриф буюрган Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Муҳаммад Навоз Шариф Самарқандга ҳам келиб, бир қатор тарихий обидалар ва зиёратгоҳларни томоша қилди.
21-23 ноябрь – Самарқанд шаҳридаги 1-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Мадина Қаноатова Латвиянинг Рига шаҳрида ўтказилган "Дебют премиум – 2015" халқаро кўрик-танловида Гран При соҳиби бўлди.
24 ноябрь – Самарқанд шаҳрида Польша ва ўзбекистонлик ишбилармонларнинг учрашуви бўлиб ўтди.
24-25 ноябрь – Самарқанд давлат университетида "Узлуксиз таълим сифат ва самарадорлигини оширишнинг назарий муаммолари" мавзуида вазирлик миқёсида илмий конференция бўлиб ўтди.
30 ноябрь – Халқ депутатлари вилоят ва туманлар Кенгашларининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда фермер хўжаликларига доир бир қатор масалалар кўриб чиқилди.
                     Ой давомида:
- Россиянинг НТВ телеканали ижодкорлари Самарқандда “Поедем, поедим” кўрсатувининг навбатдаги сонини суратга олди.
- “Би-Би-Си Шотландия” телекомпаниясининг 4 кишидан иборат тасвирга олиш гуруҳи ижодкорлари Самарқандда бўлиб, шаҳардаги диққатга сазовор жойларни тасвирга туширдилар. Телекомпания томонидан Ўзбекистоннингбой маданий мероси ҳамда туристик имкониятлариҳақида ҳужжатли фильмтайёрланди.

ДЕКАБРЬ
3 декабрь – Самарқанд шаҳрида ўтказилган бокс бўйича Ўзбекистон чемпионатида вилоят вакили Улуғбек Ҳақбердиев мамлакат чемпиони бўлди.
4 декабрь – Ҳамид Олимжон номидаги вилоят давлат мусиқа ва драма театри биносида хайрия марафони бўлиб ўтди.
5 декабрь – Каттақўрғон шаҳридаги 13-умумтаълим мактаби директори Фируза Салимова "Йилнинг энг яхши мактаб директори", Тайлоқ туманидаги Иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежи директори ўринбосари Меҳрожиддин Омонов "Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси" Республика кўрик-танловлари ғолиби бўлди.
10 декабрь – Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси таркибидаги "Эко-энергия" илмий-тадбиқий маркази томонидан Республика оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида Самарқанд шаҳрида экологик тоза энергия манбаларини жорий қилиш ва ривожлантиришга бағишланган медиа-тур ўтказилди.
15 декабрь – "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бош мутахассиси Фароғат Шокирова "Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси" кўрик-танловининг Республика босқичида ўз йўналиши бўйича биринчи ўринни эгаллади.
– "Азия медик нео" хусусий тиббиёт муассасаси вилоятда йилнинг энг яхши нодавлат тиббиёт муассасаси деб тан олинди.
23 декабрь – Самарқанд шаҳрига 885 дона Президент соқғалари келтирилди.
27 декабрь – “Самарқанд ифтихорлари” анъанавий тадбири бўлиб ўтди. 400 нафардан кўпроқ иштирокчиларнинг 74 нафарига фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар улашилди.
29 декабрь – “Самарқанд” ресторанида “Президент арчаси” асосий байрам тадбири ўтказилди. 250 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари иштирок этди.

УЛАР ДАВЛАТ МУКОФОТИ БИЛАН ТАҚДИРЛАНДИЛАР
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2015 йил 12 январдаги “Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига кўра, соҳа вакилларидан бир гуруҳи давлатимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан тақдирланди.
Мукофотланганлар орасида Самарқанд вилоятидан қуйидагилар бор:
 
“ЖАСОРАТ” медали
Қаршиев Мақсуд Абдимуратович - вилоят ички ишлар бошқармаси алоҳида вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди катта мутахассиси
 
«СОДИҚ ХИЗМАТЛАРИ УЧУН» медали
Жалилов Акбаржон Қодирович – Иштихон тумани ички ишлар бўлими профилактика катта инспектори
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2015 йил 25 август куни «Ўзбекистон қаҳрамони» унвонини бериш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Фармонга биноан:
Каттақўрғон туманидаги “Ҳосил” фермер хўжалиги бошлиғи Аваз Ҳосилов "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони билан тақдирланди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 25 августдаги «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат, маънавият ва маърифат, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги Фармонига кўра, Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, миллий ғояни ривожлантириш, маънавиятимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш йўлида катта ҳисса қўшган, ёрқин истеъдоди ва ижоди, илмий фаолияти, ҳалол хизмати, ёшларни она юртга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш ҳамда жамоат ишларидаги фаол иштироки учун бир гуруҳ юртдошларимиз фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланди.
Улар орасида Самарқанд вилоятидан қуйидагилар бор:
 
«ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ХИЗМАТ КЎРСАТГАН ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ХОДИМИ»
Йўлдошева Раъно Болтаевна – Пахтачи туманидаги 21-умумий ўрта таълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси
 
ШУҲРАТ медали билан
Зиёддинов Шавкат Нажмиддинович – Республика Маънавият тарғибот маркази Қўшработ тумани бўлими тарғиботчиси
 Синдоров Анноқул Мийлиевич – Қўшработ тумани тиббиёт бирлашмаси «Шована» қишлоқ врачлик пункти мудири
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 2015 йил 26 августдаги «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги Фармонига кўра, мамлакатимиз иқтисодий салои юксалтириш ва ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш ишларидаги катта хизматлари, кўп йиллик самарали меҳнати билан қишлоқ ва сув хўжалиги, саноат, транспорт, алоқа ва қурилиш соҳаларини ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун давлатимизнинг юксан унвон, орден ва медаллари билан тақдирланган юртдошларимиз орасида Самарқанд вилоятидан қуйидагилар бор:
 
ЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ХИЗМАТКЎРСАТГАН ҚУРУВЧИ"
Исломов Даврон — «Бинокор» қурилиш-ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари
 
"ЭЛ-ЮРТ ҲУРМАТИ" ордени
Аллаяров Яхшинар Норбобаевич — Самарқанд давлат тиббиёт институти врачлар малакасини ошириш факультети доценти
 
"ФИДОКОРОНА ХИЗМАТЛАРИ УЧУН" ордени
Мукумов Суярбай Эгамбердиевич — Жомбой тумани йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш-фойдаланиш корхонаси бош муҳандиси
 
"МЕҲНАТ ШУҲРАТИ" ордени
Абулкасимов Шадихужа Турсунович — «Самарқанд автомобиль заводи» масъулияти чекланган жамиятининг йиғув мажмуаси бошлиғи
Негматов Шуҳрат Худойбердиевич — Иштихон тумани ҳокими
Горцунов Александр Эдуардович — «Самарқанднур» давлат унитар корхонаси участка бошлиғи
 
"ШУҲРАТ" медали
(Юз ёшдан ошганлар)
Нарбутаева БувсараБулунғур тумани
 
"ЖАСОРАТ" медали
 Эсанова Дилшода Мусабековна — Пайариқ туманидаги ҳунарманд-тикувчи
 
"ШУҲРАТ" медали
Довранова Манзура Абдуллаевна — "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фондининг Нуробод тумани таянч пункти директори
Жўраев Эркин — Каттақўрғон шаҳридаги "Навбаҳор" маҳалла фуқаролар йиғини раиси
Ишмуратова Зиёда Исраиловна — Пастдарғом тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси
Касимова Нигора Худойбердиевна — Самарқанд шаҳридаги «Bofanda» масъулияти чекланган жамияти тикувчиси
Тошев Акрам Бобамурадович — Пахтачи туманидаги «Пахтачисут» масъулияти чекланган жамияти директори
Тугилов Рахим Эргашевич — «JV MAN Auto-Uzbekistan» қўшма корхонаси бош муҳандиси
Умиров Абдихолиқ Зопирович — Иштихон туманидаги «Зоир-Мансур» қурилиш корхонаси раҳбари
Халиков Ахтам — Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бош агрономи
Холиқов Салимжон Усарович – “Зарафшон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармасининг “Нарпай-Навоий” ирригация тизими бошқармаси экскаватор машинисти
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 29 сентябрдаги “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига кўра, мамлакатимизда ёш авлоднинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтириш, уларни она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишларига қўшган салмоқли ҳиссаси учун давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медаллари билан тақдирланган юртдошларимиз орасида Самарқанд вилоятидан қуйидагилар бор:
 
“ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ХИЗМАТ КЎРСАТГАН ЁШЛАР МУРАББИЙСИ”
ТошмуродоваМалохат Носировна – Жомбойтуманидаги 51-умумий ўрта таълиммактабинингинглиз тили фани ўқитувчиси
 
«МЕҲНАТ ШУҲРАТИ» ордени билан
Маматкулов Абдулла – Булунғур туманидаги 22-умумий ўрта таълим мактабининг математика фани ўқитувчиси
 
«ДЎСТЛИК» ордени билан
Хамраев Қамардин Аблакулович – Самарқанд автомобилсозлик касб-ҳунар коллежи директорининг ишлаб чиқариш таълими бўйича ўринбосари
 
«ШУҲРАТ» медали билан
Амируллаев Абдулхак Камалович – Пайариқ туманидаги 44-умумий ўрта таълим мактабининг физика фани ўқитувчиси
Бойқобилова Лобар Тоштемировна – Оқдарё туманидаги 6-умумий ўрта таълим мактабининг биология фани ўқитувчиси
Кубаева Нилуфар Тошмуродовна – Иштихон маиший хизмат касб-ҳунар коллежининг махсус фан ўқитувчиси
Миршаева Нодира Ҳомидовна – Каттақўрғон туманидаги 2-умумий ўрта таълим мактабининг информатика фани ўқитувчиси
Талибов Гайрат Хамидович– Самарқанд шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар олимпия захиралари спорт мактабининг оғир атлетика бўйича бош мураббийи.
 
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2015 йил 27 августдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонига кўра, ҳуқуқий давлатни шакллантириш ва миллий қонунчиликни такомиллаштиришга, фуқароларнинг қонуний манфаатларини, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси, шунингдек, мамлакат Қуролли Кучларининг жанговар тайёргарлигини оширишдаги хизматлари, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш ва тинчликни таъминлаш, барқарорлик ва жамоат тартибини мустаҳкамлаш борасидаги хизмат бурчини бажариш чоғида мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатгани учун бир гуруҳ юртдошларимиз давлатимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан тақдирланди.
Улар орасида Самарқанд вилоятидан қуйидагилар бор:
 
«МАРДЛИК» ордени билан
Холбеков Беҳзод Бошмонович - Давлат божхона қўмитаси вилоят божхона бошқармаси контрабандага қарши курашиш бўлими бўлинмаси бошлиғи
 
«СОДИҚ ХИЗМАТЛАРИ УЧУН» медали билан
Рашидов Истам Багирович - вилоят прокуратураси прокуратура органлари тергов тармоқлари фаолияти устидан назорат бўлими бошлиғи
 
«ШУҲРАТ» медали билан
МахмудовИброхим Бустонович - Каттақўрғон тумани маҳалла фуқаролар йиғини “Маҳалла посбони” жамоат тузилмаси раҳбари
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 22 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси ички ишлар идоралари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ ходимларни мукофотлаш тўғрисида»ги фармонига кўра, мамлакатимизда жамоат хавфсизлиги, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги кўп йиллик фидокорона меҳнати, хизмат бурчини бажариш ва миллий манфаатларимизни ҳимоя қилишда мардлик ва жасорат кўрсатгани ҳамда ёш авлодни она Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга қўшган муносиб ҳиссаси учун давлатимизнинг орден ва медаллари билан тақдирланганлар орасида Самарқанд вилоятидан қуйидагилар бор:
 
«ЖАСОРАТ» медали билан
Халимов Алишер Анварович – вилоят ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бошқармаси ўта муҳим ишлар бўйича катта тезкор вакили.
 
«ШУҲРАТ» медали билан
Шарипов Суннатилло Махмудович – Самарқанд шаҳар ички ишлар бошқармаси ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисми бўлинма командири.


Охирги ўзгариш: 07/02/2016 20:50 Кўрилганлиги: 5130
 
 
Қидириш
Жами мурожаатлар: 1273 (100%)
Кўриб чиқилган: 1169 (92%)
Кўриб чиқилмоқда: 104 (8%)
 
Вилоят ҳокимлигининг умумий бўлими
 
 
 
mail@samarkand.uz
 
 
Электрон давлат хизматлари

Электрон давлат хизматлари
Очиқ маълумотлар
Онлайн тизимлар




 
 
 

    Сайтга баҳо беринг

Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 2
Мехмонлар: 12
 
Яндекс.Метрика
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг